Asosiy kontentga o‘tish
Сешанба 02-Сентябр 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатлари янги босқичда: Актам Хаитов мақоласи хориж ОАВларида

28.08.2025
113

Бугун мамлакатимиз «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида кенг қамровли ислоҳотлар йўлидан дадил одимламоқда. Бу улкан ҳаётий дастур аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга ҳар томонлама ижобий таъсир кўрсатиш, миллий иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш, туризм салоҳиятини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилгани билан эътиборга моликдир. Ушбу стратегик ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши мамлакатнинг минтақада ҳам, халқаро майдонда ҳам мавқеини тобора кучайтирмоқда.

Албатта ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири, бу аҳолининг яшаши, турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ. Масалан, фақатгина 2024 йилнинг ўзида аҳоли реал даромадлари 6,3 фоизга ўсди, камбағаллик даражаси эса 2020 йилга нисбатан 17 фоиздан 11 фоизга пасайди.

Демак, мамлакатда иқтисодий ўсиш барқарорлиги таъминланмоқда. 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулот ҳажми 6,1 фоизга ўсди. Бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 4,8 миллиард долларга етди, умумий инвестициялар эса 393 триллион сўмни ташкил қилди. Иқтисодиётнинг реал секторида 250 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, Ўзбекистонда туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда Ўзбекистонга 8,2 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, бу – пандемиядан кейинги энг юқори кўрсаткич саналади. Қиёслаш учун эътибор қаратайлик, 2023 йилда бу кўрсаткич 6,6 миллионни ташкил этган, яъни ўсиш 24,2 фоизни ташкил қилган эди. Шу билан бирга, 2024 йилда мамлакат фуқаролари томонидан ички туризм доирасида жорижий давлатларга 22,7 миллион марта саёҳат амалга оширилгани ҳам диққатга сазовор рақам.

2025 йил ҳақида сўз кетар экан, қуйидаги рақамларга эътибор қаратиш лозим: жорий йил бошига келиб, мамлакатда 6,1 мингдан ортиқ меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари фаолият кўрсатмоқда, уларнинг умумий ўрин фонди 161 мингдан ортиқ. Ўзбекистонда тахминан 2,5 минг меҳмонхона мавжуд бўлиб, уларнинг 18 фоизи 4-5 юлдузли объектлардир. Жаҳон туризм ташкилоти (ВТО) баҳоларига кўра, Ўзбекистон Евроосиёда туризм сектори энг тез ривожланаётган давлатлар қаторига киради.

Ички ислоҳотлар фонида ташқи сиёсат йўналиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлиб бораётгани кузатилмоқда. Шу ўринда Озарбайжон Республикаси билан давом этаётган ҳар томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг янги дипломатияси – прагматизм ва очиқликка асосланган сиёсатнинг ёрқин намунасидир. Сўнгги икки йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 50 фоиздан зиёд ошди ва 2024 йилда 181 миллион долларга етди. Ҳукуматлараро қўшма комиссия тузилди, тўқимачилик, кимё ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Озарбайжон бизнес доиралари Навоий ва Жиззах вилоятларига инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Шу тариқа, геосиёсий вазият тез ўзгариб бораётган ва минтақавий ҳамжиҳатликка эҳтиёж кучайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон–Озарбайжон стратегик шериклиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Давлатларимиз ўзаро ҳурмат, прагматизм ва биродарлик тамойилларига асосланган ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мумкинлигини намоён этмоқда. Бундан ташқари, улар минтақавий ҳамкорликнинг барқарорлик, очиқлик ва тинчликка қаратилган намунасига айланмоқда.

Жорий йилнинг июль ойи бошида Бокудаги «Загульба» қароргоҳида бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатларида ўзига хос янги бир босқични бошлаб берди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга уюштирилган давлат ташрифи эса ўзаро ишонч ва стратегик қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтганидек, ушбу ташриф ва Кенгаш мажлиси икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига ўттиз йил тўлган йилда ўтказилмоқда. Бу воқеа нафақат рамзий, балки чуқур амалий аҳамиятга ҳам эга. Шу маънода, Тошкент ва Боку ўртасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва транспорт алоқалари авваллари ҳеч қачон кузатилмаган даражада кенгайди.

Мамлакатимиз Президенти таъбири билан айтганда: «Тарихда ҳеч қачон муносабатларимиз ҳозиргидек олий даражага кўтарилмаган».

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевнинг оқилона юргизаётган сиёсати ушбу ўлкадам барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Унинг тинимсиз интилиши туфайли  иқтисодиётни диверсификация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш билан боғлиқ стратегик ишлар изчил амалга ошириб келмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакат Евроосиёда муҳим энергетик ва логистик марказ сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Президент томонидан олиб борилаётган изчил  ташқи сиёсат услуби Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган асосий шериклар билан яқинлашувга хизмат қилмоқда.

Озарбайжоннинг иқтисодий муваффақиятлари эса энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларида Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратмоқда. Бу муносабатларни янада чуқурлаштириш икки мамлакат иқтисодиётларини ягона макон доирасида интеграция қилишнинг янги имкониятларини очмоқда.

Биринчидан, тарихдан маълумки, Ўзбекистон ва Озарбайжонни умумий мақсадлар, қарашлар ва интилишлар бирлаштириб келади. Халқларимизни тарих, миллий қадриятлар, тил ва маданият боғлаб тургани ҳам аён. Икки давлат ўртасида самимий, аҳил ва ишончли алоқалар ҳамиша мустаҳкам бўлган.

Шу маънода мен учун принципиал аҳамиятга эга бир жиҳатни алоҳида таъкидламоқчиман. Озарбайжонда юқори даражада ташкил этилган халқаро тадбирларда қатнашиш асносида, эътиборли жиҳати, ушбу қардош мамлакатнинг озод этилган ҳудудларини ҳам икки марта кўриш бахтига муяссар бўлдим. Айниқса қадимий ва рамзий Шуша шаҳрига қилган унутилмас сафаримиз эсда қоларли воқеа бўлди. Озарбайжон халқи учун тарихий, маданий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган Шуша бугун яна маданият ва тикланиш марказига айланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон фуқароси ва қолаверса, етакчи партия раҳбари сифатида Озарбайжон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини астойдил қўллаб-қувватлашимни изҳор этаман.  Шунингдек. партиямизнинг миллионлаб аъзолари ҳам дўст, қардош озар халқининг ўз давлат суверенитетини тиклашдаги буюк ғалабасидан мамнунлик ҳиссини туяди.

Сафаримиз чоғида ишонч ҳосил қилдимки, ҳурматли Илҳом Алиевнинг оқилона раҳбарлиги остида Озарбайжон, жумладан, аввал можароли бўлган ҳудудларда ҳам қўшничилик, ҳамкорлик ва тараққиёт муҳитини яратишга интилмоқда. Озод қилинган ҳудудларда амалга оширилаётган тикланиш ва инфратузилма ишларининг суръатини юксак баҳолайман ва шуни таъкидлайманки, ушбу давлат тажрибаси яратувчан ёндашув ва миллий бирдамликнинг намунаси ҳисобланади.

Иккинчидан, давлатлараро доимий алоқалар орқали ўзаро сиёсий ишонч тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Кейинги йилларда қадим Хивада биринчи Марказлараро парламент форуми, Андижонда 60 дан ортиқ келишув имзоланган ректорлар форуми, ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Бокуда ўтказилган минтақалар форуми эсда қоларли янгилик ва воқеаларга бой бўлди. Буларнинг барчаси ҳамкорлик жараёнларида ҳукуматдан тортиб, ҳудудлар ва университетларгача бўлган турли даражалардаги иштирок янада мустаҳкам бўлиб бораётганини билдиради.

Учинчидан, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш  мажлиснинг асосий мавзуси бўлди. 2025 йил икки давлат муносабатларида Иқтисодий ҳамкорлик йили деб эълон қилинди — ва бу ҳам бежиз эмас.

Охирги бир йил ичида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айланмаси 25 фоизга ўсди. Бугунги кунда бу мамлакатда ўзбек капитали иштирокида тахминан 300 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Инвестиция лойиҳалари портфели 4 миллиард долларга етди ва бу ҳали фақат бошланғич босқичдадир. Кейинги йилларда савдо ва инвестиция ҳажмини йилига бир миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш ўрилики, ушбу йиғилишда алоҳида Кооперация дастури тақдим этилди. У саноат, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, туризм, соғлиқни сақлаш ва молия соҳасини қамраб олган лойиҳаларни ўз ичига олди. Шу билан бирга, қўшма инвестиция компанияси фаолиятини кучайтириш, Тадбиркорлар кенгашини ва саноат ҳамда иқтисодий зоналар форумини ташкил этиш ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватланди. Бу эса томонларнинг нафақат классик савдога, балки қўшимча қиймат занжирларини комплекс ривожлантиришга, юқори технологияли соҳаларга ва барқарор тараққиётга ҳам содиқ эканини кўрсатади.

Имзоланган ҳужжатлар орасида энг муҳимларини санаш мумкин: булардан бири 2025–2026 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастури бўлса, Агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат хавфсизлигини ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси ҳамда 2030 йилга қадар товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш дастури истиқболи катталиги билан ажралиб туради.

Икки томонлама ҳамкорликка асосланган учрашувнинг муҳим жиҳатларидан яна бири – Ўзбекистон «яшил» электроэнергиясини Европага экспорт қилиш бўйича қўшма лойиҳани жадаллаштириш ҳақидаги келишув бўлди. Бу лойиҳа Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги кенг қамровли «яшил ўтиш» стратегиясининг бир қисмига айланиши мумкин. У келгусида бутун минтақа учун энергетик мустақиллик ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлаши шубҳасиз.

Шунингдек, яна бир муҳим йўналиш – транспорт логистикасини ривожлантириш билан боғлиқ. Бу Середин (Транскаспий) транспорт коридори доирасида амалга оширилмоқда. 2025 йил баҳоридан Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида юк ташиш учун электрон рухсатнома тизими жорий қилинди. Бу эса юк ташиш ҳажмини 25 фоизга ёки йилига бир миллион тоннадан зиёдга етказди. Середин коридорининг ривожланиши уни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европани боғловчи стратегик артерияга айлантирмоқда. Келгусида бу йўналиш Шарқ ва Ғарбни геосиёсий беқарор ҳудудлардан четлаб ўтадиган асосий логистика элементига айланиши мумкин.

Бундан ташқари, денгиз йўллари ва кема қуриш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳам Протокол имзоланди. Бу Каспий денгизи орқали денгиз логистикасини кенгайтиришда янги имкониятларни очади.

Гуманитар соҳадаги келишувлар эса Тошкент ва Боку ўртасидаги стратегик шериклик нафақат прагматик манфаатларни, балки барқарор ва инклюзив тараққиёт масалаларини ҳам қамраб олишини тасдиқлади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, илм-фан, касбий ва олий таълим соҳасида ҳукуматлараро битимлар тузилди. Айрим ҳужжатлар эса 2025–2027 йилларда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига тааллуқлидир.

Бу икки давлатнинг БМТ эълон қилган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари нуқтаи назаридан айниқса муҳим. Бу ҳолда экология, таълим ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари кун тартибининг четида эмас, балки марказида турган минтақавий ижтимоий сиёсат етакчилиги намоён бўлмоқда.

Икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар ҳам йил сайин кучайиб бормоқда. Хусусан, Хивада ўтказилган халқаро «Бахши» фестивалида озарбайжонлик «Ширвон» ансамблининг иштирок этиши ва бу ансамблнинг Гран-при совринини қўлга киритгани тарихий воқеа бўлди. 2025 йилда ёшлар ўртасида маданий алмашинув йўналишида қатор қўшма тадбирлар ўтказиш режалаштирилган, бу эса юбилей йилида айниқса аҳамиятлидир.

Яна бир муҳим рамзий қадам – Бокуда «Ўзбекистон» боғини қуриш бошланди ва Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг янги биноси очилди. Жавоб тариқасида Ўзбекистонда «Озарбайжон» боғи ва «Sea Breeze» туристик мажмуаси қурилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ташаббуслар маданий ва дипломатик аҳамиятга эга бўлиб, икки биродар халққа ҳурмат ва икки миллат ўртасида маънавий яқинликни мустаҳкамлаш йўлида пойдевор бўлади.

Халқаро ва минтақавий масалаларга бағишланган тадбирлар кун тартибида икки мамлакат раҳбарларининг эзгу мақсадлари якдил экани ва бир-бирини халқаро майдонларда қўллаб-қувватлаш ниятини яна бир бор тасдиқладилар. Ўзбекистон барча низоли масалаларни фақат тинч, дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини баралла айтиб келмоқда. Озарбайжоннинг ҳам ушбу ёндашувни тўла қўллаб-қувватлаши икки давлатнинг халқаро миқёсдаги умумий овозини кучайтиради.

Замонавий дунёда давлатлараро муносабатлар билан бир қаторда партиялараро алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бир шароитда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳам етук, стратегик жиҳатдан пухта ўйланган ва изчил ҳамкорлик алоқаларини тобора кучайтириш тарафдори. Шу маънода, 2022 йил ноябрь ойида юксак рамзий аҳамиятга эга воқеа содир бўлди: Озарбайжон раҳбари партиямиз делегациясини тантанали қабул қилиб, самимий мулоқотда бўлганини ЎзЛиДеП тарихида энг ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолади. Шахсан мен учун ҳам ушбу  расмий қабул икки дўстона давлат ўртасидаги ишонч ва ўзаро тушунишнинг юқори босқичига айланаётганининг ёрқин мисолидир. Шунингдек, Озарбайжон томонининг Ўзбекистон билан шерикликни ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибори намунаси бўлди. Озарбайжон давлатининг миллий етакчиси “Янги Озарбайжон” партияси ва ЎзЛиДеП ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини алоҳида таъкидлаб, ўзаро ташрифларни давом эттириш, мулоқотни чуқурлаштириш, ҳамкорлик платформаларини кенгайтириш ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳимлигини қайд этди.

Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродасининг ёрқин натижаси сифатида 2024 йилда Озарбайжонда “Янги Озарбайжон” партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги муҳим ҳужжат – Меморандумнинг имзоланиши эришилган келишувларни мустаҳкамлабгина қолмасдан, балки тенглик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва умумий мақсадларга асосланган партиялараро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Ҳужжат Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича қўшма декларация қоидаларининг амалий ифодасига айланди.

Бугунги кунда мазкур келишув доирасида икки партия вакилларидан иборат делегацияларнинг ўзаро ташрифлари муваффақиятли амалга оширилмоқда, партиялараро ташкилотчилик ва мафкуравий қарашларга оид долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда, партия сиёсий қурилиши ва электорат билан ишлаш бўйича илғор тажрибалар ўзаро алмашинмоқда.

Шу тариқа, “Янги Озарбайжон” партияси ва ЎзЛиДеП ўртасидаги партиялараро алоқалар икки давлат сиёий кучларининг стратегик мулоқотини чуқурлаштиришнинг муҳим механизмига айланиб, халқларимиз ўртасида дўстлик янада мустаҳкамламоқда ва минтақавий барқарорлик, тараққиёт ва ривожланиш йўлида муҳим ҳисса бўлиб қўшмоқда.

Бу эса мамлакат ичкарисидаги ислоҳотлар унинг халқаро нуфузи билан бевосита боғлиқ эканини яққол кўрсатади. Сиёсий мақсадларни кўзлаган институтлар тобора ривожланиб, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва гуманитар алоқаларни кенгайтирар экан, партиялар нафақат ички вазифаларни ҳал қилмоқда, балки яхши қўшничилик ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Шу маънода, имзоланган Меморандум шунчаки ҳужжат эмас, балки Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан стратегик алоқалари фонида амалий йўналиш берувчи, самарали ва ҳаётий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат сифатида намоён бўлмоқда.

Актам ХАИТОВ,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

 

Мазкур мақола "Янги Озарбайжон" партияси сайти, “Unikal” ахборот сайти, Озарбайжон давлат ахборот агентлиги, Озарбайжон партия ёшлар қанотининг саҳифаси, "Озарбайжон" газетаси - расмий давлат газетаси ва "Озарбайжон" газетаси расмий сайтида чоп этилди.

 

Сайтни янги дизайни ёқдими?