Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 30-апрел 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Банк карталаридан фойдаланишда иқтисодий самарадорлик ва хавфсизликни таъминлаш лозим

28.04.2026
293

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, шу жумладан банк ва FinTech (молиявий технологиялар) соҳасида ҳам замонавий технологияларини кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, охирги ислоҳотларга кўра, иқтисодиётни “соғломлаштириш”, “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш, коррупциянинг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида аҳоли учун муҳим бўлган айрим тўловлар ва операциялар учун нақд пул қабул қилиниши тўхтатилди ва улар фақат нақдсиз шаклда (банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали) амалга оширилиши белгиланди.

Бу эса банк хизматларидан, хусусан банк карталаридан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда. Маълумки бугунги кунда банк карталаридан фойдаланиш, улар орқали амалга оширилаётган ҳар бир тўлов ҳақида SMS-хабар юбориш амалиёти йўлга қўйилган.

Шу боис, аксарият молиявий операциялар банк карталари орқали амалга оширилиши натижасида, SMS-хабарлар ҳам кўпайган. Мазкур ҳолатда аҳолига кўшимча харажатлар ҳам ортиб бориб, қўшимча молиявий юк бўлиб қолмоқда. Боз устига, SMS-хабарлар нархлари ҳам тизимли равишда оширилмоқда. Масалан, охирги уч йилда SMS-хабарларни нархи 2 баробарга оширилган (84,2 сўмдан 168,4 сумгача).

Бундан ташқари, SMS-хабарлар ҳар доим ҳам ўз вақтида етиб келмаслиги ва маълумот ҳажмининг чеклангани ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш даражаси юқори эмаслиги сабабли самарадорлиги пасаймоқда.

Соҳадаги хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, банклар ва тўлов тизимлари фақат битта хабарнома тизимидан фойдаланиш амалиётидан, жумладан SMS-хабарлардан воз кечиш тенденцияси кузатилмоқда.

Хорижий мамлакатларда аҳолига банк карлаталаридан фойдаланганлик учун SMS-хабар ўрнига арзон ёки умуман текин бўлган бир нечта муқобил тизимлар – Push ва In-App тизими, мессенжерга хабарлар юбориш, Email-хабарномалар жорий этилмоқда.

Мисол учун Европа Иттифоқи фаол Push ва In-App тизимига ўтмоқда. Европа банклари (масалан, Revolut, N26, BNP Paribas) операцияларни тасдиқлаш ва карта ҳисоботлари учун деярли тўлиқ Push-билдиришномаларга ўтган. Бу эса, SMS-хабарномалардаги заифликлари орқали кодларни ўғирлаш ҳолатларининг камайишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга, Европа, Осиё ва Лотин Америкада мессенжерлар орқали хабарлар юбориш ҳам оммалашган.

Сингапур эса, хавфсиз рақамли токенлар (Soft Tokens) тизимини жорий этиб, юқори хавфли операциялар учун SMS-OTP (бир марталик пароллар) дан воз кечиш мажбуриятини юклади. Бу тизим уяли алоқага боғланмаган ҳолда, банк иловаси ичида генерация қилинадиган рақамли калитлар орқали хабарномаларни бошқариш имкониятини беради.

Хорижий мамлакатлардаги мазкур янгиликлар банкларнинг операцион харажатларини SMS-хабарномаларга нисбатан 50–70 фоизга камайшига олиб келмоқда.

Шу боис, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимизда FinTech соҳасини ривожланиши ва молия бозорини рақамлаштиришнинг асосий драйверига айланаётганилигини инобатга олиб, “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида кенг қамровли ўрганишлар олиб борди.

Партия хорижий мамлакатларнинг ушбу йўналишдаги ижобий тажрибаси асосида, банк карталаридан фойдаланишда аҳоли учун қулай ва мижозлар манфаатига йўналтирилган тизимни жорий этиш таклифини илгари суради, жумладан:

– банк ва тўлов тизими операторларига жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда SMS-хабарларга муқобил бўлган хорижий мамлакатлардаги ижобий тажрибага таянган ҳолда киберхавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий самарадорлик даражаси юқори бўлган хабарнома тизимларини жорий этиш бўйича мажбуриятни юклаш;

– банк карталарини фаоллаштириш ва фойдаланишда фақат битта хабарнома туридан фойдаланиш амалиётидан воз кечиш;

– банк картасидаги молиявий трансакцияларни мониторинг қилиш учун хабарноманинг қайси туридан фойдаланишни истеъмолчининг ўзини эхтиёрига тақдим этиш.

Келгусида мазкур таклифарни қабул қилиниши мамлакатда ижтимоий барқарорлик ҳамда аҳолида банк соҳасига ва электрон тўлов тизимларига ишонч муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Ўзбекистон Либерал-демократик партияси

Ахборот хизмати

Сайтни янги дизайни ёқдими?