Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда тарихий қадам
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда маҳсулот етиштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-172-сон Фармони билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ижрачиларига ўзига ижарага берилган ер участкаларининг бир қисмига нисбатан ижара шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқи берилди.
Партиямизнинг сайловолди дастурида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижара ҳуқуқини бўлиб сотиш учун қонуний базани такомиллаштириш вазифаси белгиланган эди.
Фармондаги айнан шу (III-қисм) норма сайловолди дастуримиздаги ғояларнинг амалга ошаётганлигини исботламоқда.
Мазкур Фармон қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан оқилона, самарали ва узлуксиз фойдаланиш, бўш турган ер участкаларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва реализация қилинишини ташкил қилиш, ер майдонларини қайта ижарага бериш тартибини соддалаштириш мақсадида қабул қилинди.
Ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини қисман бошқа шахсга ўтказишда бир қатор қоидадан белгиланганди.
Биринчидан, ижарачининг ўзида қолаётган ва қайта ижарага олувчига ўтказилаётган ер участкаларининг майдонларига нисбатан талаб.
Ушбу талаб Ер кодексининг 461-моддаси талаблари асосида белгиланиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳсулот етиштирувчи субъектларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлашга қаратилган.
Унгу кўра, ижарачининг ўзида қолаётган ва қайта ижарага олувчига ўтказилаётган ер майдонлари ўлчамлари чегаралари қуйидагича:
- деҳқон хўжалигини юритиш учун — 0,06 гектардан 1 гектаргача (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган айрим ҳудудларда — 0,06 гектардан 5 гектаргача);
- фермер хўжаликларига ва бошқа юридик шахсларга:
сабзавотчиликка ихтисослашганларга — камида 3 гектар;
боғдорчиликка, узумчиликка ихтисослашганларга — камида 3 гектар;
чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларни етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) — суғориладиган ерлардан — камида 0,3 гектар, лалмикор ерлардан — камида 1 гектар, яйловлар ва пичанзорлардан — камида 2 гектар;
пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашганларга — камида 30 гектар;
ғаллачиликка, сабзавотчиликка, пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашганларга — камида 10 гектар;
- агросаноат кластерлари, шу жумладан кооперация шаклидаги кластерлар учун:
пахтачилик-тўқимачиликка ихтисослашганларга — камида 2000 гектар;
ғаллачиликка ихтисослашганларга — камида 1000 гектар;
сабзавотчилик ва полизчиликка ихтисослашганларга — камида 200 гектар;
боғдорчилик, узумчиликка ихтисослашганларга — камида 100 гектар;
чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларини етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) суғориладиган ерлардан — камида 0,3 гектар, лалмикор ерлардан — камида 1 гектар, яйловлар ва пичанзорлардан — камида 2 гектар;
пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашганларга — камида 10 гектар.
Иккинчидан, ер участкларини қисман ижарага беришда уларни ижарачи ва қайта ижарага олувчи ўртасида тақсимлаш қишлоқ хўжалиги харитасидаги контурлар яхлитлиги ва амалдаги суғориш тизимини сақлаб қолган ҳолда алоҳида турган контурларни қайта тақсимлаш орқали амалга оширилади.
Учинчидан, ер участкаларини қисман қайта ижарага беришда тарафлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини бўлиш ва уни янги чегараларини белгилаш бўйича давлат хизматидан фойдаланиши белгиланди.
Таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижара ҳуқуқини бошқа шахсларга ўтказиш зарурати қуйидаги ҳолларда юзага келиши мумкин:
- ижарачига ажратилган ер майдонида меҳнат қилишда ишчи кучининг етишмаслиги;
- маҳсулот етиштиришда молиявий имкониятларнинг чекланганлиги;
- агротехник тадбирларни бажаришда замонавий техника ва технологияларни ўзлаштириш имкониятларининг камлиги;
- ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда инвестицияларни жалб қилиш заруратининг юзага келиши;
- қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий қилиш ва бошқалар.
Президентимизнинг қабул қилган мазкур Фармони қишлоқ хўжалигида манфаатни янада ошириш, инвестицияларни кўпайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш, бандликни ошириш, экспортбоп маҳсулотларни етиштиришни рағбатлантиришга қаратилган тарихий қадам сифатида эътироф этиш деб ҳисоблайман.
Бахтиёр Рухитдинов
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш,
бизнесни қўллаб-қувватлаш ва партия дастурлари мониторинги департаменти раҳбари