Ўзбекистон — АҚШ: ўзаро ишонч, самимият ва тараққиёт йўлида
Дунёда глобал геосиёсий жараёнлар кескин суръат билан ривожланаётган бир даврда, мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари орасида АҚШ билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунларданоқ бу давлат билан муносабатларини йўлга қўйган бўлса-да, сўнгги йилларда бу алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Айни вақтда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида туб бурилиш кузатилмоқда. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мустақилликнинг илк давриданоқ мамлакатимиз Америка билан дипломатик алоқаларни ўрнатган. Лекин айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва очиқ ташқи сиёсат йўналиши туфайли бу муносабатлар янги сифат босқичига кўтарилди.
Бугун биз икки давлат алоқаларига тўхталадиган бўлсак, биринчи навбатда, уларнинг амалий натижаларини назарда тутамиз. Товар айирбошлаш ҳажмининг сезиларли ошиши, йирик америкалик корпорациялар ва молиявий институтларнинг мамлакатимизга қизиқиши ортиши, сармоя киритиш бўйича амалий келишувлар – буларнинг барчаси Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилаётгани шубҳасиз.
Айнан шу нуқтада бир муҳим жиҳатни таъкидлаш лозим: яъни Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги орқали олинаётган самаралар, аввало, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган. Янги иш ўринлари, замонавий технологиялар, малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятлари ва иқтисодий барқарорлик – булар халқларимиз ҳаётида яққол сезиладиган ўзгаришлар сирасига киради.
Мисолларга мурожаат қилайлик: икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайди. 2024 йилда товар айланмаси тарихда илк бор 882 миллион долларга етди. Бу 2023 йилга нисбатан 15 фоизга кўп, сўнгги саккиз йил ичида эса тўрт баробар ўсиш демакдир. Шундан 317 миллион доллари экспорт улушига тўғри келди (олдинги йилга нисбатан 29,1 фоиз ўсиш), яъни Ўзбекистондан АҚШга юборилган маҳсулот ҳажми икки баробар ошди. Бу кўрсаткич мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг Америка бозорига кириб бориши барқарор йўналишга айланганини кўрсатади.
Экспорт таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, унда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ҳамда тўқимачилик ва гилам маҳсулотлари, қурилиш материаллари етакчи ўринни эгаллайди. Бу эса икки жиҳатдан муҳим. Биринчиси, Ўзбекистоннинг саноат ва аграр сектори маҳсулотлари АҚШ бозорида рақобатбардош экани исботланмоқда. Иккинчиси, экспорт геог рафияси диверсификация қилиниб, Европа ва Россия бозорлари билан бирга АҚШ йўналиши ҳам мустаҳкамланмоқда.
Биламизки, АҚШ дунёдаги энг йирик сармоядор мамлакатлардан бири ҳисобланади. Унинг молиявий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мамлакатимиз иқтисодиёти учун катта имкониятлар яратади. Сўнгги йилларда қатор трансмиллий корпорациялар билан имзоланган шартномалар бунинг яққол далилидир.
Назаримизда, Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида бугун ўзига хос тарихий саҳифа очилди. Яъни дўстона мулоқот, ишонч ва прагматик ҳамкорлик намоён бўлмоқда. Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган очиқлик сиёсати, шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодиётида янги бир даврни бошлаб бермоқда.
Албатта, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар фақат имзоланаётган расмий ҳужжатлар ёки баёнотлар билан эмас, балки давлат раҳбарларининг самимий мулоқотлари орқали мустаҳкамланади. Шу маънода айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва АҚШ Президентларининг ўзаро мулоқотлари икки давлат алоқалари тарихида бурилиш ясамоқда.
Жонли мисол шуки, Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида бўлиб ўтган учрашувда бу яна бир бор ўз исботини топди. Президентлар орасидаги суҳбат нафақат расмий дипломатик руҳда, балки самимийлик ва ишончга асосланган ҳолда кечди. Бу эса мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳақиқий стратегик шериклик босқичига кўтарилганидан далолат беради.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан яна бири мувозанатли ва очиқ мулоқот олиб борилаётганидир. АҚШ билан мулоқотда ҳам айнан шундай йўл тутилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий ва очиқ баёнотлари, амалий ташаббуслари америкалик сиёсий ва бизнес доиралари томонидан ҳам юқори баҳоланаётганига барчамиз гувоҳмиз.
Президент Трампнинг “Президент Мирзиёев – бир сўзли инсон” деган таърифи бежиз эмас. Бу сўзлар нафақат икки етакчи ўртасидаги шахсий ишонч, балки бутун давлатлараро муносабатларнинг очиқлиги ва самимиятини ифода этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сиёсий мулоқотнинг самараси иқтисодий соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Нью-Йоркда ўтказилган ишбилармонлик форумлари, америкалик инвесторлар билан бўлиб ўтган музокаралар натижасида фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, молия ва инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда умумий қиймати 100 миллиард доллардан зиёд бўлган шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Бу шартномалар фақат рақам эмас. Уларнинг ҳар бирида халқимиз ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган йирик лойиҳалар мужассам. Масалан, энергетика соҳасида Америка компаниялари билан йирик инвес тиция битимлари тузилиб, мамлакатимизда барқарор ва экологик тоза энергия манбаларини яратиш режалаштирилган. Молия бозорида “Citigroup”, “Franklin Templeton”, “BNY Mellon”, “BlackRock” каби йирик корпорациялар билан келишувларга эришилди. Бу эса миллий капитал бозорини ривожлантириш, IPO жараёнларини самарали йўлга қўйиш имконини яратади. Авиация соҳасида “Boeing” билан 22 та замонавий самолёт хариди бўйича битим имзоланди. Бу нафақат юртимиз авиа паркини янгилайди, балки мамлакатимизни глобал авиация бозоридаги нуфузини оширади.
Фикримизча, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий мулоқотлар ва иқтисодий келишувлар ўзининг яна бир асосий жиҳати билан ғоят аҳамиятли: уларнинг марказида халқ манфаати турибди. Иш ўринлари яратиш, янги технологияларни жалб қилиш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш – барчаси одамлар ҳаёти сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Сиёсий мулоқот қанчалик самимий бўлса, иқтисодий ҳамкорлик ҳам шунчалик самарали бўлади. Президентлар ўртасидаги ишончли муносабатлар эса икки давлат учун ҳам улкан истиқболлар эшигини очмоқда.
Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий тараққиётида халқаро ҳамкорлик, айниқса, йирик бизнес ва молия компаниялари билан йўлга қўйилган алоқалар беқиёс аҳамият касб этади. Нью-Йорк шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШнинг етакчи бизнес вакиллари билан учрашувлари айнан шундай муҳим воқеа сифатида тарихга кирди. Бу мулоқотларда имзоланган шартномалар, тузилган келишувлар бир қарашда рақамлар ва ҳужжатлардек кўринса-да, аслида уларнинг замирида юзлаб иш ўринлари, минглаб оилаларнинг фаровон ҳаёти, мамлакатнинг келгуси иқтисодий йўналишлари мужассам.
Учрашувларда “Traxys”, “FLSmidth”, “McKinsey”, “Go Green Partners” каби компаниялар билан битимлар имзоланди. Ушбу келишувлар қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасига замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган. Бу дегани Ўзбекистон нафақат хом ашё экспортига таянади, балки қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш орқали жаҳон бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, “яшил иқтисодиёт”га оид келишувлар мамлакатимизда барқарор тараққиёти учун асос яратмоқда. Янги технологиялар орқали табиатни асраб-авайлаш, энергия ресурсларини тежаш, экологик ҳолатни яхшилаш – буларнинг барчаси келажак авлод учун ҳам бой меросдир.
Мамлакатимиз иқтисодиётида капитал бозорини ривожлантириш узоқ йиллардан буён долзарб масала бўлиб келаётганди. Энди эса бу йўналишда улкан қадамлар қўйилмоқда. АҚШнинг йирик молиявий корпорациялари — “BlackRock”, “Franklin Templeton”, “Citigroup”, “BNY Mellon” билан тузилган келишувлар юртимизда молия бозорини тубдан ривожлантиришга хизмат қилади.
Айниқса, “Franklin Templeton” билан қўшма инвестиция фонди ташкил этилиши катта стратегик аҳамиятга эга. Бу орқали мамлакатимизга тўғридан-тўғри сармоялар оқими ошади, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва IPO жараёнларини самарали амалга ошириш имкониятлари пайдо бўлади.
Америка билан ҳамкорликдаги энг йирик келишувлардан бири “Boeing” корпорацияси билан тузилган шартнома бўлди. Унга кўра, “Uzbekistan Airways” 22 та замонавий “Dreamliner” самолётини харид қилади. 8 миллиард долларлик ушбу битим нафақат Ўзбекис тон учун, балки АҚШ учун ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки бу битим орқали Америкада 35 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Ўзбекистон учун эса бу келишув авиация соҳасини модернизация қилиш, юртимизнинг халқаро авиақийматлар бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш демакдир.
АҚШнинг етакчи тиббиёт муассасаси “Cleveland Clinic” билан ҳамкорлик эса соғлиқни сақлаш соҳасини янги босқичга олиб чиқади. “Akfa group” билан ҳамкорликда ташкил этиладиган замонавий клиника нафақат юртимиз аҳолисига, балки бутун Марказий Осиё давлатлари фуқароларига ҳам хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистонни минтақавий тиббий марказ сифатида шакллантириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Очиғини айтганда, ҳар бир битим ортида халқимиз манфаати ётибди. Иш ўринлари, замонавий технологиялар, янги имкониятлар буларнинг барчаси “Янги Ўзбекистон”нинг амалий тараққиёт йўлини белгилаб беради. Бизнес вакиллари билан имзоланган шартномаларни қоғоздаги рақам сифатида эмас, балки оддий фуқаролар ҳаётида ўзгариш олиб келадиган аниқ қадам сифатида кўриш лозим.
Дунё сиёсатида шундай ҳолатлар борки, улар расмий протоколлардан кўра инсоннинг самимий қиёфаси орқали ўз ифодасини топади. Давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатларда ҳам бу жиҳат муҳим аҳамиятга эга. Чунки сиёсатда ишонч ва дўстона муҳит йўқ жойда, ҳатто энг йирик келишувлар ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасидаги мулоқотларда кузатилаётган самимийлик ва ишончни алоҳида таъкидлаш керак. Нью-Йорк шаҳрида, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида ўтган учрашувда ҳам ана шу муҳит яққол намоён бўлди.
Президентимиз мулоқот чоғида АҚШ етакчисини халқаро майдондаги муваффақиятлари билан табриклаб, унинг тинчликпарвар ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Дональд Трамп эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ларга юқори баҳо берди.
Эътиборга молик жиҳати, Трамп шахсан Truth Social тармоғида пост қолдириб, Президент Мирзиёевни “бир сўзли инсон” сифатида таърифлади. Бу таъриф нафақат давлатимиз раҳбарининг шахсий нуфузи, балки Ўзбекистоннинг халқаро обрўси тобора ортиб бораётганини ҳам кўрсатади. Сиёсатда бундай ибора камдан-кам ҳолларда ишлатилади. Ижтимоий тармоққа жойланган пост миллионлаб одамларга етиб борди. Бу хабар халқаро оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, таҳлилчилар томонидан муҳокама қилинди. Демак, Трампнинг сўзлари расмий дипломатик каналлардан ташқари оммавий фикрда ҳам Ўзбекистонга ижобий имиж яратди.
Бу постда “улкан битим” сўзи билан бирга келажакдаги ҳамкорликка ишора ҳам бор. Трампнинг муносабати шундан далолат берадики, АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон билан узоқ муддатли, барқарор шерикликдан манфаатдор.
Давлат раҳбарлари мулоқоти фақат икки ҳукумат ёки элита ўртасидаги алоқа эмас. У орқали халқлар ҳам яқинлаша боради. Мирзиёев ва Трамп суҳбатларида икки давлат фуқаролари учун амалий фойда келтирадиган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Умуман олганда, икки етакчи ўртасидаги самимий муносабатлар стратегик ҳамкорликка янада куч қўшмоқда. Агар мулоқотлар совуқ расмийлик билан ўтганида, келишувлар ҳам бундай кенг қамровли бўлмасди. Самимият эса ҳар қандай муносабатнинг энг ишончли пойдевори ҳисобланади.
Шу боис айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари стратегик шерикликдан дўстона иттифоқчилик босқичига кўтарилиб бормоқда. Чунки икки давлат етакчилари мулоқотидаги самимийлик халқлар ўртасидаги яқинликка айланмоқда.
Биламизки, БМТ Бош Ассамблеяси бу дунёдаги энг нуфузли сиёсий минбардир. У ерда янграган ҳар бир сўз, ҳар бир чақириқ халқаро жамоатчилик томонидан диққат билан кузатилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ 80-юбилей сессиядаги нутқи ана шундай аҳамиятли тарихий чиқишлардан бири бўлди.
Алоҳида қайд этиш керакки, Президентимизнинг бу нутқи Ўзбекистон ташқи сиёсий стратегиясининг барча йўналишларини қамраб олган комплекс дастур сифатида намоён бўлди.
Мен ушбу нутқни тинглар эканман, бир нарсани яна бир бор англадим: бугунги Ўзбекистон фақат ўзининг миллий манфаатларинигина эмас, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг долзарб муаммоларини ҳал этишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Президент нутқида, энг аввало, тинчлик масаласига қайта-қайта тўхталиб ўтилди. Жаҳондаги кўплаб низолар, қуролли тўқнашувлар ва геосиёсий қарама-қаршиликлар фонида бу чақириқнинг аҳамияти беқиёс. Биз дунёда тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун очиқ мулоқот ва ҳамкорликдан бошқа йўл кўрмаймиз, деган фикр замирида бутун дунё давлатларига қаратилган самимий даъват ётибди.
Президентимиз нутқида иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергия тақчиллиги каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу муаммоларнинг ҳар бири инсоният тақдири билан боғлиқ. Айниқса, “яшил иқтисодиёт” ғоясини илгари суриш, экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги чақириқлар нафақат юртимиз учун, балки бутун дунё учун долзарб аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, нутқда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, камбағаллик даражасини қисқартириш, таълим ва илм-фанга устувор аҳамият бериш, гендер тенглик ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш каби масалаларга ҳам алоҳида урғу бериб ўтилди. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг глобал майдонда ҳам адолатли ва тараққийпарвар давлат сифатида юксалиб бораётганидан далолатдир.
Минтақавий ҳамжиҳатликка оид фикрлар, яъни Марказий Осиёни яқин қўшничилик ва шериклик макони сифатида шакллантириш ғояси алоҳида эътиборга молик. Чунки бу йўлда сўнгги йилларда қўлга киритилган натижалар ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ёпиқ чегаралар даври тарихда қолгани, савдо ва инвестициялар ҳажми бир неча баробарга ўсгани, қўшма лойиҳаларнинг кўпайиши бу халқларимизнинг келажак фаровонлиги учун хизмат қиладиган амалий натижалардир.
Шунингдек, нутқда Афғонистонда барқарорликни таъминлаш, Фаластин-Исроил муаммосини “икки халқ – икки давлат” тамойили асосида ҳал этиш, Украина атрофидаги вазиятни дипломатик йўллар билан тартибга солиш каби ташаббуслар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мувозанатли ва тинчликпарвар йўналишини намоён этди.
Президентимиз томонидан иқлим ўзгариши ва сув ресурслари тақчиллигига оид билдирилган таклифлар эса фақат мамлакатимиз учун эмас, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун ҳаётий аҳамиятга эга. Хусусан, Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар, “яшил макон” дастури, сув инқирозини ҳал қилиш учун глобал форум ташкил этиш ташаббуси бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидир.
Айтиш мумкинки, Президентимиз нутқи нафақат давлат раҳбарининг позицияси, балки бутун халқимизнинг адолат, тинчлик ва тараққиёт йўлидаги умумий иродасини ифода этди. Бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги очиқлик ва прагматизм тамойиллари халқ дипломатияси, парламент фаолияти ва жамоатчилик мулоқотида ҳам ўз ифодасини топиши зарур.
Умуман олганда БМТ минбаридан сўзланган нутқ бугунги мамлакатимиз ташқи сиёсий курсининг уйғунлигини кўрсатади. Бир тарафдан, мамлакат глобал масалаларда масъулиятли иштирокчи сифатида кўринаётган бўлса, иккинчи тарафдан, икки томонлама муносабатларда амалий натижаларга эришмоқда. Президентимиз БМТ минбаридан нафақат давлат раҳбари сифатида, балки халқимизнинг ҳаққоний ва адолатли овози сифатида нутқ сўзлади. Унинг сўзлари — тинчликка, ҳамкорликка ва инсонпарварликка даъватдир.
Ушбу нутқни тинглар эканман, юрагимда икки хил туйғу уйғонди: фахр! Чунки Президентимизнинг фикрлари халқаро ҳамжамият олдида Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини янада оширди. Иккинчиси эса масъулият! Чунки айтиб ўтилган ҳар бир ташаббус, ҳар бир чорлов биз депутатлар, сиёсий партиялар, жамият вакиллари зиммасига ҳам янги вазифалар юклайди.
Биз ушбу кузатувларимиз доирасида Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг турли қирраларини имкон қадар таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Сиёсий мулоқотлар, иқтисодий келишувлар, бизнес вакиллари билан учрашувлар, Президентлар мулоқотидаги самимийлик, ижтимоий тармоқдаги фикрлар ва албатта, БМТ минбаридан янграган нутқ. Бу жараёнларни бир-бирига боғлаб таҳлил этсак, бир муҳим ҳақиқат кўзга ташланади: яна бир бор таъкидлаймиз – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг марказида халқ манфаати турибди!
Демак, хулоса шуки, Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари бугун янги стратегик босқичга кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида олиб борилган сиёсий мулоқотлар, АҚШ бизнес вакиллари билан ўтказилган учрашувлари ва БМТнинг юксак минбаридан янграган ғоялари – бунинг ёрқин исботидир.
Мен, O‘zLiDeP фракцияси вакили сифатида, қуйидаги хулосаларни айтишни зарур деб биламан:
Биринчидан, АҚШ билан олий даражадаги сиёсий мулоқотларда кузатилаётган самимийлик ва ишонч руҳи мамлакатимиз ташқи сиёсатининг очиқ ва прагматик йўналишини тасдиқлайди. Бу мулоқотлар нафақат ҳукуматлар, балки халқлар ўртасида ҳам ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Иккинчидан, бизнес вакиллари билан эришилган келишувлар ортида фақат молиявий манфаат эмас, балки юз минглаб янги иш ўринлари, юқори технологияларни жалб этиш ва иқтисодий ўсиш турибди.
Учинчидан, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Truth Social тармоғидаги самимий пости Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ортиб бораётганидан далолатдир.
Тўртинчидан, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи нафақат миллий, балки глобал аҳамиятга эга. Унда жаҳон миқёсида тинчлик, ҳамкорлик, “яшил иқтисодиёт”, ёшлар ва инсон ҳуқуқлари каби устувор масалаларга аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади халқ манфаатини таъминлаш. Президентимиз олиб бораётган сиёсий мулоқотлар, иқтисодий келишувлар ва халқаро ташаббуслар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Шу боис биз, O‘zLiDeP фракцияси вакиллари бу жараёнларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларни юртимиз тараққиётининг янги саҳифаси сифатида тарихга киришига ишонамиз.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси