Byudjet ijrosi davlatning ijtimoiy majburiyatlari amalga oshishiga va xalq manfaatlariga xizmat qiladi
Фракциямиз йиғилишида депутатларимиз билан бирга давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижросини дастлабки тарзда кўриб чиқиб, муҳокама этдик.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 23,2 трлн сўмга (19,2 фоиз) кўпайди. Бундай ижобий натижа ислоҳотларнинг муҳим йўналишларда белгиланган тадбирларни амалга ошириш имконини бераяпти. Иқтисодий фаоллик ошиши соғлиқ ва божхона тушумлари прогнози ошириб бажарилишини таъминлаганини қайд этамиз.
Жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгарувчанлик ва юқори ноаниқлик шароитида, ҳудудларда аҳоли бандлиги ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ўсиб, 808 трлн сўмни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 21,4 млн сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 фоизга ўсди.
Иқтисодий ўсишнинг 54,7 фоизи хизматлар соҳаси ҳисобига тўғри келиб, асосан бозор хизматларининг 13,3 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланди. Шунингдек, саноат 6,6 фоизга, қурилиш ишлари 10,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 4 фоизга ўсди. Шу билан бирга, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 273,4 трлн сўм инвестиция йўналтирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 5,5 фоизга ошди.
Фракциямиз аъзолари мазкур кўрсаткичлар партиянинг сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар — иқтисодиётда барқарор ўсишни таъминлаш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги мақсадлар билан ҳамоҳанг эканини қайд этдилар. Шу боис, бюджет ижроси юзасидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар партиянинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Aktam XAITOV,
O‘zLiDeP Siyosiy Kengashi Ijroiya qo‘mitasi raisi