Asosiy kontentga o‘tish
Жума 14-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат — ҳаётимизнинг устувор тамойиллари

26.09.2025
708

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқида нафақат Ўзбекистон, балки дунё аҳолиси ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган долзарб масалалар кўтарилди, асосли таклиф ва ғоялар илгари сурилди.

Унда янги Ўзбекистоннинг ёрқин қиёфаси, ташаббускор ҳамда жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётган давлат сифатидаги мавқеи кўрсатиб берилди. Давлатимиз раҳбари хавфсизлик, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари каби масалалар нафақат мамлакатлар, балки ҳар бир инсон ҳаётига дахлдорлигини айтиб ўтди.

Президентимиз ядровий хавфсизлик масаласи нафақат геосиёсий мувозанат, балки келажак авлоднинг тинч-осуда турмуши учун асос бўлишини эътироф этар экан, Афғонистонда тинчликнинг барқарорлиги Марказий Осиё учун хавфсизлик ва тараққиёт кафолати вазифасини ўташини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ғазо секторидаги гуманитар инқирозга барҳам бериш учун ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттириш юзасидан Ўзбекистон БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун — икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдори эканини маълум қилди. Украина атрофидаги вазият ҳам дипломатик йўллар билан ижобий ҳал этилишига умид билдирди.

Келажагимиз эгалари бўлган ёшлар учун минбар вазифасини ўтайдиган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” амалиётга татбиқ этилса, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат ҳаётимизнинг устувор ғоясига айланиши, ёш авлод қалби ҳамда онгига гуманизм, дўстлик, ишонч ва ҳурмат ғояларини сингдириш умумий вазифамиз экани эътироф этилди. Шу билан бирга, рақамли тараққиёт ва сунъий интеллектдан фойдаланишдаги тенгсизликка қарши халқаро ҳамкорлик механизмларини яратиш зарурлиги ҳам айтилди. Айни пайтда БМТни бугунги замон талаблари асосида янгилаш ҳақидаги фикри анжуман иштирокчиларининг қалбидаги гап бўлди.

Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги ривожига жиддий таъсир этибгина қолмай  ичимлик суви таъминоти ва болалар соғлигининг ёмонлашувига сабаб бўлиши айтилди. Дарҳақиқат, сув — дунё мамлакатларида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантиришнинг асосий омили ҳисобланади. Ҳароратнинг кўтарилиши, аҳоли сони ўсиши ва иқтисодиётнинг тез суръатларда ривожланиши сувдан оқилона фойдаланишни тақозо этаётир. Сув ресурсларининг йил сайин камайиб бораётгани дунё аҳолисини ташвишга солаётгани ҳам бор гап. Шу боис давлатимиз раҳбарининг иқлим ўзгариши муаммолари, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлиги ҳақидаги долзарб таклифлари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш мақсадида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди, 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар яратиш борасида амалий ишлар қилинаётир. Сув ресурслари масаласи бутун дунё халқларининг муаммосига айланиб борар экан, айни пайтда 2 миллиарддан зиёд аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланишдан маҳрум эканлиги барчани сергак торттириши керак. Мамлакатимизда сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш ва бу тадбирда сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш режалаштирилаётгани ҳам мазкур муаммони бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Юртимизда ҳам сув танқислиги йил сайин долзарб муаммога айланмоқда. Афғонистонда Қўштепа канали қурилиши сабаб вазият янада кескин тус олаётгани ниҳоятда ачинарли. Бунинг учун сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни янада яхшилаш борасида амалий ишларни янада кўпайтириш керак.

Яна бир муаммо — иқлим миграциясининг кучайиб бораётгани. Экологик ўзгаришларнинг салбий кўриниши бўлган мазкур йўналишда аниқ халқаро механизм ва ҳуқуқий база ҳозиргача мавжуд эмас. Ўзбекистон бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича глобал пакт қабул қилиш тарафдори экани билдирилди.

Президентимизнинг нуфузли минбардан янграган нутқи етакчи халқаро экспертлар, сиёсий арбоблар даврасида жиддий қизиқиш уйғотди. Нутқда келтирилган глобал ва минтақавий аҳамиятга эга таклиф ва ташаббусларда дунё халқларининг манфаатлари мужассам бўлиб, бу, ўз навбатида, Ўзбекистонимизнинг жаҳон айвонидаги обрў ва нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шуҳрат Асланов,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси,
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият
ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Сайтни янги дизайни ёқдими?