Қонун ижроси — парламент назоратида
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар агентлиги, Энергетика вазирлиги мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуннинг ижросини Андижон вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда республикада ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун йиллар давомида турли сабабларга кўра, тўла-тўкис қонуний ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда қурилган уй-жойлар ва ер участкаларига нисбатан ҳуқуқий эътироф этилишига имкон берди.
Ушбу ҳужжатда якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса, барча ҳудудларда 0,24 гектардан, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса, Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 0,06 гектардан, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмайдиган ҳажмда белгиланган.
Қонунга мувофиқ, ҳудудларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич инвентаризация қилиш ҳар йилги режа-жадвал асосида амалга оширилади.
Йиғилишда мазкур қонуннинг ижро этилиши юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборотлари тингланди. Ушбу қонун том маънода, уникал ҳужжат бўлгани, у билан ер участкаси ва мулкка бўлган ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари аниқ белгилаб қўйилгани қайд этилди.
Ахборотда келтирилишича, 2025 йил 16 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакат бўйича 680 мингдан ортиқ объект хатловдан ўтказилган. Шундан 280 мингга яқин объектлар автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. 9089 та объектга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилган бўлса, 5050 таси рад этилган. 1700 дан объект эса Халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилмоқда.
Эшитувда ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар натижалари, жумладан, Андижон вилояти мисолида амалга оширилган назорат-таҳлил ишлари қонун ижросини таъминлашда қатор тизимли муаммолар борлигини кўрсатгани айтиб ўтилди. Хусусан, “E’tirof” ахборот тизимида маълумотларни келишиш жараёни узоқ вақтни талаб қилиши, ҳимоя зонасига тушган ерларнинг умумий майдони рад этилаётгани, космик суратларнинг етарли эмаслиги, аҳоли учун ортиқча ташкилий қийинчиликлар юзага келаётгани қайд этилди.
Шунингдек, қонун ижроси бўйича айрим ҳудудларда хатлов ишлари режа асосида бажарилмаётгани, солиқ миқдорининг юқорилиги аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани, шундан келиб чиқиб, республика миқёсида ҳам ўрганишлар ўтказиш ва аҳоли фикрини чуқур таҳлил қилиш лозимлиги таъкидланди.
Фракция аъзолари қонун ижросидаги камчиликларни бартараф этиш, аҳоли манфаатларини инобатга олиш, қонун нормаларини амалиётга тўлиқ жорий этиш бўйича қатор таклифлар берди. Масалан, ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнида қўшимча тўловлар ва солиқ қарздорлиги масаласи аҳоли учун оғирлик қилаётгани айтилиб, солиқ юкини қайта кўриб чиқиш ҳамда аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.
Андижон вилоятида амалга оширилган ўрганиш натижаларида кўтарилган муаммолар республикамизнинг бошқа ҳудудларига ҳам хос эканлиги маълум қилинди. Ҳимоя зонасига тушган ер участкалари ва бино-иншоотларга ҳуқуқларни эътироф этиш масалаларида ягона меъёрий ёндашув мавжуд эмаслиги, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда турли хил ҳолатлар кузатилаётгани урғуланди.
Муҳокамалар давомида депутатлар мутасадди вазирлик ва идораларга қонун ижросини таъминлашда шаффофлик ва тизимлиликни кучайтириш, ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнида бюрократик тўсиқларни камайтириш, “E’tirof” ахборот тизимини такомиллаштириш, ҳудудлардаги муаммоларни марказий органлар даражасида ҳал этиш лозимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, ушбу қонун ўзига хос хусусиятга эгалиги, ундаги имтиёзлар 2028 йилнинг 1 январида якунланишини инобатга олган ҳолда, унинг айрим моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича мутасадди вазирлик ва ташкилотлар билан фикр алмашилиб, бир қатор таклифлар берилди.
Якунда кун тартибидаги мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.