Халқни рози қилиш — энг устувор вазифа
Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу аҳоли даромадлари изчил ўсаётгани, одамларнинг яшаш шароити тубдан яхшиланиб, кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгараётганида яққол намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга жиддий эътибор қаратди. Барча бўғинлардаги раҳбарларнинг фаолияти улар одамлар ташвишларини қай даражада ҳал қилишига боғлиқ бўлган муҳит яратилди. Бу одамларда эртанги кунга бўлган ишончни оширди.
Тадбиркорликка кенг йўл очилди. Улар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг бутунлай янги ва замонавий талабларга жавоб берадиган механизми яратилди. Янги қонунлар ва тартиблар ишлаб чиқилди. Тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома олиш тизими соддалаштирилди. Бу халқ турмуш фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга улкан ҳисса қўшди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон манфаатини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини бермоқда. Муҳими, янги барқарор ривожланиш босқичига кирган Ўзбекистон келажакда тараққиётнинг юқори чўққисига чиқиш учун улкан имкониятларга эга эканини кўрсатмоқда.
Биргина жорий йилнинг беш ойида саноат 6,4 фоиз ўсди, экспорт миқдори 18 фоиз, хорижий инвестициялар 46 фоиз ошди. Қиймати 3 миллиард долларлик 2 минг 500 дан зиёд янги қувват ишга тушиб, 2 миллион 400 минг одам даромадли бўлди. Бу каби ютуқлар, натижалар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин айрим ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган масалалар ўз вақтида ҳал этилмаётгани бу борадаги ишлар кўлами ва самарасини оширишни тақозо этади.
Президентимиз раислигида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масала ҳудудлар ва тармоқлар кесимида таҳлил қилиниб, тизимли камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, ҳар бир тумандаги 40 дан зиёд ташкилотда ўртача 500 нафар ходим ишлаши айтилиб, лекин айрим оддий масалаларни ҳал қилиш учун ҳам вилоятдан, улар эса республикадан рухсат олиши кераклиги, ёки, ваколати ва маблағи етарли бўлган ташкилотлар ўзини “назоратчи” деб билиб, аҳолининг оғирини енгил қилиш билан шуғулланмаётгани урғуланди.
Вазирлар, ҳукуматдаги масъуллар тартиб-интизомга қаттиқ эътибор бермагани учун ислоҳотлар ижроси чўзилиб кетяпти. Суд қарорлари вақтида бажарилмаётгани юзасидан ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Демак, қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбарлар, жумладан, депутатлар фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим.
Чунки аҳолининг дарду ташвишларини эшитиб, одамларга шароит яратиб бериш барча раҳбарларнинг асосий вазифасидир. Президентимиз айтганидек, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак. Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият.
Бироқ охирги пайтларда Халқ қабулхоналари аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига, мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи воситачига айланиб қолди. Жойлардаги муаммолар ҳал бўлмагани учун ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар ҳам кўпайди. Йиғилишда айни жиҳатлар алоҳида тилга олиниб, бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Халқ қабулхоналари таркиби фидойи мутахассислар билан тўлдирилиши, энди уларга вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши, улар ҳар куни ишини аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлаши белгиланди. Бу ўз навбатида, муаммоларни жойида бартараф этиш, одамларни рози қилиш, мурожаатларни бошқа идорага юбормасдан, шу жойнинг ўзида ҳал қилиш имконини беради.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Йиғилишда ҳудудларда бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспорт ҳамда муҳитни яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Солиқ маъмурчилигини яхшилаб, аҳоли тадбиркорлигини ва иш ўрни яратишни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Бу аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, одамларнинг реал даромадларини ошириш, бизнесни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратишда муҳим омил бўлади.
Маҳаллаларга сув олиб бориб, мева-сабзавот етиштириш, замонавий агротехнологиялар орқали экспортни кўпайтириш имкониятлари кўрсатиб ўтилгани, ўрмон ва яйловлардан чорвачиликда фойдаланиб, гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш, озиқ-овқат инфляциясини жиловлаш чора-тадбирлари белгилангани ҳам инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан диққатга сазовор.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган залворли вазифалар маҳаллий раҳбарлар фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳоли билан очиқ мулоқотда бўлиш, ҳар бир муаммони жойида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Зотан, вазифалар — залворли, ижро иштиёқи — баланд.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари