Ўзбекистон Малайзия билан стратегик шерикликни ривожлантириш йўлида дадил одимламоқда
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган пухта ўйланган ташқи сиёсат нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки узоқ хориждаги мамлакатлар билан ҳам ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Мамлакатимизнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан дипломатик алоқалари жўғрофияси изчил кенгайиб бораётгани бунинг ёрқин далилидир.
Фикримизча, Ўзбекистон билан дўстона алоқалар ўрнатган Малайзия билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш масалалари алоҳида эътибор талаб қилади. Малайзия дунё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб 1992 йилда Ўзбекистон мустақиллигини тан олди. Ўтган ўн йилликлар давомида ҳар икки давлат ҳам географик жиҳатдан узоқ жойлашганига қарамай, мунтазам ҳамкорликнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишларини кенгайтириш учун янги имкониятларни излаб келмоқда. Бу эзгу ишга мамлакатимиз Олий Мажлиси ҳам қонун ижодкорлиги соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва тажриба алмашишга кўмаклашувчи “Ўзбекистон – Малайзия” парламентлараро дўстлик гуруҳи доирасида ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Туризм соҳасида ҳам катта салоҳият мавжуд. Ислом цивилизациясининг тарихий марказларидан бири бўлган юртимизга зиёрат саёҳатлари мусулмон мамлакатлари фуқаролари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, 2018 йил бошида визасиз режим жорий этилди, бу еса мусулмонлар мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи Малайзиядан сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошишига туртки бўлди.
Ўз навбатида, сайёҳлик компаниялари учун юқори ишончлилик рейтинги ва солиқ имтиёзлари, сифатли меҳмонхона хизматлари, юқори тайёргарликдан ўтган ходимлар ва пухта ўйланган кўнгилочар дастурлар Малайзия туризм индустриясини сайёҳлар учун янада жозибадор қилади. Жануби-Шарқий Осиёдаги ушбу мамлакатнинг илғор туризм индустрияси ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг истиқболларни очмоқда.
Ўзаро ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари ҳақида сўз борар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро алоқалар фаоллашаётгани билан ифодаланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2017 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,6 баробар ошди. Бу кўрсаткичлар икки давлатнинг ўзаро савдони кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётганидан далолатдир. 2024 йилда Ўзбекистон экспортининг 41 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сабзавот, дуккакли дон экинлари ва мевалар, 55 фоизини эса кимёвий моддалар, хусусан, ўғитлар ташкил этди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжуд. Икки давлатнинг ўзаро савдо ва сармояга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида алоқаларни мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Бу иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш имконини беради.
Юқоридаги фикрларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Малайзия Бош вазири Aнвар Иброҳим таклифига биноан феврал ойида ушбу мамлакатга амалга оширилган расмий ташрифининг умумий мазмуни ҳисобланади. Мулоқот чоғида парламент орқали фаол ҳамкорлик ва алмашинувларни янада фаоллаштириш, мавжуд дўстлик гуруҳларининг ўзаро ташрифлари ва тадбирларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги фаолияти масалаларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, муҳим сармоявий, инфратузилмавий, ижтимоий ва маданий-гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида бир қанча муҳим тадбирлар ўтказилди, улардан бири қўшма бизнес-форум бўлиб, унда икки мамлакатнинг етакчи компаниялари, сармоявий ва банк-молия институтларининг 200дан ортиқ раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Бизнес-форумда Ўзбекистон раҳбари ҳам сўзга чиқди. У олий даражадаги самарали музокаралар давомида Ўзбекистон-Малайзия шериклигининг икки йиллик инновацион ривожлантириш даврини бошлаш бўйича келишувга эришилгани, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинганини алоҳида таъкидлади. Музокаралар давомида мавжуд захиралар пухта таҳлил қилиниб, кўп қиррали ҳамкорликнинг янги ўсиш нуқталари аниқлангани алоҳида тилга олинди.
Савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди. Қўшма лойиҳаларнинг мустаҳкам портфели шакллантирилди, Саноат кооперацияси дастури ишлаб чиқилди. Шу муносабат билан Тошкент вилоятида Малайзия компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилиши маълум қилинди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида катта имкониятлар қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ақлли қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва “ҳалол” стандартларини қўллаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Шубҳасиз, “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусидаги биринчи Ўзбекистон-Малайзия таълим форуми яна бир муҳим воқеа бўлди. Икки мамлакат олий таълим вазирлари иштирок этган форумда олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, академик мобиллик дастурларини ишлаб чиқиш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Фикримизча, илм-фан ва таълим соҳаси вакилларининг ҳамкорлиги дипломатиянинг янги, чуқурроқ ва самарали форматини яратади. Бу халқаро ҳамкорликнинг илмий базасини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли стратегик лойиҳаларни шакллантиришда катта аҳамиятга эга. Натижада ҳамкорликда халқаро илмий лойиҳаларни амалга ошириш, янги технология ва инновацияларни ўрганиш, илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш имкониятлари юзага келади ва бу мамлакатларнинг ҳар томонлама ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Умуман олганда, Куала-Лумпурдаги расмий музокаралар якунлари бўйича Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади. Томонлар савдо-иқтисодий, таълим, маданият ва ҳуқуқий соҳаларни ўз ичига олган қатор келишувлар тузди. Мазкур ҳужжатлар маҳсулотни стандартлаштириш, олий таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек, суд-экспертиза фаолияти ва коррупцияга қарши курашда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Хулоса ўрнида Ўзбекистон ва Малайзия ҳақиқатдан ҳам ўзаро ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида манфаатлари мос келаётган узоқ муддатли ҳамкорларга айланиб бораётганини ишонч билан қайд этиш мумкин. Ишончим комилки, Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда туб ўзгаришларни амалга ошириш имконини берувчи қулай шарт-шароитлар яратиб, бу эса ўз навбатида муносабатларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим платформа вазифасини ўтайди