Ўзбекистоннинг глобал муаммоларни тартибга солишга доир ташаббуслари
Ҳозирги вақтда бутун дунё инқироз даврига қадам қўйди, бу эса давлатларни турли хил тарқоқ чораларни кўришга мажбур қилмоқда. Бироқ улар дунё халқлари дуч келаётган муаммоларнинг сабабларини тизимли равишда бартараф эта олмаяпти. Шу билан бирга, бу ноаниқликлар тўпланиб, ўзаро боғланиб, ижтимоий-иқтисодий силжишлар ва сайёра миқёсидаги хавфли ўзгаришларни келтириб чиқармоқда.
Афсуски, етакчи давлатлар ўртасида рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучайиб, янги қарама-қаршилик ва уруш ўчоқлари вужудга келаяпти, турли таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Бу Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки томонлама стандартларга ҳам тааллуқли. Шу тариқа, Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумлар ва уларнинг ўлимини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Ўзбекистон глобал кун тартибидаги энг долзарб ва мураккаб масала – Фаластин муаммосини ҳал этишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда. Шу тариқа, жорий йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев араб-ислом давлатларининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этди. Унда Ғазо сектори ва Ливандаги вазиятни юмшатиш ва можарони тезроқ сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Фаластин – Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимиз Президенти Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва энг асосийси – тинчлик музокараларини бошлаш масалалари БМТ ва Хавфсизлик кенгашининг доимий эътибор марказида туриши кераклигини таъкидлади.
Биз қадимий ва бой тарихга эга Фаластин халқи 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли эканлиги бўйича қатъий позицияга эгамиз.
Ўзбекистон урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканлиги қайд этилди. Шу ўринда давлатимиз раҳбари муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига катта эътибор қаратди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг диққат марказида бўлган навбатдаги глобал муаммо иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашишдан иборат. Иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб бормоқда, геосиёсий зиддиятлар кучайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, камбағалликка қарши кураш, озиқ- овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтирмоқда.
Марказий Осиёнинг иссиқхона газларининг глобал эмиссиясига қўшган ҳиссаси глобал улушнинг аранг 2 фоизини ташкил этаётганига қарамай, ушбу ҳудуд иқлим ўзгаришига нисбатан энг заиф минтақалардан бири ҳисобланиши эътиборга молик. Масалан, ХВФ маълумотларига кўра, Марказий Осиёда ҳароратнинг ўсиш суръати глобал кўрсаткичлардан 2 баробар юқори. 2050 йилга келиб Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув ресурсларининг қисқариши минтақавий ЯИМнинг 11 фоизга қисқаришига олиб келиши мумкин. Натижада, ўша пайтда Марказий Осиё минтақасида тахминан 2,5 миллион киши иқлим ўзгариши асоратларидан нисбатан камроқ азият чекаётган ҳудудларга кўчишга мажбур бўлишдек реал таҳдиди остида қолади.
Мамлакатимиз иқлим ўзгаришига энг таъсирчан давлат сифатида халқаро ва минтақа миқёсидаги тадбирлар давомида Орол денгизининг қуриши, чўлланиш ва ерларнинг деградацияси, ҳаво ҳароратининг ўзгариши, табиий офатлар кўпайиши билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Ўз навбатида Ўзбекистон углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотлар қатъий амалга оширмоқда. 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, “яшил” энергетика улушини 40 фоизгача ошириш мақсад қилинган. Электромобиль ва “яшил” водород кластерлари, қуёш ва шамол генерация хаблари яратилмоқда. “Яшил макон” дастури доирасида кўкаламзор ҳудудлар кўпайтирилмоқда.
Ўзбекистоннинг Озарбайжонда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси (CОР29) томонлари конференциясининг 29-сессиясидаги фаол иштирокини шу ва бошқа омиллар ифодалайди. Мазкур тадбирнинг долзарблиги ерлар деградацияси ва чўлланишига қарши кураш самарадорлигини ошириш йўлларини биргаликда муҳокама қилиш, экологик таълимни ривожлантириш ва иқлим соҳасидаги кун тартибини тарғиб қилишда ёшларнинг ролини оширишдан иборат.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда бартараф этишда ўзининг амалий ҳиссасини кенгайтириш ниятида. Шу мақсадда ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган иқлим хатарларини аниқлаш учун етакчи давлатлар ва халқаро институтларнинг техник кўмагини кенгайтириш муҳимдир. Трансчегаравий сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва барқарор биохилма-хиллигини сақлашда ягона ёндашувлар зарур.
Иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши бўйича илғор билим ва амалиётлар трансфери учун Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этишни ва унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказиш таклиф қилинди. Шу билан бирга, барча давлатлар вакиллари келгуси йили 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида ўтказиладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал ёшлар фестивалига таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикасининг махсус ташкил этилган Миллий павильонида Оролбўйининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал этиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва бошқа мавзуларда қатор тадбирлар ўтказилганини алоҳида таъкидламоқчимиз.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги CОР29даги иштироки якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, биз тўлиқ ишонч билан мамлакатимиз иқлим бўйича глобал кун тартибининг улкан аҳамияти ва унинг нақадар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаганини ишонч билан айтишимиз мумкин. Шу билан бирга, CОР29да Президент Шавкат Мирзиёев юксак минбардан туриб нафақат иқлимнинг салбий тенденцияларини таъкидлаб ўтди, балки глобал иқлим ўзгариши оқибатларини камайтиришга қаратилган қатор амалий ташаббусларни ҳам илгари сурди.
Актам ХАИТОВ,