Дунё аҳамиятига молик тарихий воқеа
Самарқанд асрлар давомида илму маърифат, савдо ва маданиятнинг йирик маркази бўлиб келган. Бу шаҳардан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Мирзо Улуғбек каби дунёга машҳур алломалар етишиб чиққан.
Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Бибихоним масжиди каби ўнлаб тарихий ёдгорликлари жаҳон маданий меросининг дурдоналари ҳисобланади. Замонавий инфратузилма ва тарихий мерос уйғунлиги бу шаҳарни халқаро анжуманлар, маданий форумлар ва йирик конференцияларни ўтказишга муносиб, бетакрор масканга айлантирмоқда.
Масалан, шу кунларда Самарқанд БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилаётганида ҳам ўзига хос рамзийлик бор.
Қирқ йил ичида илк бор ЮНЕСКО Бош қароргоҳидан ташқарида – кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд заминида бўлиб ўтаётган ушбу нуфузли анжуман ҳар биримизга катта фахр-ифтихор бағишлайди. Зеро, саксон йиллик юбилейини нишонлаётган ташкилот ўтган давр мобайнида таълим, илм-фан, маданият, санъат, ахборот соҳасида глобал ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик борасида жаҳондаги нуфузли институт сифатида ўзини намоён этиб келмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги конструктив мулоқот изчил ривожланиб, шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилиб, мамлакатимизнинг обрў-нуфузини янада юксалтиришда, унинг жаҳон ҳамжамияти билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлигини янада кенгайтиришда ташкилот муҳим платформа вазифасини ўтаб келмоқда.
Ўзбекистоннинг ташаббуси билан “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” каби муҳим ҳужжатлар қабул қилингани ҳамда ташкилотнинг махсус рўйхатларига юртимизнинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилгани ҳам фикримизнинг яққол исботидир.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу анжуманнинг очилиш маросимида иштирок этиб, ўз нутқида бир қатор амалий ташаббусларни илгари сурди. Бу таклифлар эса кўплаб сиёсатчилар, олимлар, жамоат арбоблари ва экспертларнинг катта эътиборига сазовор бўлди.
Хусусан, нутқда давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бораётгани, бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаётгани қайд этилиб, бундай мураккаб вазият ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштиришни тақозо этаётгани урғуланди.
Маърузада айтиб ўтилганидек, инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда. Бундай шароитда эса жисмоний ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиши учун тенг имкониятларни яратиб бериш лозим. Бу борада ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш таклифи илгари сурилгани алоҳида диққатга сазовор.
Давлатимиз раҳбарининг Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш ташаббуси ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимиз етакчисининг ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказиш таклифи ҳам эътиборга молик бўлиб, бу анжуман иштирокчилари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.
Қайд этиш жоизки, ушбу нуфузли анжуманнинг кўҳна Самарқандда ўтказилиши нафақат маданий аҳамиятга эга, балки илмий ҳамда иқтисодий жиҳатдан ҳам улкан воқеадир. Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ташкилот ғоялари ва қадриятларига содиқлиги, шунингдек, тинчлик, ўзаро англашув ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал мулоқотни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшишга қатъий интилишининг ёрқин тасдиғи ҳамдир. Чунки мазкур тадбир мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириб, туризм индустрияси ривожига катта туртки беради.
ЮНЕСКОнинг “Барқарор тараққиёт учун таълим” дастури доирасида Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада тақдим этилади. Илмий муҳокамалар, панель сессиялар ва семинарларда иқлим ўзгариши, экология, маданий меросни рақамлаштириш, таълимда инновацион усулларни қўллаш каби замонавий мавзуларга эътибор қаратилади. Энг муҳими, бу тадбир ортидан маҳаллий аҳоли учун ҳам янги имкониятлар яратилади.
Туризм соҳаси ходимлари, тадбир ташкилотчилари ва ихтисослашган хизматлар учун иш ўринлари кўпайиши кутилмоқда. Тадбир доирасида ёшлар учун махсус таълимий дастурлар, форум ва маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади. Шу орқали ёш авлоднинг илмий салоҳиятини ошириш, глобал фуқаролик ғояларини сингдириш кўзда тутилган.
Сирасини айтганда, бугун Самарқанд дунёга тинчлик, мулоқот ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида намоён бўлмоқда. Бу эса сессиянинг асосий шиори – “Тараққиёт сари бир дамлик ва маърифат” ғоясини жонли равишда ифодалайди.
ЮНЕСКОнинг 43-сессияси биз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу, нафақат, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини янада кенг намоён этади, балки мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлик ва дипломатик нуфузи кучайишига хизмат қилади.
Абдулло АСЛОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.