Инсон фикрига рақобатчи: Сунъий интеллект ҳаётимизга қандай сингиб бормоқда?
Илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган бугунги шароитда давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, саноат, қўйингки барча соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш урфга кирмоқда.
Сунъий интеллект бугун турли йўналишларда инсон оғирини енгил қилаётган бўлса, илғор мамлакатлар ундан миллионлаб, миллиардлаб доллар даромад кўрмоқда. Мамлакатимизда ҳам ахборотлаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар инновацион тараққий этган етакчи давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Сунъий интеллект технологиялари нафақат ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб бормоқда, балки соҳа ва тармоқларнинг самарали фаолияти учун ижобий таъсир кўрсатмоқда. У муайян вазифаларни бажаришда инсон хатти-ҳаракатига тақлид қилишга қодир бўлган тизим ёки технология бўлиб, маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш кабиларни ўз ичига олади.
Тўғри, сунъий интеллект технологиялари одамлар бажарадиган вазифаларни автоматлаштириш орқали самарадорликни оширишга ёрдам беради, лекин эндиликда унинг қамрови янада кенгаймоқда. Ҳозирда сунъий интеллект билан одамларнинг характерини, қобилиятларини, ходимнинг ишга бўлган қарашларини ҳам аниқлаб олиш мумкин.
Технологиялар мисли кўрилмаган суръатда ривожланиб, СИ кундалик жараёнларга тобора чуқурроқ сингиб бормоқда: мижозларга хизмат кўрсатишдан тортиб бошқарув қарорларини қабул қилишгача. Юртимизда ҳам сунъий интеллектни жорий этишни янада жадаллаштириш, илғор тажрибани амалиётга татбиқ этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётир.
Хусусан, 2030 йилгача мўлжалланган Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилиниб, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида махсус марказ ташкил этилди. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этиш мақсадида 50 миллион доллар маблағ ажратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳани ривожлантиришнинг истиқболлари белгилаб берилди.
Таҳлилий маълумотлар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ҳамда уни молиялаштириш ҳажми ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Йил бошида 2030 йилга бориб, дунё иқтисодиётида сунъий интеллект ҳажми 15 триллион долларга етиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирги таҳлиллар бу рақам 20 триллион доллардан ортишини кўрсатмоқда.
Сунъий интеллект соҳасини барқарор ривожлантириш учун кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Жаҳон иқтисодиётидаги тенденциялар шуни кўрсатмоқдаки, келгуси 5–10 йил ичида СИ билан боғлиқ мутахассисликлар энг талаб юқори бўлган соҳалар қаторида бўлади. Соҳада кадрлар тайёрлашни энг аввало, мактаблардан бошлаш керак, деб ўйлайман. Йиғилишда ушбу масалага алоҳида урғу берилиб, кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани ўқув дастурларига сунъий интеллектга оид мавзулар киритилиши, олийгоҳларда эса сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилиши айтилди.
Умуман олганда, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш Ўзбекистоннинг рақамли трансформациясида стратегик аҳамият касб этади. Бу нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан йиғилишда белгилаб берилган долзарб вазифалар ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатишимиз, соҳага доир қонунчиликни такомиллаштиришимиз лозим бўлади.