Таълим тизимини янги босқичга кўтарадиган ташаббуслар илгари сурилди
Президентимиз раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу тадбирда мен ҳам қатнашдим.
Йиғилишда соҳадаги ҳар бир йўналиш атрофлича таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгиланди. Таълим тизимини янги босқичга кўтарадиган ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига эътибор қаратилиб, Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ва унинг 13 та ҳудудий маркази қайта ташкил этилди. Низомий номидаги олийгоҳ Миллий педагогика университетига айлантирилди. Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбари энди ушбу имкониятлар асосида барча педагогика олийгоҳлари фаолиятини тубдан ўзгартириши, ҳозирги факультетлар ўрнида аниқ, табиий, ижтимоий, филология, амалий фанлар, мактабгача ва бошланғич таълим бўйича 6 та олий мактаб ташкил қилинишини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари фанлар сони мақбуллаштирилиб, 20 тадан 15 тага, таълим йўналишлари 31 тадан 17 тага туширилади, ўқув юкламаси 20 фоизга қисқаради. Яқин ҳудуддаги мактаблар унинг амалиёт базасига айлантирилади. Институтнинг хорижий тил сертификати бор 20 нафар ўқитувчиси шу йил Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби давлатларга малака оширишга юборилади. Келгуси уч йилда барча профессор-ўқитувчилар чет элда ўқитилади. “Топ-100” талик университетларда малака ошириш ва таълим хизматларини олиш тўғридан-тўғри шартнома асосида бўлади.
Йиғилишда хусусий таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, олийгоҳлардаги педагогик йўналишлар давлат институтлари билан бир хил бўлиши, улардаги педагоглар ва талабалар билими ташқи диагностикадан ўтказилиши, бу орқали нодавлат олийгоҳларда педагог тайёрлаш сифати назоратга олиниши борасида вазифалар белгиланди.
Партиямиз сайловолди дастурида ҳам мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришни кафолатлаш, давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда истеъдодли ёшларни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юбориш каби устувор мақсадлар кўзда тутилган. Шу боисдан давлатимиз раҳбарининг таълим сифатини ошириш борасидаги барча ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари