Asosiy kontentga o‘tish
Якшанба 28-декабр 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ишбилармонлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга оид таклиф-ташаббуслар муҳокама қилинди

19.11.2025
492

19 ноябрь "Халқаро тадбиркор аёллар куни" муносабати билан O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Ишбилармон аёллар” Форуми ўтказилди. Форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ғолиблари, тадбиркорлик соҳасида муваффақиятли фаолият олиб бораётган тадбиркор хотин-қизлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, аёллар нафақат оила ва жамият ҳаётида, балки иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, хусусий сектор ва кичик бизнесда ҳам тобора фаол иштирок этиб келмоқда. Сўнгги саккиз йилда хотин-қизларнинг бизнес салоҳиятини оширишга қаратилган қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилиб, имтиёзли кредитлар, грантлар, таълим ва маслаҳат дастурлари орқали аёллар тадбиркорлиги кенг қўллаб-қувватланмоқда. Бугунги кунда шаҳарларда хусусий фирмаларнинг 15 фоизи, қишлоқ ҳудудларида эса 7 фоизи аёллар раҳбарлигида фаолият юритмоқда, якка тартибдаги тадбиркорлар орасида хотин-қизлар улуши 40 фоизга яқинлашгани фикримиз тасдиғидир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ташкил қилинган “Ишбилармон аёллар” Республика форуми хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини кучайтириш, бизнес юритишдаги муаммо ва таклифларини муҳокама қилиш, уларни сиёсий жараёнларга янада фаол жалб этишга хизмат қиладиган очиқ мулоқот майдони вазифасини ўтади.

Форумда партия ташаббуси билан 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танловининг амалий натижалари сарҳисоб қилинди. 10 йилдан буён ташкил қилиб келинаётган мазкур лойиҳа доирасида 60 мингдан ортиқ хотин-қизлар қамраб олинди, 20 мингга яқин тадбиркор ва фермер аёллар ўз маҳсулотлари билан кўргазмаларда иштирок этди. Уларнинг катта қисми партия билан доимий ҳамкорликка ўтди, партия аъзолигига қабул қилинди, бошланғич партия ташкилотлари тузди, айримлари маҳаллий кенгашлар ва парламентга депутат этиб сайланди.

2024 йилдан лойиҳанинг янги — маҳалла босқичларининг жорий этилиши эса аёлларнинг ҳар бир ҳудуддаги фаоллигини оширишда муҳим қадам бўлди. Бу жараён орқали партия ҳар бир маҳаллага кириб бориш, аёлларнинг ўз бизнесини ривожлантиришга ишончини мустаҳкамлаш, уларни ҳамкорлик ва тажриба алмашиш жараёнига жалб этиш имконияти янада кенгайди. Лойиҳа иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва қўшма ташаббуслар пайдо бўлиб, тадбиркор аёллар бир-бирларининг тажрибасидан самарали фойдаланиш имконига эга бўлмоқда.

Форумда сўз олганлар партиянинг ушбу амалий лойиҳалари хусусида тўхталиб ўтар экан, ушбу лойиҳани тизимли ташкил қилиб бориш муҳимлигини таъкидлаб ўтишди. Форум доирасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган етакчи тадбиркор аёллар ўз тажрибалари, муваффақиятлари ва инновацион ёндашувлари билан иштирокчиларга маҳорат дарслари ўтказишди. Шунингдек, форум иштирокчилари аёллар тадбиркорлигининг турли йўналишлари, аграр сектордаги имкониятлар, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий иқтисодиёт драйверларини шакллантириш борасида амалий таклиф ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

“Ишбилармон аёллар” форуми хотин-қизларнинг иқтисодиёт ва жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг муаммо ва ташаббусларини эшитиш, янги ҳамкорлик платформаларини яратиш ҳамда партиянинг бу борадаги тизимли лойиҳаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадбир доирасидаги очиқ мулоқотлар ва амалий муҳокамалар эса мамлакатда аёллар тадбиркорлигига кўмак беришнинг янги йўналиш ва ечимларини ишлаб чиқишда муҳим омил бўлади.

Сайтни янги дизайни ёқдими?