Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Бюджет харажатларини камайтириш тарафдоримиз!

30.09.2024
1076

Давлат бюджети маблағларини тўғри тақсимлаш ва мақсадли йўналтириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу солиқ тўловчилар маблағини тежаш билан бирга уни ишлатишда ижтимоий тенглик тамойилларига устуворлик беришга хизмат қилади.

Таъкидлаш керак, айрим ҳолатларда давлат хизматчилари, айниқса, катта-кичик амалдорларнинг бюджет ҳисобидан амалга оширадиган харидлари фуқаролар эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли, ЎзЛиДеП давлат хизматчиларининг бюджет ҳисобидан юқори нархдаги нарсалардан фойдаланишини чеклаш, қимматбаҳо автомобиллар ва телефонларни давлат ҳисобидан сотиб олишни тартибга солиш ташаббусини илгари сурмоқда.

Ҳар қандай жараён норматив ҳужжатлар билан тартибга солингандагина наф келтиради. Акс ҳолда сўзлигича қолиб кетаверади. Партиямизнинг бу борада илгари сураётган ташаббуси айни муаммога ҳуқуқий ечим ҳисобланади. Яъни, биз қайси ташкилот қандай автомобиль ёки бошқа техникаларни қанча миқдоргача харид қилиши мумкинлиги, бунда шаффофлик ва холислик биринчи ўринга қўйилиши билан боғлиқ мулоҳазаларни қонуний меъёрга айлантиришга интиламиз. Шунингдек, турли даражадаги раҳбарларга қимматбаҳо телефонлар ёхуд АКТдан фойдаланишни янада қулайлаштирадиган аксессуарларни давлат бюджети маблағи ҳисобидан сотиб олиш чекланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хорижий тажрибани таҳлил қиладиган бўлсак, қатор мамлакатларда давлат хизматчилари учун қимматбаҳо нарсалардан фойдаланиш тақиқланганини кўришимиз мумкин. Мисол учун, Осиё йўлбарси дея таърифланадиган Сингапурда, Европа Иттифоқида улкан мавқени эгаллаган Германияда давлат хизматчилари учун қатъий бюджет лимитлари жорий этилган. Уларда бюджет маблағлари фақатгина энг зарур, яъни кечиктириб бўлмас эҳтиёжлар учунгина сарфланади. Амалдаги қоидани бузган мутасаддилар қаттиқ жазоланади.

Аслида ривожланган мамлакатларда молиявий ресурслардан фойдаланишга масъуллар белгиланган тартибни бузса жазо муқаррарлигини билгани учунгина эмас, балки қонунга хилоф ҳаракат қилиш мумкин эмаслигини маънан англаб етгани туфайли ҳам тўғри ишлайди. Буни юксак маданият сифатида қадрлайди.

ЎзЛиДеП таклиф этаётган ташаббус пировардида амалдорларда ана шундай маданиятни шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда ижтимоий барқарорлик кучайишига кучли туртки беради.

Сайтни янги дизайни ёқдими?