Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Актам Хаитов: Аҳоли сони изчил ўсаётган бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб масала

04.08.2025
749

Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бири саналади. Чунки аҳоли сони изчил ўсаётган бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб бўлиб бормоқда.

Глобал иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар, ер ва сув ресурслари тақчиллиги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Юртимизда бу масала давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ривожига берилаётган юксак эътибор, соҳага доир қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар барқарор ривожланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Хусусан, 2025 йил 3 февраль куни қабул қилинган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлашга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди. Зеро, унда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича умумий қоидалар, соҳани тартибга солиш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, истеъмолчиларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этди.

2025 йилни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилингани ва бу йилги Давлат дастури соҳани барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида “яшил” технологияларни қўллаш, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш бўйича янги имкониятлар очмоқда.

Соҳага илғор агротехнологиялар, илм-фан ва инновация ютуқлари ҳам кенг жорий этилаётгани ижобий натижа беряпти. Масалан, кейинги уч йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла ери озиқ-овқат етиштиришга берилиб, 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилди. Эскирган 107 минг гектари янгиланган ҳолда, 1 миллиард долларлик 1,5 мингта озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.

Юз минг тонна сақлаш, 70 минг тонна қуритиш, 46 минг тонна саралаш ва қадоқлаш қувватлари яратилди. Натижада ўтган 6 ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион доллар бўлди. Экспорт географияси эса 16 та давлатга кўпайди.

Бугунги кунда деҳқону фермерларимиз барча шарт-шароитларга эга. Жумладан, экин-текин учун уруғлик, минерал ўғит ва бошқа зарурий ресурслар бевосита фермернинг даласи бошигача етказиб берилиб, барча турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Улар молиявий жиҳатдан ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ҳудудларда бўлиб, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишамиз. Назорат-таҳлил тадбирлари доирасида ҳам уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини эшитамиз. Фермерларимизнинг давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш йўлида қилаётган меҳнатлари, бозорларимиз тўкинлигига қўшаётган ҳиссаси эътиборга молик.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилаётгани, жумладан, шу ойда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО Кенгаши аъзолигига сайлангани ҳам мазкур тармоқда ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар натижаси, десак тўғри бўлади. Бу аъзо давлат сифатида янги халқаро ташаббусларни илгари суриш ва инвестицияларни жалб этишда мамлакатимиз учун катта имкониятлар эшигини очади.

Президентимиз раислигида шу йил 30 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокама қилиниб, ушбу соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Билдирилган фикрлар мамлакат аграр сиёсатида янги босқичга ўтиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

Албатта, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик учун муҳим бўлган иссиқхонада маҳсулотни кўпайтириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилгани бежиз эмас. Чунки озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик масаласидир. Эндиликда иссиқхоналар, тоифасидан қатъи назар, ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлаши ҳозирги кунда иссиқхоналарни молиявий қийин вазиятга туширган муаммонинг тўғри ечими бўлди.

Яна бир янгилик: 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Бу янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилади.

Маълумки, дуккакли маҳсулотлар энг катта экспорт захиралардан бири. Ҳар йили 450 миллион долларлик ловия, мош, тариқ ва нўхат экспорт қилинаётгани эътиборга молик. Лекин ишчи кучи етишмагани учун ҳосилнинг 30 фоизи тўкилиб, исроф бўлаётгани, катта миқдорда экспорт имконияти бой берилаётгани бу борада зарур чоралар кўришни тақозо этади. Бу орқали экспорт ҳажми янада кенгайиб, ички бозорда нарх-наво барқарор, соҳадан даромад олиш кўрсаткичлари ҳам анча юқори бўлади.

Ривожланган мамлакатларда фермерлар дуккакли экинларни махсус комбайн билан йиғиштиради. Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан бундай техникаларга 15 фоизгача субсидия берилиши, кредит ставкасининг 10 фоиздан ошган қисми ҳам қопланиши фермерларимиз учун кенг имкониятлар яратиб, уларни фаолликка чорлади.

Экспортчилар ташишга ортиқча харажат қилмаслиги учун божхона режимида қайта ишланган маҳсулотни исталган постдан экспорт қилиш имконияти яратилаётгани партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун катта имконият ва рағбат бўлади. Бу имтиёз ва имкониятлар масъулиятимизни ҳам ошириши керак.

Ҳозирги кунга қадар 200 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани катта самара берди. Бу орқали 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилди. Ушбу ишлар учун ўтган йили 2,6 триллион сўм, жорий йил эса 1,2 триллион сўм сарфланди.

Йил якунигача яна 10 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйиш, 200 минг гектарни лазерли текислаш учун 1 мингта техника харид қилиш режалаштирилган. Бу ўз навбатида, сувни асраб-авайлаш, унинг ҳар томчисидан унумли фойдаланиш, хосилдорликни оширишга туртки беради.

Дала четига экин экиш, кооперациялар бўйича қонунлар ва Сув кодексининг қабул қилингани сув танқислиги шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шу маънода, биз, депутатлар, маҳаллий кенгаш вакилларидан қишлоқ хўжалигида даромадни ошириш, экспортни рағбатлантириш, тадбиркорларни стандартлар жорий қилиш ва сертификат олишга ўргатиш бўйича фаол бўлиб, қонунчиликка оид янги таклиф беришимиз талаб этилади.

Биз партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар ва фермерлар учун муҳим бўлган мазкур масалаларда, жумладан, қонунларни такомиллаштириш ва ижросини таъминлаш борасида ҳукумат идоралари билан фаол ҳамкорликда иш олиб боришимиз лозим.

 Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари.

Сайтни янги дизайни ёқдими?