Ўзбекистон – янгиланиш ва тараққиётнинг янги босқичида
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзгаришлар ва янги лойиҳалар халқимизни рози қилиш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, энг муҳими, инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар, амалий ташаббуслар ва туб янгиланиш жараёнлари мамлакатимиз тараққиётини мутлақо янги босқичга кўтарди. Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатди. Бугун республикамизнинг қай бир ҳудудига борманг, катта-катта ўзгаришларга, аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшаётганига гувоҳ бўласиз.
Давлатимиз раҳбарининг пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги қатор стратегик аҳамиятга эга жойларга ташрифлари — миллий иқтисодиётни юксалтириш, саноатни модернизация қилиш ва қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Мазкур ташриф давомида инфратузилмани ривожлантириш, аграр соҳада инновацияни жорий этиш ҳамда саноат салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Аҳоли вакиллари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги фахрийлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқот қилинди.
Таъкидлаш керак, Тошкент вилоятида 1300 гектар майдонда қурилаётган янги халқаро аэропорт лойиҳаси — Ўзбекистонни минтақавий ва глобал транспорт-логистика марказига айлантиришга қаратилган тарихий қадамдир.
Қиймати $2,5 миллиард бўлган мазкур мега лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Саудия Арабистонининг Vision Invest, Япониянинг Sojitz ва Кореянинг Incheon International Airport Corporation каби нуфузли компаниялар ҳамкорлигида барпо этилаётган ушбу аэропорт йилига 20 миллион йўловчи ва 129 минг тонна юкни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Энг муҳими, ушбу объект мамлакатимиздаги биринчи 100 фоиз қайта тикланадиган энергия манбаларида ишловчи “яшил аэропорт” бўлади. Бу нафақат экология, балки иқтисодий самарадорлик жиҳатидан ҳам улкан аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳа мамлакатимиз авиация соҳасини янги даражага кўтариб, келгуси беш йилда авиапаркни 180 тага, рейслар сонини эса йилига 200 мингтага етказиш имконини яратади.
Қувонарлиси, мазкур мегалойиҳа иқтисодиётга 27 млрд доллардан ортиқ даромад келтириши, саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларига кучли туртки бериши, минглаб иш ўринлари яратиши кутилмоқда.
Президентимиз ташриф давомида Қуйи Чирчиқ туманидаги “TST Rice” шоличилик кластери фаолияти билан танишар экан, қишлоқ хўжалигида илм ва инновациянинг аҳамиятини яна бир бор таъкидлади. Бу ерда шоли етиштириш ва қайта ишлашнинг тўлиқ саноат занжири йўлга қўйилган. Натижада ҳосилдорлик сезиларли даражада ошган — 985 гектар майдонда гектарига 70 центнердан ортиқ ҳосил, айрим майдонларда 85 центнергача етиши — бу энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Жорий йилда Тошкент вилоятида 8,7 минг гектар майдонда шоли экилиб, 60 миллион куб метр сув тежалди, уруғлик сарфи 522 тоннага камайтирилди. Бу рақамлар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган инновацион агротехнологиялар, бозор тамойиллари ва сув тежовчи тизимларнинг самарасини яққол намоён этмоқда.
ЎзЛиДеП аграр соҳадаги ушбу илғор ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Партиямизнинг сайловолди дастурида ҳам сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, фермерларни инновацион ғоялар ва илмий янгиликларга таянган ҳолда ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу борада “TST Rice” кластерининг тажрибаси келгусида бутун мамлакат бўйлаб амалиётга жорий этилиши, аграр соҳани юқори рентабел тармоққа айлантириши, шубҳасиз.
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида ташкил этилган “Янги авлод” махсус саноат зонаси – Ўзбекистон саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишдаги муҳим стратегик лойиҳадир. Бу ҳудудда 1,2 миллиард долларлик 58 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, улар ичида “East Can Solutions” компаниясининг алюмин қадоқ ва ичимликлар ишлаб чиқариш мажмуаси алоҳида аҳамият касб этади.
Қиймати 90 миллион доллар бўлган бу мажмуа замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган, ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган. Лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 60 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 20 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади. Шу билан бирга, саноат зонасида 7,6 минг янги иш ўрни яратилиши, маҳаллий ишлаб чиқариш тармоқларининг ривожланиши орқали иқтисодиётнинг қўшимча қиймат занжири кенгайиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бу лойиҳани партиянинг “кучли тадбиркор – кучли иқтисодиёт” тамойилининг амалдаги ифодаси сифатида кўради. Инновацион саноат зоналари фақат ишлаб чиқаришни эмас, балки маҳаллий ишчи кучини, ёш мутахассисларни ва хусусий бизнесни ривожлантиришга хизмат қилади.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар — Ўзбекистон иқтисодиётининг янги қиёфасини белгилаётган, мамлакатни глобал рақобатга тайёрлаётган улкан қадамлардир. Бу ташаббуслар нафақат иқтисодий ўсиш, балки янги иш ўринлари, замонавий технологиялар ва инновация маданиятини жорий этишда ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари