Иқтисодий тараққиётнинг янги босқичи
2025 йил Ўзбекистон учун иқтисодий тараққиётда ҳал қилувчи, мазмунан мутлақо янги босқични бошлаб берган йил сифатида тарихга кирди. Жаҳонда геоиқтисодий беқарорлик, глобал инфляция босими ва ташқи хавф-хатарлар кучайган мураккаб шароитга қарамай, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш таъминланди.
Демократик ислоҳотлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди. Буни тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан, экспортимиз эса 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилгани яққол тасдиқлайди. Олтин-валюта захираларимиз эса илк бор 60 миллиард доллардан ошди. Иқтисодий ўсиш манбаларининг диверсификация қилиниши мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини мустаҳкамлади.
Ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасида устувор вазифа сифатида белгиланди. Янги корхоналар ташкил этиш, фаолиятни кенгайтириш ва молиялаштириш механизмлари соддалаштирилди. 2025 йилда 150 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 55 фоиздан ошди. Банк-кредит тизими орқали тадбиркорларга ажратилаётган имтиёзли молиявий ресурслар ҳажмининг кескин оширилиши бизнеснинг реал секторга кириб боришига хизмат қилди.
Солиқ сиёсатида амалга оширилган ислоҳотлар ҳам иқтисодий ўсишнинг муҳим омилига айланди. Солиқ юкининг изчил камайтирилиши, айрим солиқ ставкаларининг пасайтирилиши ва солиқ маъмурчилигининг рақамлаштирилиши тадбиркорлар учун қулай, шаффоф ва барқарор муҳит яратди. Натижада қонуний фаолият юритишга қизиқиш ортди, соя иқтисодиёти қисқариб, бюджет тушумлари барқарор таъминланди. Бу жараён иқтисодиётни легаллаштириш ва институционал ислоҳотларнинг самарасини янада оширди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ҳам сезиларли натижалар берди. Кластер ва кооперация тизимининг кенгайиши, сув тежовчи технологиялар жорий этилиши, агробизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш имконини берди. Экспортбоп маҳсулотлар улушининг ортиши агросаноат мажмуасини аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим драйверга айлантирди.
Юртимиздаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш, инсон капиталига берилаётган эътибор Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорлар билан 140 миллиард долларлик янги инвестиция келишувларига эришилди. Келгуси йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестицияни жалб қилиш мўлжалланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий воқеа бўлди. Унда бу йилда эришилган ютуқлар чуқур таҳлил қилиниб, 2026 йил учун энг муҳим устувор мақсад ва вазифалар аниқ белгилаб берилди. Келгуси йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ислоҳотлар марказига инсон, унинг ҳаёт сифати ва фаровонлигини қўйиш тамойилининг давоми бўлди.
Мурожаатномада иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, рақамли иқтисодиёт, IT, сунъий интеллект, стартаплар ва капитал бозорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ички бозорда талабни рағбатлантириш, аҳоли даромади ва харид қобилиятини ошириш, инфляцияни назорат қилиш, уй-жой, хизматлар, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини комплекс ривожлантириш вазифалари иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини шакллантиришга қаратилган.
Таъкидлаганидек, фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқараётган давлатлар жаҳон бозорида муносиб ўрин эгалламоқда. Шу боис, барча соҳаларда самарадорлик, ресурс тежамкорлиги ва инновация ислоҳотларнинг бош мезонига айланади.
Мурожаатномада инвестиция сиёсатига ҳам янгича ёндашув белгиланди. Келгуси йилларда жалб этиладиган ҳар бир доллар инвестиция илғор технологиялар трансферига, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, маҳаллий кадрларни замонавий билим ва кўникмаларга ўқитишга хизмат қилиши шартлиги қайд этилди. Стратегик инвесторлар учун “ягона дарча” асосида ишлайдиган электрон платформа жорий этилиши сармоявий муҳитни янада яхшилайди.
Шунингдек, саноатни технологик трансформация қилиш, “Индустрия 4.0” ечимларини жорий этиш, қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилади. 2026 йилда ўнлаб миллиард долларлик янги саноат ва инфратузилма лойиҳалари бошланиб, юқори даромадли иш ўринлари яратилади. Бу иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Капитал бозорини ривожлантириш, стартаплар, финтех ва венчур молия инструментларини қўллаб-қувватлаш, “соя” иқтисодиётини қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар ҳам 2026 йил ислоҳотларининг муҳим қисми ҳисобланади. Депутат сифатида биз ушбу ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, инвестиция ва тадбиркорлик учун очиқ, шаффоф ва ишончли муҳит яратиш йўлида фаол иштирок этамиз.
Партиямиз тадбиркорлик ва бизнес манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор йўналиши сифатида белгилаб, парламентда мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини изчил илгари суриб келмоқда. Асоссиз текширувларга чек қўйиш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш борасида қабул қилинган қонунлар ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Шу билан бирга, депутатлик ва жамоатчилик назорати орқали жойларда тадбиркорлар, фермерлар ва аҳолининг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Давлат органлари ҳисоботларини эшитиш, ҳудудларга чиқиб ўрганиш ва очиқ мулоқотлар ўтказиш орқали ислоҳотлар ижросининг таъминланишига салмоқли ҳисса қўшилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларга тўлиқ мос келади. Партия ва унинг фракцияси ушбу ислоҳотларни амалга оширишда қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва жойлардаги амалий ишларни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиётни юксалтириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва тадбиркорлик учун янада қулай муҳит яратиш йўлида масъулият билан фаолият олиб боради.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари