Шанба 26-Апрел 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Дунё парламентлари глобал чақириқларни самарали ҳал қилишга даъват этилди

08.04.2025
205

Парламентлараро ҳамкорлик халқаро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиб, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш учун платформа вазифасини ўтайди. 1889 йилда ташкил этилган Парламентлараро иттифоқ парламентлараро ҳамкорликнинг энг муҳим институти ҳисобланади. Парламентлараро иттифоқ дунёнинг кўплаб мамлакатлари миллий парламентларини бирлаштириб, демократия, гендер тенглиги ва барқарор ривожланишни ривожлантиришга интилади. Бу ташкилот Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) билан фаол ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон парламентлараро ҳамкорлик тизимида фаол иштирок этиб, халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамлашга, глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшишга интилмоқда. Ўн йиллик танаффусдан сўнг 2017 йилда Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқдаги фаол иштироки тиклангани бу йўналишдаги муҳим қадам бўлди.

2025 йил апрель ойида Тошкентда Марказий Осиё тарихида илк бор Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси бўлиб ўтди ва бу Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва парламент дипломатиясини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганидан далолатдир. Тадбирда 140 га яқин мамлакат парламентлари ва халқаро ташкилотларнинг 2 мингдан ортиқ делегатлари иштирок этди.

  Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқ Aссамблеясидаги нутқида парламентлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ягона универсал глобал платформа сифатида БМТ Низоми ва халқаро ташкилот резолюцияларига содиқлигини тасдиқлади. Президент Бош котиб A.Гутерришнинг БМТни ислоҳ қилиш, унинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги ролини кучайтириш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, парламент – бу одамларнинг дарду ташвиши ва муаммоларини энг қуйи тизимдан бошлаб, керак бўлса, минтақавий ва халқаро миқёсга олиб чиқишга, уларга самарали ечим топишга қодир бўлган қудратли кучдир. Айнан улар иқтисодий инқирозлардан тортиб, терроризм ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидларгача бўлган глобал муаммоларга самарали ечим таклиф қила олади. Буларнинг барчаси уларнинг тинчлик, адолат ва барқарор ижтимоий тараққиётни таъминлаш жараёнларидаги фаол иштирокини тақозо этади.

Ўзбекистон Президенти давом этаётган ижтимоий-иқтисодий тенгсизликни замонамизнинг асосий муаммоларидан бири деб атади. Сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортганига қарамай, афсуски, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу ҳолат иқтисодиёт ва жамиятга катта зарар етказади, ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини заифлаштиради.

Ўзбекистон Президенти ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади. У дипломатик йўлни ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда барқарор тинчликнинг ягона мақбул варианти деб атади. Ўз нутқида Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш лозимлигини қайд этди.

Ўзбекистон Президенти ривожланаётган мамлакатлар тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган иқлим ўзгаришларини давримизнинг ўткир муаммоси сифатида қайд этди. У Париж келишувига риоя қилиш ва углерод нейтраллигига ўтиш муҳимлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари дунё парламентлари экологик ташаббусларни илгари суриш ва яшил технологияларни қўллаб-қувватлашда етакчи роль ўйнаши кераклигига ишонч билдирди.

Хотин-қизлар, ёшлар ва ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти шунингдек дунё миқёсида аёл депутатларнинг улуши 1995 йилдаги 11,3 фоиздан жорий йилга келиб 27,2 фоизга кўтарилганини қайд этди. У иқтисодиётнинг барча тармоқларида аёлларнинг эркаклар билан тенг иштироки таъминланса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 26 фоизга ўсишини таъкидлади. Ўзбекистон БМТ Бош Aссамблеясининг Осиёда аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ролини кенгайтиришга қаратилган резолюциясини илгари сураётгани қайд этилди. Парламентлараро иттифоқ юксак минбаридан Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблаши таъкидланди. Хусусан, бу ҳар бир инсоннинг сифатли хизматлардан фойдаланишини таъминлаш, ёшларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол иштирок этиши учун шароит яратиш демакдир.

Шавкат Мирзиёев янги давр муаммолари билан бир қаторда сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди У барча давлатлар учун ўзига хос намуна бўлиб хизмат қилувчи сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. 

Дунёдаги ҳеч бир давлат ва жамият фақат кўплаб қонун ёки қарорлар қабул қилиш билан ривожлана олмаслиги қайд этилди.  Барчамиз бу йўлда бирлашиб, қонун ижодкорлиги руҳини кучайтириб, бор билим ва тажрибамизни ягона мақсад сари сафарбар этишимиз зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Президенти дунё парламентларини ўзаро англашув ва сайёра келажаги учун масъулият руҳида бирлашишга даъват қилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши ҳам Ўзбекистон, ҳам бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим воқеликдир. Мазкур тадбир тарихда илк бор Марказий Осиёда ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани, демократик ислоҳотлар ва парламентаризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилаётганидан далолат беради. Мазкур нуфузли анжуман доирасида инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, камбағалликни қисқартириш, қонун устуворлигини таъминлаш, илмий-техникавий тараққиёт ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бутун дунёда тинчлик ва демократияни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистон парламентлараро ҳамкорлик тизимида фаол позицияни эгаллаб, парламент дипломатиясидан халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш, миллий манфаатларни илгари суриш, глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда иштирок этиш воситаси сифатида фойдаланаётгани яққол намоён бўлди.

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?