Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистоннинг технологик ва инновацион тараққиёт йўлини белгилаб берган стратегия

22.01.2026
801

Мурожаатнома дунё жамоатчилиги эътиборида
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекис­тон халқига йўллаган Мурожаатномаси, қолаверса, ушбу ҳужжат асосида ишлаб чиқилган ва ҳозирги кунда “regulation.gov.uz” сайтида муҳокамага қўйилган 2026–2030 йилларга мўлжалланган ва янги самарадорлик кўрсаткичларини ўзида акс эттирган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки дунё жамоатчилигининг ҳам диққатини ўзига тортаётгани эътиборга лойиқ.

Масалан, АҚШнинг “Diplomatic Watch”, Венгриянинг “Helló Magyar”, Покистоннинг “The Diplomatic Insight” ва “Islamabad Post”, Озарбойжоннинг “Trend” нашрлари, “Eurasiamagazine.com”, “Centreline.com”, “Eurasia Review” интернет-нашрлари, “Euronews”, “Associated Press of Pakistan”, “Anadolu” ахборот агентликлари, Германия, Буюк Британия, Испания, Россия, Хитой, Ҳиндис­тон, Япония, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб давлатлар “ақл марказлари” томонидан Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси чуқур таҳлил этилаётганлиги, шу аснода мамлакатимизнинг ўтган йилларда олиб борган ички ва ташқи сиёсатига оид ибратли жиҳатларига объектив баҳо берилганлигини кўриш мумкин.

Хусусан, Венгриянинг “Helló Magyar” нашрида эълон қилинган таҳлилий мақолада, Ўзбекистон дунёдаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамасдан, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга муваффақ бўлган давлатлардан бири сифатида эътироф этилади ва бу мамлакат ўз тарихида илк бор ЯИМ даражасини 145 млрд АҚШ доллари даражасига олиб чиқа олганига урғу берилиб, буларнинг барчаси мамлакатда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг натижаси сифатида баҳолайди.

АҚШнинг “Diplomatic Watch” журнали эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси асосида ишлаб чиқилаётган янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тайёрлашда фақат мутахассислар эмас, кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу беради ва аҳолининг ҳаёти яхшиланиши бош мақсад қилиб қўйилган ушбу муҳим стратегик ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши очиқ муҳокамалар ва фикр билдириш тартибида амалга оширилаётганлиги унинг жамиятни ривож­лантиришнинг реал воситасига айлантириши аниқлигига урғу беради.

“Eurasiareview.com” нашри ҳам “Таҳририят фикри” рукни остида “2025 йил Янги Ўзбекистон йили бўлди” сарлавҳаси остида катта таҳлилий мақола эълон қилган ва унда бош­қа бир жиҳат, яъни Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати билан боғлиқ муваффақиятларига урғу бериб ўтилади. Жумладан, мақолада “мамлакат дунёнинг барча қисмларида ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш орқали ниҳоятда муваффақиятли ташқи сиёсатни шакллантира бошлаганлиги”, “Ўзбекис­тон бугунги кунда АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Туркия, Яқин Шарқ ва бошқа давлатлар ҳамда минтақаларнинг эътибор марказида турганлиги, ушбу йирик ўйинчиларнинг ҳар бири жаҳонда тобора инқирозий ҳолатлар кенгайиб бораётган бир паллада бутун дунёда ҳақиқий ишончли ҳамкор сифатида ишонч қозона олган Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга ҳаракат қилаётган”ига алоҳида урғу беради.

Бу каби ижобий баҳолар юқорида тилга олинган бошқа нуфузли нашрларда ҳам келтирилади. Таъкидлаб ўтиш керакки, дунё жамоатчилиги ўртасида ҳамда қатор таҳлилий марказларда ушбу Мурожаатномага холисона муносабат билдириш, Президент маърузасини таҳлил қилиш натижаларини эълон қилиш давом этмоқда.

Катта эътибор ёки рақамлар ортида нима турибди?

Хўш, мамлакат раҳбарининг Мурожаатномасига нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон жамоатчилиги, сиёсий, иқтисодий доиралари томонидан катта қизиқиш билдирилаётганлиги замирида нималар турибди?

Фикримизча, аввало, Марказий Осиёнинг энг йирик давлати яқин ва ўрта келажакда ўзи учун қандай ривожланиш истиқболларини белгилаб олаётганлиги, албатта, бугун Ўзбекистонга қизиқиш билан қараб турган халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортганлиги табиий ҳол.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг амалда ўз тараққиётидаги янги сифат даражасига – технологик-инновацион ривожланиш босқичига ўтаётганлиги, мамлакатнинг кейинги ривожига доир мутлақо янгича ёндашувлар, илгари бўлмаган даражада маҳобатли ва кенг қамровли мақсад ва режалар белгилаб олинганлиги ҳам “ақл марказлари”нинг эътиборини тортмасдан қолмади.

Айниқса, Мурожаатномада таъкидланганидек, қисқа муддатда, яъни 2030 йилгача мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 240 млрд доллардан оширишдек жуда улкан вазифа қўйилмоқда. Ваҳоланки, дастлаб қабул қилинган “Ўзбекис­тон – 2030” стратегиясида бу кўрсаткич 160 млрд долларга тенг эди.

Демак, шунинг ўзиёқ Ўзбекистон иқтисодиёти қандай тезлик билан ўсиб бораётгани ва мамлакат ўз олдига қанчалик улкан вазифани белгилаб олаётганлигини кўрсатади. Асосийси, мазкур кўрсаткичлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Балки жуда жиддий асосларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, юртимизнинг ўтган йиллар ичида босиб ўтган тараққиёт йўли бугун шундай катта мақсадларни қўйишга етарлича асос яратди. Ушбу прогнозларни Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли экспертлар тасдиқлагани ҳам мазкур кўрсаткичларнинг пишиқ-пухта ишлаб чиқилганлигидан далолат беради.

Энг муҳими, ана шундай натижаларга эришиш орқали Ўзбекистон яқин йилларда ўз тарихида илк бор даромади жон бошига ўртадан юқори бўлган мамлакатлар сафидан жой олиши ҳисобланади.

Хўш, ривожланишнинг мазкур даражасига ўтиш Ўзбекистон учун нимани англатади?

Аслида, Президентимиз қисқа сатрларда ифодалаган ушбу мақсад иқтисодиётдаги навбатдаги миқдорий ўсишнигина англатмайди, нафақат иқтисодиётда, балки жамиятда жуда чуқур ижобий ўзгаришларга олиб келадиган концептуал янгиланишларни ўзида мужассам этади. Ушбу ўзгаришлар мамлакатнинг дунёдаги янги қиёфаси ва даражасини шакллантиришга тўғридан-тўғри таъсир қилади. Даромади жон бошига ўртадан юқори бўлган давлатларга дунёдаги йирик инвесторларнинг муносабати ўзгаради, бундай мамлакатлар бозорларига янги инвесторлар баробарида йирик халқаро компанияларнинг қизиқиши ортади.

Бу мамлакатлар иқтисодиётининг хусусияти ўзгара бориб, улар иқтисодиёти учун фақат миқдор ва сон жиҳатдан ўсишга асосланган ўсиш эмас, сифат жиҳатдан ўзгариш­ларга асосланган ўсиш асосий мақсадга айланади, ишлаб чиқариш унумдорлиги, инновация ва технологиялар, бошқариш сифати, юқори қўшимча қийматли экспорт, инсон капитали каби кўрсаткичлар биринчи ўринга чиқади.

Иқтисодиётдаги ўзгаришлар билан боғлиқ равишда тараққиётнинг ушбу даражасига чиққан давлатларда ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш, шаҳар ­инфраструктураси, экология ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш сифатига қўйиладиган талаб кучаяди.

Буларнинг барчаси охир-оқибат жамиятнинг қиёфасини ўзгартиради. Аҳоли таркибида ўрта қатламнинг улуши тобора кенгайиб, камбағаллик даражаси камаяди, аҳолининг харид қуввати ошиб, сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш, уй-жой сотиб олиш ва дам олиш имконияти ошиб боради.

Шуларнинг ўзиёқ мазкур Мурожаатномада аниқ белгилаб берган мақсад – даромади жон бошига ўртадан юқори давлатлар қаторига киришга эришиш ортида қандай кенг кўламли ўзгаришлар, аввало, иқтисодиётни, умуман жамиятни, фуқароларнинг фаровонлик даражасини ўзгартириб юборишга қодир янгиланишлар турганлигини тушуниб олишга асос бўлади.

Албатта, бундай ўзгаришлар охир-оқибатда инсонларнинг ҳаётдан розилигини оширишга хизмат қилади. Ваҳоланки, айнан шу мақсад кейинги тўққиз йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини ташкил қилади, десак муболаға бўлмайди.

Кўряпсизми, маслак аниқ. Муҳими, ушбу улуғвор мақсадни амалга ошириш узоқ муддатларга белгиланган орзу эмас, балки 2030 йилгача амалга оширилиши керак бўлган аниқ стратегик йўл сифатида белгилаб берилганлигидир.

Тараққиётнинг технологик-­инновацион ўсиш моделига ўтиш

Хўш, қандай омиллар ҳисобига Ўзбекистон қисқа муддатда бундай катта вазифани уддаламоқчи? Мурожаатноманинг асосий нуқтаси қаерда?

Мамлакатимиз ўз олдига қўяётган катта мақсадларга нисбатан қисқа муддатда эришиш фақатгина иқтисодиётнинг анъанавий йўналишларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирмунча қийин, албатта. Шундай мураккаб бир шароитда мамлакат раҳбари эзгу мақсадларга эришишнинг бирдан-бир йўлини Мурожаатномада аниқ кўрсатиб берди – Ўзбекистон иқтисодиётини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш. Мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларини ушбу ўсиш моделига ўтказиш келгуси йилларда давлатимиз иқтисодий тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши сифатида белгиланди.

Технологик ва инновацион ўсиш модели – бу иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий куч сифатида тизимли равишда янги технологиялар, билимлар ва инновацияларни яратиш, жорий қилиш, шу орқали юқори технологик иқтисодиётни шакллантиришга, ишлаб чиқариш самарадорлигини ва рақобатбардошлигини ошириб боришга, узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминлашга асосланувчи иқтисодий модель ҳисобланади. Бундай тараққиёт моделида ривожланиш, аввало, инсон капитали, илм ва инновацияларга инвестициялар киритиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ушбу моделга ўтиш инновациялар ва технологияларни иқтисодий ўсишнинг асосий генераторига айлантириб, мамлакатга узоқ муддатли иқтисодий ўсиш истиқболларини таъминлаб беради, янги маҳсулотлар яратилиши асосида халқ хўжалигида замонавий йўналишларнинг, қолаверса ушбу маҳсулотлар атрофида янги бозорларнинг вужудга келишига, маҳсулотлар рақобатбардошлигининг ошишига туртки беради. Қолаверса, янги технологик даражадаги ишлаб чиқариш унда ишлай оладиган юқори малакали ишчилар сонининг ошиб боришига, демакки, таълим тизимининг мутлақо янги талаблар асосида қайта қурилишига, сифат жиҳатидан такомиллашиб боришига ўзига хос драйвер вазифасини бажаради.

Шу ўринда Ўзбекистон ўзи учун белгилаб олаётган янги ўсиш модели бевосита “Индустрия 4.0” ёки бошқача айтганда, “Тўртинчи саноат инқилоби” талаблари билан бевосита боғлиқ эканини ҳисобга олсак, Мурожаатномада илгари сурилган вазифа амалда мамлакат иқтисодиётини тизимли равишда “Тўртинчи саноат инқилоби” талаблари даражасига мослаштиришни ҳам англатишини тушуниш қийин эмас.

Мамлакат иқтисодиётига бундай замонавий ёндашувларнинг кириб келиши нафақат мамлакат иқтисодиёти ҳаж­мини белгиланган 240 млрд доллар даражасига олиб чиқиш, балки ялпи ички маҳсулот таркибини ўзгартиришга, унда юқори қўшилган қийматли инновацион маҳсулотлар улушининг ошишига, ишчи кучи сифат таркибининг ўзгаришига ва қатор бошқа ижобий ўзгаришларига асос яратади.

Мурожаатноманинг муҳим жиҳати, унда фақатгина мамлакатнинг технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтиши зарурлигини асослаш билан чекланилмаган, балки бу йўлда ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар доираси ҳам аниқ кўрсатиб берилган. Жумладан,

– эркин иқтисодий зоналарга дунёнинг машҳур брендларини жалб қилиш;

– янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастурини амалга ошириш;

– саноатда “унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш” дастурини бошлаш;

– бизнес жараёнларини рақамлаштириш, илғор технологиялар трансферини амалга ошириш;

– маҳсулотлар рақобатбардошлилигини ошириш учун техник тартибга солиш мақсадида “Давлат назорати” тизимидан халқаро тажрибада юқори самара берган “Бозор назорати” тизимига ўтишда муҳим бўлган аниқ йўналишлар белгилаб берилди.

Ушбу вазифаларнинг барчаси бажарилиш муддатлари билан янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ўз аксини топади.

Эътиборни тортадиган муҳим жиҳатлардан яна бири “Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил этилиб, унинг негизида робототехника, интернет буюмлари, “ақлли фаб­рика” каби “Индустрия 4.0” ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш учун “тартибга солиш механизмлари” яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлигидир. “Индустрия 4.0”нинг ўзи бугун ўз келажагини ўйлаган давлатлар жуда катта эътибор билан қараётган масалалардан бири ҳисобланади.

“Тўртинчи саноат инқилоби” терминини илмий доираларга киритган Давос халқаро иқтисодий форуми асосчиси ва раҳбари К. Шваб ушбу жараёнлар дунё иқтисодиётининг барча жабҳаларини тубдан ўзгартириб юборувчи жуда катта кучга эга эканини таъкидлайди. К. Шваб фикрича, “Тўртинчи саноат инқилоби” билан боғлиқ трансформация жараёнларида иқтисодиёти катта ёки кичиклигидан қатъий назар, ушбу ўзгаришларни тезроқ ўзига жорий эта олганлар ғолиблар сафида бўлади.

Мана шу фикрларнинг ўзиёқ Ўзбекистон Президенти Мурожаатномада мамлакат иқтисодиётини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, унинг доирасида “Тўртинчи саноат инқилоби” технологияларини ишлаб чиқаришга жорий эта бориш тизимини шакллантириш масалаларини давлат ва жамият олдидаги энг муҳим вазифалар қаторида қўйганлиги замирида узоқни кўзлаб илгари сурилган стратегик қараш ётганини яна бир бор исботлайди.

Комплекс ёндашув ва ўтган йиллар тажрибасига таянган ташаббус

Мурожаатномада олтита йўналишда устувор вазифалар илгари сурилган бўлса, ҳар бир йўналиш бўйича мутлақо ўзгача ёндашувлар илгари сурилгани ва уларнинг бир-бири билан яхлит равишда ягона ёндашув ташкил қилганини кўриш мумкин.

Хусусан, учинчи устувор йўналиш бўлмиш ички бозорда талабни рағбатлантириш йўналишида сервис соҳасини иқтисоднинг “драйвери”га айлантириш, тўртинчи устувор йўналиш доирасида касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, бешинчи устувор мақсад доирасида илгари сурилган “яшил энергетика” ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби вазифалар бунга яққол мисол бўла олади. Уларнинг бу тарзда белгиланиши нафақат халқ хўжалигининг тегишли йўналиш­ларини янги даражага олиб чиқишда муҳим роль ўйнайди, балки ушбу вазифалар Ўзбекистон ўз олдига қўяётган янги марра – технологик ва инновацион ўсиш моделининг ажралмас қисмлари ҳам ҳисобланади. Мана шундай комплекс ёндашув мамлакатимизнинг технологик ўсиш моделига ўтиш йўлининг хусусиятларини белгилаб беради.

Яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистонда ривожланишнинг ушбу моделига ўтиш фикри бирданига бугун шаклланиб қолгани йўқ. Балки Мурожаатномада мазкур ғоянинг илгари сурилиши асосида Ўзбекистонда ўтган тўққиз йил давомида қўлга киритилган ютуқлар, барча соҳаларда қўлга киритилган натижалар турибди, десак муболаға бўлмайди. Ҳақиқатдан ҳам бирор бир иқтисодиёт агар ҳар томонлама тайёр бўлмаса бундай чуқур трансформацияни амалга ошира олмайди. Ўзбекистоннинг ўтган йиллардаги тараққиёт йўли бугунга келиб ана шундай чуқур ўзгаришларни амалга ошириш пойдеворини яратди.

Буни Мурожаатномада келтирилган қуйидаги фикрда ҳам кўриш мумкин: “Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатларини, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини таъминладик. ...Бир сўз билан айтганда, биз ислоҳотларни аниқ амалий натижаларга айлантиришни ўргандик”.

Ислоҳотларнинг ҳозирги даражасини баҳолар экан, Шавкат Мирзиёев: “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади”, дея таъриф берди.

Демак, айнан ўтган тўққиз йилдаги аниқ мақсадли ислоҳотлар уни бугунги ҳал қилувчи босқичга олиб чиққанлигини кўрсатиб турибди.

Ўтган йиллар мамлакат иқтисодиётини, бошқарув тизимини ва умуман жамиятни тараққиётнинг мутлақо янги сифат даражасига – технологик ва инновацион ривожланиш босқичига ўтиши учун ўзига хос асосини шакллантирди, деб бемалол айта оламиз.

Масалан, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигига келган илк даврданоқ дунёнинг келажак тараққиёт траекториясини аниқ прогнозлаш асосида 2018 йилни Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилганлиги ва йил дастурида келажакни кўзлаб бир қатор муҳим йўналишлар акс эттирилганлиги, 2020 йил қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси, 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, 2024 йил 14 майдаги “Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган “IТ-шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва кўплаб бошқа муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистонда рақамли технологияларга асосланган янги ёндашувларни жорий қиши учун зарур ҳуқуқий асосларни яратиб берди ва улар асосида кенг кўламда бугунги кун учун энг долзарб бўлган йўналишларда тизимли ишларнинг амалга оширилиши учун асос яратди.

Давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар

Технологик-инновацион ўсиш моделига ўтиш давлат бошқарувидан нафақат ўзининг янги технологик даражага мослашишини, балки ушбу модель қарор топиши учун зарур шароитларни яратишда ташаббускор бўлишини талаб қилади.

“McKinsey” агентлиги таҳлилчилари инновацион жараёнларнинг муваффақиятли боришида бевосита давлат иштирокига боғлиқ бўлган бешта омилни кўрсатиб ўтишади. Улар қаторида давлатнинг инновациялар буюртмачиси сифатида майдонга чиқиши, инновациялар учун зарур ­инфраструктурани шакллантиришдаги фаоллиги, инновацион ишлаб чиқаришни молиялаштиришдаги, янги малакалар яратишдаги ўрни, жамиятда инновацион маданиятни шакллантиришдаги аҳамияти каби омиллар ўрин олган.

Ўтган тўққиз йилнинг таҳлили Ўзбекистонда давлат бош­қарувини янги давр талабларига мослаш борасида амалга оширилган тизимли ишлар нафақат ушбу, балки бош­қа йўналишларда ҳам давлатнинг фаол иштирокини кўрсатади.

Хусусан, 2020 йилда қабул қилинган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун билан инновацияларга давлат буюртмасини шакллантириш, инновацион фаолият учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитларни яратиш, малакали кадрларни тайёрлаш ва бошқа масалаларда давлатнинг ролини белгиловчи нормалар белгилаб қўйилди.

Давлат раҳбари фармони билан Ўзбекистон Респуб­ликасининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Унинг асосида инновацион технопарклар, венчур капитал тузилмалари, акселераторлар ва инкубаторларлар тизимининг шакллантирилди, инсон капиталини ривожлантириш, таълимнинг барча босқичларида инновацион маданиятни жорий этиш, кичик ва ўрта бизнеснинг инновацион фаолиятини кенгайтириш йўналишларида Ўзбекистонда ўзига хос тизим яратилди.

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тасдиқланган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Миллий стратегияси эса телекоммуникация ва давлат хизматларидан тортиб, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларигача рақамли технологияларни жорий этиш учун асос яратди.

Ҳукумат инфратузилмани ривожлантиришга, жумладан, маълумотлар марказларини қуришга, суд ва тиббиёт соҳаларида сунъий интеллект тизимларини жорий этишга, давлат хизматларини автоматлаштиришга ва рақамли платформалар орқали шаффофликни оширишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда рақамли трансформация нафақат технологик янгиланиш, балки давлат институтларини мустаҳкамлашга, бошқарув самарадорлигини оширишга ва фуқаролик ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари билан инновацион фаолиятни молиялаштириш, зарур инс­титуционал инфраструктура ва экотизимни шакллантириш, инсон капитали равнақини таъминлаш каби йўналишларда ҳам давлатнинг ўрнини белгиловчи асослар яратиб берилди.

Албатта, ушбу ҳуқуқий ва ташкилий асослар ҳамда улар асосида ўтган йиллар давомида амалга оширилган тизимли ишлар Ўзбекистоннинг бугунги кунда ўз тараққиётида, мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, ҳал қилувчи босқичга чиқишига асос яратди.

Мурожаатномада эндиги босқичда давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни янги даражага олиб чиқиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Давлат бошқаруви билан бир қаторда мамлакат ҳаётида фуқаролик жамиятнинг ўрнини бундан кейин ҳам тизимли равишда ривожлантириб бориш мақсадида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқиш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш устувор вазифа сифатида сақлаб қолиниши ислоҳотларнинг мазкур даври учун устувор вазифалар қаторида белгиланди.

Гувоҳи бўлганимиздек, давлат бошқаруви тизимини янги талаблар даражасига мослаштириш борасида ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар мамлакатни ўз тараққиётида технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш ҳақиқатда комплекс характер касб этганлиги ва барча йўналишлар қамраб олинганлигини кўрсатади.

Миллий бирлик зарурати

Ўзбекистоннинг бугун ўз олдига қўяётган янги марралар миқёси ҳам, Ватанимиз келажаги учун аҳамияти жиҳати ҳам илгари бу даражада кенг бўлмаган. Айтиш мумкинки, булар жуда улкан мақсадлардир. Ушбу марраларга эришиш келажакда Ўзбекистоннинг дунё сиёсати ва иқтисодиётидаги муносиб ўрнини белгилайди. Шунинг учун ҳам бу борада давлат ва фуқаролик жамиятининг якдил ҳаракати, халқимизнинг ягона мақсад атрофида бирлашиши ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Негаки, Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, “...биз учун ҳозирги глобал тараққиёт даврида, дунёда ўта кескин ва таҳликали жараёнлар юз бераётган бугунги кунда миллий бирлик ниҳоятда муҳим ва зарурдир”.

Ана шу муҳим ҳаётий заруратни англаш, олдимизда турган муҳим довонларга эришишда маҳалланинг ролидан келиб чиқиб, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланишида ҳам катта маъно ва мазмун бор, албатта.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган улуғвор мақсадларни амалга ошириш шу жамиятнинг барча бўғинларидан, жумладан, сиёсий партиялардан ҳам бу жараёнларда фаолликни талаб қилади.

Энг аввало, ўз тараққиётида технологик ва инновацион ўсиш даврига кираётган жамият сиёсий кучлардан, биринчи навбатда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар учун масъулиятни зиммасига олган етакчи – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан ўз фаолиятини ушбу даражага мослашни талаб қилади. Фаолиятимизга дунёнинг ривожланган партиялари каби “е-партия” асосларини жорий қилиш, ташкилий ишлардан тортиб, аҳоли билан мулоқотга киришиш тизимигача рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиётини киритиш, O‘zLiDePдан сайланган депутатлик корпуси ва партия фаолларини янги давр талаблари даражасида ишлаш кўникмаларини шакллантириш ва бош­қа қатор масалалар ушбу сиёсий кучнинг келажакда ҳам мамлакатдаги етакчи партия сифатида фаолият юритишида ниҳоятда муҳим ўрин тутувчи масалаларга айланмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон Президенти томонидан қўйилаётган муҳим вазифа – глобал ўзгаришлар даврида миллий бирликни таъминлаш масаласи, албатта, O‘zLiDePдан ҳам ўз мафкуравий қарашларини янада такомиллаштиришни, мамлакат тараққиёти учун зарур паллада унинг ривожи учун бефарқ бўлмаган барча аҳоли қатламларини давлат раҳбари илгари сураётган муҳим ғоялар атрофида бирлашиш учун зарур сиёсий-партиявий платформани жамиятга тақдим қилишини кун тартибига қўяди.

Хулоса ўрнида

“Даромади жон бошига ўртадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига кириш”;

“Ўзбекистон иқтисодиётини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш”;

 “Индустрия 4.0” ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш”;

“Янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш”.

Бир вақтлар бундай мақсадлар биз ҳали бери ета олмайдиган орзу сифатида кўринарди. Бугун эса улар ҳаёт реаллигига айланмоқда.

Мана шунинг ўзиёқ қисқа вақтда ўз тараққиётининг шундай бир муҳим нуқтасига чиққан халқимизнинг нимага қодирлигини кўрсатиб қўйди.

Албатта, тараққиётининг ҳал қилувчи нуқталарида ўз олдига улуғ мақсадларни қўя олган ва шу мақсадлар йўлида бирлаша олган халқ бундан-да олий марраларни қўлга киритишга қодир.

Ишончимиз комилки, ушбу мамлакат, ўз Президенти Мурожаатномасида илгари сурган юксак марраларни ҳам шараф билан забт этади!



Бахтиёр Якубов,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

Сайтни янги дизайни ёқдими?