Ёшлар парламентига номзодларнинг Республика саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда
Бугун ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Ёшлар парламентига сайловда партиядан иштирок этадиган 137 нафар номзод синовдан ўтмоқда.
Таъкидлаш керак, ёшлар овозини эшитиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва сиёсий жараёнларга фаол жалб этиш мақсадида ташкил этилган Ёшлар парламенти йигит-қизларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда.
2025 йил 6 март куни ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси ва Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида Ёшлар парламентига сайлов ўтказиш тартибини белгиловчи Низом тасдиқланган эди. Мазкур ҳужжат асосида республика бўйлаб ёшларга парламентда ўз овозини эшиттириш имконияти яратилди. Жараённинг биринчи босқичи 20 мартдан 2 апрелга қадар давом этди. Шу қисқа муддат ичида жами 5 482 нафар ёшлар - парламент аъзолигига ариза топширди. Саралашнинг иккинчи босқичига эса 1 250 нафар энг иқтидорли ва фаол ёшларнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 12–21 апрель кунлари ташкил этилган ҳудудий босқичларда ўз салоҳиятларини намоён қилишди.
Ҳудудий босқичнинг баҳолаш жараёнлари партия вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсатчилар ҳамда олимлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан олиб борилди. Ҳар бир номзод сиёсий ва ҳуқуқий билимлари, партия тарихи ва вазифалари бўйича хабардорлиги, сайловолди лойиҳаси, ёшларга оид қонунчилик таклифлари каби мезонлар бўйича 100 баллик тизимда баҳоланди. Натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган 137 нафар номзод Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Саралашнинг республика босқичида ҳудудлардан сараланган энг муносиб номзодлар иштирок этмоқда. Улар ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифларни тайёрлаш каби йўналишларда ўз истеъдодларини намойиш этишмоқда.