Деҳқончиликни миришкорлик Тўрақул бободан ўрганинг!
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Миришкор туманидаги "Миришкор" МФЙ Ёшлик кўчаси 39-хонадонда яшовчи Тўрақул бобо Нусратовнинг томорқачилик тажрибасини ўрганишди.
Саксонга яқинлашиб қолган отахон ер билан тиллашиш бобида кўпчиликка ўрнак бўлиб келаяпти. Хонадонда бўш турган одамни кўрмайсиз. Улар томорқачилик ва чорвачилик билан шуғулланишади. Йиғин ҳудудида 715 та оила бўлиб, 2718 йил нафар аҳоли истиқомат қилади. Айниқса, саримсоқ пиёз етиштиришда уларга тенг келадигани йўқ. 10 сотих майдондан йилига 3 маротаба ҳосил олиб, 60-70 миллион сўм даромад қилишади. Дастлаб саримсоқ пиёз, сўнг картошка, охирида эса маккажўхори экишади. Чеснок ва макка донини экспортга чиқаришяпти.
- Бизни оқова сув муаммоси қийнаб келаяпти, - дейди Тўрақул бобо. – Ерларимиз ниҳоятда шўр, бу ҳам етмагандай ер ости сувларимиз ҳам ичиш учун яроқсиз. Аммо экинларни суғорса бўлади. Одамларимиз ниҳоятда меҳнатсевар, эрта баҳордан қора қишгача томорқадан бери келишмайди. Лотоклар ўрнатилаяпти. Худо хоҳласа, оқова сувлар ҳам келиб қолар. Кўпчиликда чорва бор. Шу боис қишлоғимизда сут маҳсулотлари ва гўшт бошқа жойларга нисбатан анча арзон.
МФЙ раиси Ҳилола Аҳмедова доимо одамлар орасида. Маҳалламиз тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини янада яхшилаш йўлида сира тиним билмайди. Аҳоли сони кам бўлганлиги боис опен бюджетдан юта олмаяпмиз. МФЙ ҳудудидаги қишлоқлар йўллари бутунлай яроқсиз бўлиб қолган. Қанийди, депутатларимиз бу борада бизга ёрдам берсалар, нур устига аъло нур бўларди.
Ушбу кўтарилган муаммолар депутат назоратига олинди, ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.