“Марказий Осиё янги давр остонасида”
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Тараққиёт блоки”нинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимизнинг пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви арафасида эълон қилинган “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўтган йил Остона саммитида қабул қилинган “Марказий Осиё — 2040” концепцияси мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, минтақада янги иқтисодий воқеликни вужудга келтирди. Минтақамизнинг ялпи ички маҳсулоти икки ярим баробарга ўсиб, 520 миллиард долларга етди, ташқи савдо ҳажми эса икки каррадан зиёд кўпайди. Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан савдо айланмаси ҳам 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди. Бу натижалар саноат кооперацияси, қўшма инвестиция фондлари ва чегараолди савдо зоналарини ривожлантириш орқали амалга ошмоқда.
Йиғилишда гуманитар соҳада ҳам яқинлик ва ҳамжиҳатлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Шунингдек, Ёшлар платформаси, ректорлар ва олимлар форумлари, маданий ва спорт тадбирлари қардош халқларни янада яқинлаштирмоқда. Янги йўллар, авиақатновлар ва темир йўллар очилиши натижасида одамлар ўртасидаги борди-келди анча осонлашди, ички минтақавий туризм улуши 80 фоиздан ошди.
Бугун Марказий Осиё дунё сиёсатида мустақил, масъулиятли ва ягона овозга эга субъект сифатида тан олинмоқда. “Марказий Осиё плюс” форматлари — Европа Иттифоқи, Хитой, Россия ва АҚШ билан саммитлар ўтказилиши минтақанинг глобал сиёсатдаги ўрни ва нуфузи ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Энди ташқи ҳамкорлар минтақани ягона шерик сифатида кўриб, муносабатларни комплекс асосда ривожлантирмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиёда ҳамжиҳатлик, ишонч ва дўстликка асосланган янги сиёсий ва иқтисодий муҳит шаклланмоқда. Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан ҳамкорлик моделига айланиб, дунё ҳамжамиятида тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Шу ўринда дунё ҳамжамияти, хусусан, яқин қўшнилар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш O'zLiDePнинг ҳам устувор вазифаси эканини қайд этиш жоиз. Янги Марказий Осиёни тинч ва барқарор минтақага айланиб бораётгани партиямизнинг келгуси йилларга мўлжаллаган вазифалари мамлакатимиз тараққиёти учун нақадар муҳим эканини яна бир карра исботлайди.