O'zLiDeP депутати тикувчилик қилиш истагидаги фуқарога тикув машинаси совға қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наргиза Саломова "Кексаларга меҳр" акцияси доирасида Яккабоғ туманидаги Қашқадарё вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази фаолияти билан танишиб, муассасада яшаётган фуқаролар билан мулоқот қилди.
Учрашув давомида марказда яшовчи Шарофат Ўтаева тикувчилик билан шуғулланиш истагини билдириб, тикув машинаси олиш бўйича мурожаат қилди. Мурожаат қисқа муддатда ижобий ҳал этилиб, ҳомийлар кўмагида унга тикув машинаси тақдим этилди.
Шунингдек, марказда ногиронлиги бўлган аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Таъкидланганидек, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва меҳнат орқали ўз имкониятларини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш бундан буён ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.