Зилзила хавфи остидаги бинолар: давлат кескин чоралар кўрмоқда
Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда ноқонуний қурилишларга чек қўйишга қаратилган янги қонун лойиҳаси O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Президент топшириғига мувофиқ ўтказилган ўрганишлар давомида 2017–2025 йилларда қурилган ва режалаштирилган жами 11 минг 834 та кўп қаватли уй-жой хатловдан ўтказилиб, уларнинг қарийб 90 фоизи ҳужжатли ҳамда визуал тарзда ўрганилди. Текширувлар натижасида 1 минг 434 та бино давлат рўйхатидан ўтказилмагани, 185 та уйга ноқонуний қават қўшилгани, шунингдек, 1 минг 308 та уй-жой чуқур техник кўрикка муҳтож экани аниқланди. Шу билан бирга, 77 та бино қўшимча мустаҳкамлашни талаб қилиши, 1 та бино эса сейсмик жиҳатдан заиф экани қайд этилди.
Маълум бўлишича, ўзбошимчалик билан қурилган объектларни рўйхатдан ўтказиш тўхтатилганига қарамай, ноқонуний қурилиш ҳолатлари камаймаган. Кўрилган чоралар натижасида бир қатор лойиҳа ташкилотлари фаолияти тўхтатилди, айрим кўп қаватли бинолар буздирилди ҳамда 52 та жиноий иш қўзғатилди.
Қонун лойиҳасида ноқонуний қурилишлар учун жавобгарликни кескин кучайтириш назарда тутилмоқда. Хусусан, рухсатсиз қурилиш учун фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари, мансабдор шахслар эса 450 баравари миқдорида жаримага тортилади. Агар ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, жазо муддати 3 йилдан 5 йилгача, оғир оқибатлар келтириб чиқарган ҳолларда эса 7 йилгача белгиланиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тартиби қайта кўриб чиқилиб, эндиликда мажбурий рухсатнома олиш талаби жорий этилади. Шаҳарсозлик соҳасида “мастер-режа” асосий ҳужжат сифатида мустаҳкамланиб, юқори хавфли объектлар бўйича лицензиялаш амалиёти ҳам такомиллаштирилади.
Қонун лойиҳаси билан Қурилиш вазирлиги ва тегишли назорат инспекцияларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилади. Жумладан, биноларнинг сейсмик ҳолатини баҳолаш, техник паспортларни юритиш ҳамда инструментал-техник текширувларда иштирок этиш уларнинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сейсмик хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш, қурилиш соҳасида тартиб-интизомни кучайтириш ва энг муҳими, инсон ҳаёти ва хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.