Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси: тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари учун

26.09.2025
1658

Жорий ҳафтада дунё мамлакатларининг эътибори Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясига қаратилди. Бунда иштирок этган БМТ вакиллари, давлат ва ҳукумат раҳбарлари дунё ва миллий даражадаги турли масалалар бўйича чиқиш қилдилар. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам жорий йилнинг 23 сентябрь куни мазкур 80-юбилей сессиясида нутқ сўзладилар. Бу муҳим сиёсий воқелик бўлиб, давлатимизнинг халқаро интилиш ва позициясини намоён этди.

Мазкур нутқ мазмунига тўхталишдан олдин Ўзбекистон — БМТ муносабатларига бироз тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, сўнгги саккиз йилдаги мамлакатимизда амалга оширилган туб демократик ислоҳотлар, янгиланишлар мамлакатимизнинг халқаро имижини янада юксалтирди. Кўплаб хорижий давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг тараққиёт тажрибасига юксак баҳо берилмоқда ҳамда экспертлар бизга ҳавас билан қарамоқдалар.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсий муносабатларда, хусусан, БМТ фаолиятининг барча соҳаларида фаол иштирок этмоқда ҳамда ўзининг янги-янги ташаббуслари билан ташкилот фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72, 75, 76 ва 78-сессияларида, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Олий даражадаги сегментида маъруза қилдилар. Куни кеча «Биргаликда яхшироқ: тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари учун 80 йил ва ундан кўпроқ» шиори остида ўтказилган 80-юбилей сессиясидаги маъруза Ўзбекистоннинг минтақа ва глобал муносабатлардаги фаол иштирокининг ёрқин намунаси бўлди.

Эътиборлиси, 2018-2025 йилларда мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди. Ушбу резолюциялар миллий ва глобал даражада тинчликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ишончли муҳофаза этиш, иқтисодий, маданий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиёда барқарор тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ ўртасида 2021-2025 йилларга мўлжалланган БМТ Барқарор ривожланиш бўйича дастур амалга оширилмоқда. Умуман олганда, бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жорий йилда Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда “БМТ-Аёллар” тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мамлакатимиз Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда.

“Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи” халқаро ташкилоти томонидан 2025 йил учун эълон қилинган Барқарор ривожланиш ҳисоботи рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичини 19 поғонага яхшилаб, 167 та мамлакат орасида 62-ўринни эгаллади. Ҳисоботда қайд этилганидек, Ўзбекистон 2015 йилдан буён Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақаларида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича энг тез суръатларда тараққиётга эришган давлат сифатида эътироф этилган. Ҳисоботда мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, гендер тенгликка эришиш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш, рақамли ва яшил иқтисодиётни жадал ривожлантириш, шунингдек, статистик маълумотларнинг очиқлигини ошириш соҳаларида эришилган ютуқлар алоҳида қайд этилди.

Зеро, Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасидаги ютуқлари Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг қамровли институционал ва таркибий ислоҳотларнинг натижасидир.

Давлатимиз раҳбари, аввало, БМТнинг 80-юбилей сессияси дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашаётган, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кечаётган, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошаётган, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бораётган шароитда бўлаётганлигига эътибор қаратдилар. Зеро, шу каби муаммоларни самарали ҳал этиш БМТнинг устувор мақсадларидандир. Шу боис, сўнгги йилларда ушбу ташкилот ўзининг нуфузини, муаммоларни ҳал қила олиш қобилиятини сақлаб қолиш бўйича фаол ҳаракат қилаётганлиги қайд этилди.

Бундай ташаббуслардан бири “БМТ – 80” ташаббуслари бўлиб, бу орқали БМТнинг тузилиши, вазифалари, ташкилотнинг фаолият самарадорлигини ошириш, мандатларни қайта кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш имкониятларини яхшилаш кабилар илгари сурилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, деб таъкидладилар.

Ушбу маърузада бир нечта йўналишлардаги билдирилган фикр ва ташаббуслар мамлакатимизни янада ривожлантириш, минтақавий ва глобал муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини ривожлантиришга қаратилгандир. Шу боис, уни қуйидаги йўналишларда кўриб чиқамиз:

Биринчидан, маърузада мамлакатимиздаги ислоҳотлар натижасида эришилган муҳим кўрсаткичлар қайд этилди. Булар қаторида камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилганлиги, таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзгаришлар, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш кабилар қайд этилди. Шу ўринда, 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киритиш бўйича қилинаётган ислоҳотлар урғуланди.

Бундан ташқари, инсон капиталини ривожлантириш бўйича қўлга киритилган натижалар эътироф этилди. Шунга мувофиқ, мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етганлиги ҳақида маълум қилинди.

Гендер сиёсатининг изчил давом эттирилиши баён этилди. Шу маънода, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлаш йўлида собитқадам эканлиги таъкидланди.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан саъй-ҳаракатлари натижасида Марказий Осиёда вужудга келган тинчлик, яхши қўшничилик муҳити алоҳида қайд этилди. Дарҳақиқат, бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқалари ишончли ривожланмоқда. Мамлакатларнинг ўзаро манфаатли алоқалари юқори даражада ривож топмоқда.

Минтақада ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил қилинмоқда, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Мисол тариқасида айтиш мумкинки, Марказий Осиё кейинги йилларда иқтисодий ўсиш ва фаол инвестиция марказларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Жумладан, охирги 7 йилда минтақа иқтисодиёти 6,3 фоиз ўсиб, 450 миллиард долларга яқинлашди. Ташқи савдо айланмаси икки баробар кўпайиб, қарийб 225 миллиард долларни ташкил этди.

Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айлангани ҳам умумий ютуғимиз сифатида эътироф этилди. Минтақа ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётганлиги қайд этилди.

Мазкур учрашувларда давлатимиз номидан билдирилган, минтақанинг барча халқлари манфаатига хизмат қилувчи қатор амалий таклифлар самараси ўлароқ, товарларни етказиб беришнинг ягона ва соддалаштирилган тартиб-қоидасига эга чегара савдо зоналари тизими яратилмоқда. Бундан ташқари маданият, санъат ва кино фестивалларини навбатма-навбат ўтказиш анъанаси ҳам йўлга қўйилган.

Учинчидан, маърузада глобал ва минтақавий ҳамкорлик, хавфсизликни таъминлаш, экологик муаммоларнинг ечимига эришиш бўйича ҳам сўз юритилди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон дунёнинг бир қисми, бизнинг тақдиримиз жаҳон ҳамжамияти билан бевосита боғланган. Шу боис, дунёда рўй бераётган муаммоларни эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари нутқларида Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига эътибор қаратдилар. Шунингдек, Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш масаласи алоҳида ўрғуланди. Зеро, ривожланган транспорт тизими минтақа иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўринга эга.

Бундан ташқари, Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳамда Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича мамлакатимизнинг позицияси билдирилди.

Маърузада терроризмга қарши кураш, “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш, Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш, сув ресурсларининг тақчиллиги каби масалаларига тўхтаб ўтилди.

Тўртинчидан, маърузадаги муҳим жиҳатлардан миллий ва минтақавий аҳамиятга эга муҳим ташаббуслар билдирилганлиги бўлди. Яъни, маърузада қуйидаги долзарб таклифларни илгари сурилди:

педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш;

Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш;

Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилиш;

БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича тузилган Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш;

Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш;

“Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш;

иқлим миграцияси масаласида кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш;

соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизми яратиш;

“Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш.

Эътиборга молик жиҳатлардан яна бири, давлатимиз раҳбарининг бу галги маърузаси ҳам ўзбек тилида айтилгани ҳар бир ватандошимизнинг қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Зеро, энг баланд жаҳон минбарида ўзбек тилидаги чиқишни эшитиш ҳар бир фуқаромизга қувонч бахш этади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттирамиз, деб таъкидланди. Шу борада, яқин ойларда минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилиши айтиб ўтилди.

Бинобарин, Ислом цивилизацияси маркази тимсолида юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда мужассам бўлмоқда. Ўйлаймизки, ушбу Марказ билан танишган ҳар бир инсон ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини чуқур англаш имкониятига эга бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат, буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш бўйича ташаббус билдирилди. Ушбу ташаббус ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ушбу улуғ бобокалонларимизнинг бой маънавий мероси орқали бугун биз биргаликда замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлидан борамиз.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб айтган сўзлари миллий ва умуминсоний ғоялар тарғиботига бағишланди. Шунингдек, унда халқимизнинг орзу ва интилишлари, азалий қадриятлари акс эттирилди. Яна бир муҳим жиҳати, маъруза дунёда рўй бераётган низо ва қарама-қаршиликларни ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат асосида ҳал этишга оид дадил чақириқ бўлди.

Қайд этиш зарурки, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланмоқда. Шу билан бирга, келажакда ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади. Мазкур билдирилган ғоялар миллий ва глобал даражада тинчлик ва дўстона мулоқот муҳитини ривожлантиришга, инсоният олдида турган глобал ва минақавий муаммоларга оқилона ечим топишга муҳим ҳисса бўлиб қўшилажак.

Хушвақт ҲАЙИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 
Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари
қўмитаси аъзоси

Сайтни янги дизайни ёқдими?