Душанба 02-Декабр 2024-yil
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Халқимиз ислоҳотлар давомийлиги учун овоз берди

07.11.2024
208

Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайлов ниҳоясига етганига ҳам бир ҳафта бўлди. Табиийки, шу кунларда хорижий ва маҳаллий экспертлар, оммавий ахборот воситалари, блогерлар O‘zLiDePнинг мазкур сайловда қўлга киритган улкан натижаси қандай омиллар билан боғлиқлиги хусусида турли-туман хулосалар, фикр, муносабатларни илгари сураётганига гувоҳ бўляпмиз.

Баъзи таҳлилчилар ушбу ютуқни партиянинг сайлов олди тарғиботидаги фаоллиги билан боғласа, бошқалари айрим партиялар ўз сайловолди тарғиботида йўл қўйган хатоликлар билан изоҳлаётганлигини кузатиш мумкин.

Албатта, бу бир қарашда кўзга ташланиши мумкин бўлган сабаблар ва уларда ҳам маълум маънода жон бор. Лекин масаланинг асл моҳиятига етиш учун унга анча чуқурроқ ёндашиш зарурлиги кўзга ташланади.  Чунки бошқа омилларсиз, фақатгина сайловолди тарғиботининг ўзи билан O‘zLiDeP бу сайловда бу қадар эътиборга молик натижага эришиши қийин эди.

Хўш, унда яна қайси омиллар, амалий ишлар бунга хизмат қилди, асос яратди, деган савол туғилиши табиий.

Биз бугун ана шундай ҳаётий саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан, ушбу сайловда иштирок этишдан аввал O‘zLiDeP ўз олдига қўйган асосий мақсадга тўхталайлик. Партия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови эълон қилинганидан кейин ўтказилган Сиёсий Кенгаш мажлисидаёқ ўзининг сайловларда қатнашиши билан боғлиқ мақсадни қуйидаги мазмунда белгилади: “Бизнинг мақсадимиз – мамлакатимизда 2017 йилда бошланган, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қад рини улуғлаш билан боғлиқ кенг кўламли ислоҳотларнинг бардавом бўлишини таъминлашдир. Чунки биз Янги Ўзбекистоннинг келажаги, халқимизнинг, ҳар бир инсоннинг фаровонлиги айнан шу ислоҳотлар тақдирига боғлиқ деб ҳисоблаймиз ва уларнинг изчиллигини  таъминлашни олдимиздаги асосий мақсад деб биламиз!”.

Кўриниб турибдики, партия сайловларда иштирок этиш билан боғлиқ  режаларини аниқ ифода этган эди ва бу эзгу мақсадлар мамлакат аҳолисининг аксарият қисми орзу-истакларига мос тушганлиги билан ажралиб турарди. Бунинг исботини “Ижтимоий фикр” маркази ўтказган ўрганишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Марказ айнан сайловлар ўтаётган даврда, шу йилнинг август ойи сўнггида эълон қилган социологик сўровлари натижаларига таянган ҳолда аҳоли кайфиятини баҳоловчи қуйидаги тезисни илгари суради: “Жамоатчилик фикрида мамлакатимиз кейинги йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда катта ютуқларга эришганлиги тўғрисидаги қараш шаклланган.

Сўров иштирокчилари кейинги вақтда аҳолининг турмуш даражаси ўсганлиги, даромадлари ошиб бораётганлиги, кўплаб хонадонлар ўз оилавий шароити яхшиланганлиги тўғрисида фикр билдирдилар. Ушбу ўзгаришларни улар иқтисодиётнинг барқарор ўсиб бораётганлиги, кичик ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш борасида самарали тадбирлар амалга оширилаётганлиги, янги иш ўринлари яратилаётганлиги билан боғлашмоқда”. Сўров иштирокчиларининг 74,7 фоизи ушбу ўзгаришлар туфайли ўзларининг касбий ва ижодий имкониятларини рўёбга чиқариш, фаровонлиги ва эҳтиёжларини таъминлаш учун етарли шарт-шароитлар яратилганлигини таъкидлаган бўлса, 65,3 фоизи мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришда қўлга киритилган ютуқларни кейинги йилларнинг муҳим омиллари сифатида кўрсатган. Сўровномада иштирок этган 71,7 фоиз фуқаролар таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришларни алоҳида таъкидлаган бўлса, 60,5 фоиз респондентлар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда қўлга киритилган ютуқларни ижобий баҳолаб, тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг ўсиб бораётганини таъкидлаб ўтган.

Албатта, ҳали эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатиб ўтар экан, “Ижтимоий фикр” мутахассислари ўз тадқиқотларини “Умуман олганда фуқаролар мамлакатда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларни тўлиқ қўллаб қувватламоқдалар”, деган хулоса билан якунлайди.

Эътиборли жиҳати, марказ томонидан келтирилган бу рақамлар бугун жамиятнинг аксарият қисми юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани ва уларнинг изчил давом этишидан манфаатдор эканлигини яққол кўрсатади.

O‘zLiDeP томонидан партиянинг сайловларда иштирок этишидан кўзланган мақсад ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш эканлиги хусусида жамиятга юборилган сигналнинг ўзиёқ бундай ўзгаришлардан манфаатдор ва ҳаётида уларни теран ҳис қилаётган ҳамда ислоҳотларнинг тизимли давом этишини истаётган юртдошларимизнинг холисона қарор қабул қилишларига туртки берди, десак муболаға бўлмайди.

Демак, халқимиз O‘zLiDePни қўллаб-қувватлар экан, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ва жамиятнинг барча соҳаларини кенг қамраб олаётган изчил ислоҳотлар, янгиланишлар давом этиши учун ҳам овоз берди. Айнан ана шу омилнинг ўзиёқ аксарият юртдошларимизнинг сайловлардаги танловига ижобий таъсир қилган муҳим жиҳатлардан бири бўлди.

Иккинчидан, 27 октябрда бўлиб ўтган сайловда эришилган муваффақиятга O‘zLiDePнинг ўтган беш йилдаги фаолияти ҳам асос яратди, дейиш мумкин. Энг аввало, сиёсий куч 2019 йилда халқимизга берган ваъдаларини амалда бажаришга астойдил киришди. Бу борада кўзга кўринарли натижаларни қўлга кирита олди. Қолаверса, мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеалар бўлмиш 2021 ва 2023 йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ҳам ўзининг фаол позициясини кўрсатиб, аҳолининг катта ишончини қозонди. Аслида бу сайловларда ҳам партия халқнинг интилишлари, орзу-умидларига мос келадиган ҳаётий қарорлари билан кўпчиликнинг ишончини  оқлаган эди. Асосийси, ушбу сайловлар бир нарсани кўрсатди, яъни юртдошларимиз ҳал қилувчи паллада O‘zLiDeP уларнинг ният-истаклари, келажакка бўлган ишончига мос таклифлар билан ўртага чиқа олишини амалда кўрди.

Хусусан, 2023 йилда қабул қилинган ва аҳолини кўп йиллардан бери ўйлантириб келаётган кўплаб масалаларни ўзида акс эттирган, асосийси мамлакатнинг кейинги тараққиёт истиқболларини белгилаб бера олган янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши ташаббускорларидан бири ҳам айнан O‘zLiDeP бўлганлиги унинг халқ орасида зарур паллада мамлакат тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган сиёсий куч сифатида шаклланганлигини яна бир бор намоён этди.

Ушбу сиёсий куч ўз партиявий тузилмалари, фракция си ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг кундалик фаолиятини ҳам мамлакат Президентининг халқчил ва аҳоли томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётган сиёсатини амалга ошириш, уни ҳаётга татбиқ қилишда тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга қаратди. 

Натижада ўтган йиллар давомида партия фракцияси томонидан, айниқса, 2020-2024 йилларда парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган 404 та қонуннинг ҳар бири фракциямиз депутатлари томонидан атрофлича муҳокама этилиб, уларни такомилига етказиш бўйича берилган таклифлар тўлиқ қўллаб-қувватланди. 41 та қонун лойиҳаси бевосита фракциямиз депутатлари томонидан, шундан 24 таси бошқа фракциялар депутатлари билан бирга ташаббус ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилди.

Ўтган беш йилда биргина тадбиркорликни ривожлантириш борасида бир қатор аниқ ишлар амалга оширилди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Бугунги кунда мулк солиғи ставкаси 5 %дан 1.5 %га камайтирилди, қўшилган қиймат солиғи  ставкаси 20 %дан 12 %га туширилди. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки 2 баравар камайтирилди. Тадбиркорлик соҳасидаги 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 16 та назорат функциялари ҳам бекор бўлди. Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан 70 дан зиёд ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

Қувонарлиси, охирги 5 йилда 7 миллионга яқин яратилган янги иш ўринларининг 55 фоизи тадбиркорлар ҳисобига тўғри келганидир.

Тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайли беш йил ичида Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари сони 2,5 бараварга ошганлигини кўришимиз мумкин. Мана шу кўрсаткичнинг ўзиёқ партияни доимо қўллаб-қувватлаб келган электоратимиз вакиллари – ишбилармонлар қатламининг қанчалик даражада кенгайиб, тобора мустаҳкамланаётганлигини исботлайди.

Албатта, сайловларда партияга овоз берувчилар сонининг ошиш динамикаси таҳлил қилинганда тадбиркорлар таркибидаги мана шу сифат ўзгаришларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.

O‘zLiDePнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бу каби саъй-ҳаракатлари ушбу рақамлар билан чегараланмайди, албатта. Бу борада аҳолини, биринчи навбатда тадбиркор ва фермерларни  қийнаётган турли муаммоларни бартараф этиш учун тезкор муносабат билдириш амалиётининг йўлга қўйилганлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Хусусан, ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган бир қатор масалаларда партиянинг ўз вақтида муносабат билдириб, зарур ҳолларда тегишли органларга ўз депутатларининг сўровларини юбориб борганлиги бунга яққол мисол бўла олади. Масалан, 2023 йилнинг октябрида жиззахлик тадбиркор Қашқадарёдан 60 тонна чигитни олиб чиқиш вақтида таъқиққа учраганлиги масаласида партиянинг аралашуви ва вилоят ҳокимлигига юборилган депутат сўрови, 2023 йилнинг декабрида Хоразм вилояти Гурлан туманидаги қирқдан ортиқ фермер хўжаликларини ер майдонларини олиб қўйиш билан боғлиқ ҳолатга бевосита партиянинг аралашуви, шу йилнинг январь ойида Косон туманидаги фермер хўжаликларининг ер майдонлари захирага қайтарилишининг қонунийлигини ўрганиш борасида ёки жорий йилнинг март ойидаги хусусий олий таълим муассасасининг лицензиясини олиб қўйиш масаласи бўйича билдирилган тезкор муносабат ва бошқа амалий ишлар партиянинг ҳар бир муаммоли ҳолатда четда турмасдан, ўз вақтида қатъий позициясини билдириб борганлиги, зарур ҳолларда тегишли партиявий ва депутатлик воситаларининг ишга солганлиги орқали юзага келаётган вазиятни адолатли ҳал қилинишига эришиб келганлигини кўрсатади. Албатта, санаб ўтилган бу каби омилларнинг ҳам тадбиркорлар ва уларнинг ортида турган минг-минглаб юртдошларимизнинг сайловлардаги қатъий қарорларига таъсир этгани аниқ.

Учинчидан, партиянинг ушбу сайловда йирик натижага эришишида муҳим роль ўйнаган сабаблардан яна бири O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган сайловолди дастури бўлгани шубҳасиз. Асосийси, жуда содда,  аҳолининг барча қатламлари учун тушунарли тилда тайёрланган ушбу дастур тизимли, ўзбек жамиятининг эртанги кунини партия қандай кўраётгани борасида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имкониятини берадиган, аҳолининг барча сегментлари манфаатларига мос таклифларни ўз ичига олган муҳим ҳужжат сифатида тақдим этилганидир.

Албатта, дастурда биринчи навбатда партиянинг асосий электорати ҳисобланган тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар учун ғоят муҳим таклифлар ўрин олган эди. Қолаверса, бу билан чекланиб қолинмасдан, партия аёллар, ёшлар, аҳолининг кекса ёшли вакиллари учун ҳам бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди ва бунда айнан уларни ўйлантириб турган муаммоларни дадил кўтариб, мазкур масалаларни ҳал қилиш борасида ўз ёндашувларини  тақдим эта олганлигини кўриш мумкин. Фан, таълим соҳаси вакиллари, соғлиқни сақлаш тизими ва бош қа соҳаларни ҳам ривожлантириш борасида партиянинг сайловолди дастурида аниқ таклифлар илгари сурилган эди.

Шунингдек, аввал ўзини бошқа партия электорати ҳисоблаган ижтимоий соҳалар, қолаверса маданият, фан, таълим соҳалари вакилларининг ҳам маълум бир қисми ўзини ўйлантирган масалаларга жўялироқ жавобларни айнан O‘zLiDeP дастуридан топганлиги ва шунинг учун ҳам сайловда ушбу партияга ҳеч иккиланмай овоз берганлиги аён бўлди. Бунинг исботини аввалги сайловларда аҳолининг ушбу қатламлари вакиллари ҳисобига ўз овозини тўплаб келган айрим партияларнинг бу сафар ушбу овозларнинг бир қисмини йўқотганлигида кўриш мумкин. Ўз навбатида айнан шу ҳолат O‘zLiDeP учун жуда муҳим бир вазият – партиянинг жамиятдаги ижтимоий таянчи эндиликда фақатгина тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар доирасидан анча кенгайиб, аҳолининг бошқа қатламларини ҳам қамраб ола бошлаганлигини кўрсатади. Демак, жамият тараққиётида айнан O‘zLiDeP кейинги ўн йилликлар давомида халққа тарғиб қилиб келаётган қарашлар эндиликда аҳолининг  деярли барча қатламлари учун ҳам жозибадор, бир сўз билан айтганда, эртанги кунга ишонч уйғотадиган ғояларга айланиб улгурганлигидан далолат беради.

Масаланинг бундай қўйилиши, эндиликда O‘zLiDeP нафақат тадбиркорларни ўйлантирадиган муаммоларга, балки партия учун ўз овозларини  берган ижтимоий соҳа вакиллари олдида ҳам масъулиятни жиддий ҳис қилиши, мазкур сайловдан сўнг ушбу йўналишдаги ишларга ҳам устувор аҳамият қаратиши лозимлигини тасдиқлайди.

Тўртинчидан, O‘zLiDePнинг ушбу ғалабаси сабабларини таҳлил этганда, албатта, жорий йилдаги сайловнинг биринчи марта аралаш сайлов принципи асосида  бўлиб ўтганлигини ҳам эътиборга олмоқ лозим деб ҳисоблаймиз.

Бу йилдан бошлаб пропорционал сайлов тизимига хос қоидаларнинг жорий этилганлиги, аҳолига бевосита сиёсий партияларга овоз бериш имкониятини яратди. Дунё амалиёти жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, йирик партиялар учун пропорционал сайлов тизими айни муддао эканлигини, чунки аҳоли бундай ҳолатларда ўзи яхши танийдиган, ишонадиган партияга овоз беришини кўрсатади. Ўзбекис тон ҳам бундан мустасно эмас. Шу асосда ўтган биринчи сайловдаёқ O‘zLiDeP парламентдаги 75 та ўриндан  26 тасини, яъни, партиявий рўйхат бўйича олиниши мумкин бўлган барча ўринларнинг учдан биридан кўпроғини қўлга киритди!

Албатта, ушбу кўрсаткич партиянинг мазкур йўналишда янада йирикроқ натижаларни қўлга киритиш имкониятлари мавжудлиги, бу борада кейинги сайловларгача жаҳон амалиётидаги бой тажрибаларни янада чуқурроқ ўрганган ҳолда тизимли равишда амалга ошириши лозим бўлган аниқ вазифалар борлигини кўрсатади. Бу каби мақсадли вазифалар амалга оширилса, ўйлаймизки, партиянинг Ўзбекистон сайлов тизимига эндигина кириб келаётган аралаш сайлов тизими асосида ўтказилаётган сайловларда янада кўпроқ овоз олиш имконияти кенгаяди.

Бешинчидан, пропорционал сайлов тизимида ташкил қилинган ягона сайлов округида O‘zLiDeP юқорида тилга олинганидек, қувонарли натижага эришган бўлса-да, лекин, тан олиш керакки, бир мандатли округларда бўлган сайловларда кўпроқ овоз тўпланди. Ушбу тартибдаги сайловларда иштирок этиш борасида партиянинг тажрибаси катта бўлганига қарамасдан, яъни айнан шундай тамойиллар асосида бўлиб ўтган сайловларда ҳамиша ғолиблик қўлган киритилган бўлса ҳам 2024 йилги сайловда қўлга киритилган юксак натижа ҳали бу сиёсий куч тарихида кузатилмаган эди, дея бемалол айтиш мумкин.

Масалан, ўтган сайловларда 120 та ўриндан 41 та, 150 та ўриндан 52 ва икки марта 53 та ўрин олишга эришган. O‘zLiDeP кўпи билан барча ўринларнинг ўртача  35 %га тенг қисмини эгаллаб келган. Бу галги сайловда сайлов округлари бўйича илгари сурилган 75 та номзоднинг 38 таси, ёки қарийб 51 %и ғалабага эришди.

Бундай феноменал  кўрсаткичнинг асосий сабабларидан бири, албатта, юқорида биз имкон қадар келтириб ўтган амалий асослар бўлса-да, яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айнан қўшимча равишда бир мандатли округлар бўйича партия томонидан илгари сурилган номзодларнинг ниҳоятда тўғри танланганлиги ҳам бўлди, дейиш мумкин. Номзодлар фаолияти таҳлил қилинар экан, аёнки, улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бой тажриба орттириб, биринчи навбатда сайловчилар ишончини қозонган фаол депутатлар билан бир қаторда улар орасида ёш бўлса-да, лекин аллақачон жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, эгаллаган соҳасининг ҳақиқий билимдонлари бўлган номзодлар ҳам борлигини таъкидлаш лозим.

Олтинчидан, сайловолди кампаниясига янгича ёндашув: имкон қадар ҳар бир хонадонга, ҳар бир сайловчига етиб боришга ҳаракат қилиш, ўтган сайловларда ўзини оқлаган услублар билан бир қаторда илгари миллий сайлов жараёнларида қўлланилмаган мутлақо янгича воситаларнинг ишга солиниши каби омиллар ҳам O‘zLiDePнинг ўзига хос тарғибот стратегиясини белгилаб берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига илгари сурилган қарийб 6 мингга яқин номзодлар, уларнинг 19 мингдан ортиқ ишончли вакиллари, партия худудий кенгашлари қошида тузилган тарғибот гуруҳлари, буларнинг барчаси сайловолди ташвиқотлари даврида қарийб 700 мингга яқин учрашувларни ташкил эта олди. Қолаверса, тарғибот гуруҳлари мамлакатдаги 11 мингга яқин маҳаллаларнинг аксариятига кириб бориб, хонадонма-хонадон юриб, партия ва ундан кўрсатилган номзодларнинг тарғибот материалларини тарқатиш ишларини амалга оширди. O‘zLiDeP томонидан ташкил этилган “Тарғибот автобус”лари деярли барча йирик шаҳарларни айланиб чиқиб,  ўн минглаб сайловчилар орасида тарғибот тадбирларини амалга оширишга улгурди. Тарғиботчи-велосипедчилар фаолияти ҳам илгари амалиётда учрамаган ва аҳоли орасида партия номзодларига бўлган эътиборни кучайтира олган янги тарғибот усулларидан бири бўлди дейиш мумкин. Партиянинг ҳудудлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган, ҳар бирида ўртача 3 мингдан 10 минггача сайловчилар қатнашган оммавий тадбирларида “Ёшлар клублари” (аввалги “Ёшлар қаноти”) жалб этган кўнгиллилар (волонтёр)ларнинг умумий сони 100 минггача етганлиги ёшларимизнинг O‘zLiDeP сайловолди тадбирларини қанчалик қўллаб-қувватлаганлигини кўрсатади. Натижа эса кўнгилдагидек: яъни партия сайловчиларнинг қарийб учдан икки қисмига яқинроғини ўз тарғибот доирасида қамраб олишга эришди, дея бемалол айтиш мумкин.

Яна бир эътиборга молик жиҳати шуки, бу бевосита сайловолди ташвиқот тадбирлари доирасида амалга оширилган партиялараро дебатлардир. Худди ана шу жонли ва юзма-юз мулоқотлар ҳам O‘zLiDeP дастурининг устун, халқчил жиҳатларини кенг аҳолига етказишда муҳим роль ўйнади, десак муболаға бўлмайди.

Биз келтириб ўтган ҳаётий асослар ва мисоллар O‘zLiDePнинг ушбу сайловга жиддий тайёргарлик кўриш ва бу муҳим сиёсий жараённи муваффақиятли ўтказишда ўзига хос синов вазифасини ўтади дея оламиз.

Албатта, 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайлов мавзуси ҳали сиёсатшунослар, социологлар, бошқа ижтимоий соҳалар вакиллари томонидан ҳам батафсил ўрганилади, бу борада холисона муносабат билдириш, фикр-мулоҳазаларни эълон қилиш лозим. Чунки ҳар қандай вазиятда ҳам халқимиз ва мамлакат тақдирига дахлдор бундай сиёсий жараёнларни таҳлил қилиш ниҳоятда муҳимдир. Бу, албатта, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кўппартиявийлик, қолаверса, янгича сайлов тизимини янада такомиллаштириш борасида муҳим аҳамият касб этади.

Бахтиёр ЯКУБОВ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари

Сайтни янги дизайни ёқдими?