Касб, малака ва масъулият: Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам қўйиш йўлида бошланган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, айниқса, жорий 2025 йилда яққол намоён бўлди. Бу йил мамлакатимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва спорт соҳаларида улкан бурилишлар йили сифатида муҳрланди.
Бу ютуқлар фақат рақамлар ёки расмий ҳисоботларда эмас, балки ҳар бир инсон ҳаётида, оила, маҳалла муҳитида, ёшлар тақдирида ўз ифодасини топди. Ана шу тарихий жараёнлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга тақдим этган Мурожаатномасида чуқур таҳлил, қатъий хулоса ва келажакка қаратилган аниқ ҳаракатлар дастури сифатида акс этди.
Мурожаатномада белгиланган тўртинчи устувор йўналиш — касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш мамлакатимиз келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугун дунёда рақамлаштириш, сунъий интеллект ва янги технологиялар таъсирида меҳнат бозори тубдан ўзгармоқда. Яқин йилларда мавжуд касбларнинг катта қисми автоматлаштирилиши, қолганлари эса мутлақо янги билим ва малакаларни талаб қилиши каби жараёнлар биздан ҳам кечикмасдан мослашишни тақозо этмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, саноатда автоматлашган линиялар, қишлоқ хўжалигида “ақлли” технологиялар, транспортда интеллектуал бошқарув тизимлари аллақачон кундалик ҳаётимизга кириб келди. Шу боис эндиликда меҳнат бозори касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона ва самарали тизим сифатида ишлаши зарур.
Бу борада техникумлар тизимини тубдан янгилаш бўйича қабул қилинган беш йиллик дастур ёшлар келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 та техникумни тўлиқ таъмирлаш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга мослаштириш режалаштирилган. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий этиладиган техникумлар сони 100 тага етказилиши касбий таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқади.
Илғор касбий маҳорат техникумлари ва “Касблар шаҳарчалари”нинг ташкил этилиши эса мактаб ўқувчиларини эрта босқичдан замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади. Қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, “яшил” энергетика соҳаларидаги касблар маҳаллаларда янги иш ўринлари яратиш, ёшларнинг ўз юртида муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга замин бўлади.
Корхоналар учун ижтимоий солиқ имтиёзларининг узайтирилиши, “дуал таълим” асосида ўқиётган 100 минг нафар техникум ўқувчисига илк бор стипендия жорий этилиши ҳамда ўз касбини пухта эгаллаётган иқтидорли ёшларни қўшимча рағбатлантириш — иқтисодиётимизнинг устувор йўналишлари учун юқори интеллектуал салоҳиятга эга, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган тубдан янгича ёндашувнинг ёрқин ифодасидир. Бундай чора-тадбирлар касбий таълимнинг жамиятдаги нуфузини ҳам оширади.
Бу ислоҳотлар 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ташаббуси билан мазмунан узвий боғлиқ. Чунки касбли, ишли, малакали инсон эртага маҳалланинг таянчи, жамият барқарорлигининг асоси бўлади. Ёшлар маҳаллада касб эгаллаб, шу ерда ўз келажагини қура олса, маҳалла ривожланади, жамият юксалади.
Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратишга қаратилган мазкур устувор йўналиш биз депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида энг кўп кўтариладиган — “ёшларимиз қандай касб эгаллайди, иш ўринлари қаерда яратилади, таълим меҳнат бозорига қанчалик мос, техникум ўқувчиларига ҳам стипендия тайинлаш” деган ҳаётий саволларга аниқ, ишончли ва амалий жавоб бўлди.
Мурожаатномада демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, парламент ва маҳаллий кенгашлар ролини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Олий Мажлис дунёдаги энг ривожланган парламентларга хос бўлган барча назорат ваколатларига эга бўлиб, давлат бошқарувидаги таъсири сезиларли даражада ортди.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимларининг ажратилгани ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанатни мустаҳкамлади. Энди ушбу тизим 2026 йилдан бошлаб 208 та туман ва шаҳарда жорий этилиши маҳаллий даражада депутатлик назоратини кучайтириш, ижро ҳокимиятининг ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади. Депутат сўровларининг ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўрилади.
Ушбу дастурий ҳужжат оддий маъруза эмас, балки Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган пухта ўйланган, инсон қадри, касб ва меҳнатга таянган стратегик дастурдир. Унда белгиланган ҳар бир йўналиш юртимизнинг барқарор тараққиёти, маҳаллалар равнақи ва жамият юксалишининг мустаҳкам кафолатидир.
Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.