Жума 03-Январ 2025-yil
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

ЖАҲОН САВДО ТАШКИЛОТИГА АЪЗО БЎЛИШ МАМЛАКАТИМИЗ ИҚТИСОДИЙ САЛОҲИЯТИ ЯНАДА ЮКСАЛИШИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

14.09.2024
284

ЎзЛиДеП Сайловолди дастурида илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича фаол чоралар кўриш ҳисобланади.

ЖСТга аъзо бўлиш асносида мамлакатимиз иқтисодиётининг салоҳиятини янада ошириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан жой олган муҳим мақсадлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жаҳон иқтисодиётининг ажралмас қисми сифатида унга аъзо давлатлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Чунки, бугунги кунда дунёдаги энг йирик ушбу иқтисодий ташкилотга 164 мамлакат аъзо бўлиб, глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 95 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон товар айланмасининг 97 фоизини ушбу давлатларнинг биргаликдаги улуши ташкил этади.

Маълумки, Ўзбекистон 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон савдо ташкилотининг вазирлар йиғилишига қадар аъзоликка эришишни кўзламоқда. Бунинг учун эса миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мослаштириш лозим. Бу, ўз навбатида, юртимиз ҳудуди орқали ўтадиган юк ташувлар ҳажмининг ортишига, давлатнинг қўшимча тўловлар бўйича сарф-харажатларини транспорт логистикаси имкониятларини такомиллаштириш учун йўналтиришга, транспорт қатновлари ҳажмининг кенгайишига ижобий таъсир қилади.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши қонуний ва институционал тузилмаларини халқаро стандартларга мослашганини ифода этади. Ушбу халқаро ташкилот турли давлатлар орасида келиб чиқадиган турли низоларни ҳал қилиш суди орқали бартараф этишга қодир.

Масалан, тадбиркоримиз ЖСТга аъзо бўлган бирор бир давлатга бориб, савдо қилиши жараёнида ноқонуний ҳаракатларга дуч келгудек бўлса ЖСТнинг низоларни ҳал қилувчи судига мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу мамлакатимиз компаниялари ва тадбиркорларининг бошқа давлатларда эркин, қонуний фаолият олиб боришига имкон беради.

Ҳозирги пайтда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини халқаро андозаларга мувофиқлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва такомиллаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони, “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласига киради.

Шуни ҳам таъкидлаш лозим, ўтган қисқа давр оралиғида миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш мақсадида 2023-2024 йиллар давомида 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ҳолда 40 га яқин ҳужжатларни уйғунлаштиришга эришилди. ЖСТга қўшилиш бўйича ишчи гуруҳлар учрашувларининг фаоллашгани натижасида бугунги кунда 30 дан ортиқ давлатлар билан икки томонлама фаол музокаралар олиб борилмоқда, 11 мамлакат билан бозорга кириш бўйича барча шартлар келишиб олинган.

Сайтни янги дизайни ёқдими?