Мақсадимиз аниқ: Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бор куч-қудратимизни аямаймиз
Давлат раҳбари билан ҳар йили бир неча юзлаб тадбиркорларнинг бевосита мулоқоти ва масаланинг жойида ечилиши халқаро амалиётда жуда камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Ўзбекистонда ана шундай жонли ва самимий мулоқотнинг бешинчи маротаба ўтказилганининг иқтисодий, сиёсий, илмий ва ҳуқуқий аҳамияти ниҳоятда улкан.
Барчамиз гувоҳи бўлганимиздек, шу йил 20 август куни Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида иқтисодиётимизнинг таянчи бўлган, катта куч — тадбиркорлар ҳамжамияти учун навбатдаги жуда муҳим имкониятлар ва имтиёзлар эълон қилинди.
“Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойилидан тортиб, Инвестиция кодексини қабул қилишгача бўлган жуда кўплаб янгиликлар минглаб тадбиркорларимиз учун тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу таклиф ва ташаббуслар иқтисодий тараққиётимизнинг навбатдаги босқичининг тизимли масалаларини ечиб берди.
Шу ўринда савол туғилади: хўш, Ўзбекистоннинг саккиз йил аввалги тадбиркори билан бугунги тадбиркорининг фарқи қандай? Аввало, айтиш керакки, ўтган қисқа даврда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда шиддатли ишбилармонлик руҳи уйғонди. Бир вақтлар қўрқув ва саросима билан иш бошлаган тадбиркор бугунги кунга келиб катта куч ва ғайрат, ҳаётбахш илҳом билан бу соҳага қадам қўймоқда. Халқимизнинг эса тадбиркорга меҳри, ишончи ва ҳурмати ошмоқда.
Албатта, бундай натижаларга осонлик билан эришилгани йўқ. Қуйида амалга оширилган тадрижий ислоҳотларнинг энг муҳимларига тўхталиб ўтсак.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа муддатда иқтисодиётнинг молиявий барқарорлашувига эришилгани, институционал ўзгаришлар амалга оширилгани, иқтисодиётнинг замонавий тармоқларига асос солингани, кичик ва ўрта бизнес ривожи кучли туртки берувчи янги механизмларнинг ишга солингани мамлакат иқтисодиётининг қиёфасини ўзгартириб юборди.
Буни 2016 йилда Ўзбекистонда 250 мингта атрофида тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич қарийб 600 мингга етгани мисолида кўриш мумкин. Яъни, сўнгги саккиз йилда тадбиркорлар сони икки ярим баробардан кўпроқ ошди. Бу ўсишнинг асосий сабабларидан бири бизнесга яратилаётган имкониятлардир.
Ортиқча бюрократия ва ҳужжатбозлик барҳам топди. Солиқ турлари қисқартирилди, ставкалар пасайтирилди. Аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниб, яна шунча лицензия рақамлашди. Биргина ўтган йили 16 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, натижада тадбиркорларнинг 350 миллиард сўмлик харажатлари тежалди. Бизнес очиш жараёни қисқа вақт ичида амалга ошириладиган содда тизимга айланди.
Илгари тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишга бир неча кун вақт талаб этилган бўлса, ҳозирги кунда бу жараён тўлиқ электрон шаклга ўтган. Лицензия ва рухсат бериш турлари 2 баробарга қисқартирилиб, 100 дан ортиқ рухсатнома турлари бекор қилинди.
Тадбиркорлар билан мулоқот қилиш тизими тубдан такомиллаштирилди. Президентимизнинг тадбиркорлар билан мулоқоти анъанавий тус олиб, ҳар йилги мулоқот жараёни жуда катта тайёргарлик ва тадбиркорлар олдида турган кўплаб масалаларнинг ечимига хизмат қилмоқда.
Масалан, илк очиқ мулоқотдан буён тадбиркорларнинг 1 мингга яқин ташаббуси қонунчиликка киритилди. Бунинг натижаларини нафақат тадбиркорлар, балки бутун аҳоли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда. Бизнесни “соя”дан чиқариш чоралари натижасида 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди. 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга оширди.
Мамлакатимизда 20 август куни “Тадбиркорлар куни” сифатида белгилангани тадбиркорликнинг давлат ва жамият тараққиётида тутган ўрнини эътироф этиш, уларнинг нуфузини ошириш ҳамда жамиятда тадбиркорлик маданиятини шакллантиришга замин яратмоқда.
Ушбу сана арафасида ҳар йили фаол ва намунавий тадбиркорлар давлат мукофотлари, шу жумладан “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Меҳнат шуҳрати” медали ва “Фаол тадбиркор” кўркак нишонлари билан тақдирланмоқда. Бу эса тадбиркорлик соҳасига бўлган давлат эътиборининг амалий ифодасидир.
Mамлакатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги навбатдаги учрашувининг Янги Тошкентда ўтказилгани ҳам унга ўзгача маъно ва мазмун бахш этди. Чунки Янги Тошкент Президентимиз айтганидек, “ислоҳотларимиз ҳаётда қандай акс этаётганининг яққол исботи, янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги дадил қадамларимизнинг ёрқин тимсоли” бўлиб қолмоқда.
Бизнес учун янги шароитларни яратиб бериш йўлидаги ҳаракатлар бу йил ҳам давом этаётганлигини кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбари томонидан учрашувда давлат улуши бўлмаган корхоналарга экспортда муддати ўтган қарздорлик учун жарима ҳисоблаш ва ундиришга бир йиллик “мораторий” эълон қилиниши, ҳудудларда саноат инфратузилмасини яхшилашга бу йил 1,7 триллион сўм, кейинги йилда эса 2,1 триллион сўм ажратилиши эълон қилинди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон етакчиси бизнес учун, тадбиркорлик учун ниҳоятда катта имкониятлар эшигини очиб бераётганини кўрсатади.
Тадбиркорликка берилаётган бундай эътибор, албатта, натижасини беради. Ўтган саккиз йилда амалга оширилган қаттиқ меҳнат натижаси ўлароқ иқтисодиётимизнинг кўплаб тармоқлари йўқдан бор қилинди. Бу даврда турли соҳаларга 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиарддан ортиғи хорижий сармоя эканлиги амалга оширилган катта меҳнат самарасидир.
Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган прагматик сиёсат туфайли, бу йил биринчи ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,2 фоизга ўсди. Эътиборлиси, Ўзбекистон бундай натижаларга жаҳон иқтисодиёти турли низо ва зиддиятлар туфайли ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда эришмоқда.
Мулоқотда инвестициявий муносабатларни тартибга солиш, сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга шароитлар яратиш бўйича юзлаб ҳужжатлар борлиги, буларнинг ҳаммасини тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунга бирлаштириб, Инвестиция кодексини қабул қилиш вақти келгани урғуланди. Ушбу ташаббус ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларга уйғун ва ҳамоҳангдир.
Мазкур ташаббус партиямиз электорати бўлган минг-минглаб тадбиркорларимизнинг айни дилидаги гап бўлиб, уларга янги куч-ғайрат бағишлади, уларни миллий иқтисодиёт тараққиётида янада фаол бўлишга чорлади. Чунки мазкур ҳужжат инвестиция соҳасидаги барча қоида, кафолат ва тартиб-таомилларни бир тизимга солиб, инвестицияларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Бу оқилона тадбир Ўзбекистонни тадбиркорлар мамлакатига айлантиради.
Ислоҳотлар нафақат сон жиҳатдан ўсишни, балки сифат жиҳатдан ўзгаришларни ҳам таъминлади. Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 55 фоиздан ортиқни ташкил қилмоқда. Хусусий секторда яратилган иш ўринлари сони эса умумий иш ўринларининг қарийб 75 фоизини ташкил этяпти. Шу билан бирга, оилавий бизнес, фермер ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди.
Молия бозори ва валюта сиёсатида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Илгари миллий валюта — сўмни эркин айирбошлаш катта муаммо бўлган бўлса, 2017 йилдан кейин у тўлиқ конвертация қилинди. Бу қадам тадбиркорлар ва инвесторлар учун ишончли муҳит яратиб берди. Банк тизимида электрон хизматлар кенгайди, кредит маҳсулотлари турлари кўпайди, молия операциялари шаффофлашди. Натижада иқтисодиётда очиқлик ва ишонч муҳити пайдо бўлди.
Сўнгги саккиз йил давомида солиқ, бюджет, пул-кредит сиёсати ва бошқа иқтисодий жараёнларни мувофиқлаштиришнинг ҳуқуқий асосларига оид кўплаб янги қонунлар қабул қилинди. Қонун ҳужжатларида чет эллик ишбилармонлар ва инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилди. Уларга Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш, келиб-кетиш ва яшаш шартларини соддалаштиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Мазкур норманинг Бош қомусимизда акс эттирилиши тадбиркор учун қонун ҳужжатларида чеклов қўйилмаган иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида фаолият юритиш имкониятларини кенгайтирди.
Яна бир ҳаётий мисол: солиқ ва бизнес муҳитида жуда катта ўзгаришлар содир бўлди. Бу тизимда ортиқча бюрократия ва ҳужжатбозлик барҳам топди. Солиқ турлари қисқартирилиб, ставкалар пасайтирилди. Бизнес очиш жараёни қисқа вақт ичида амалга ошириладиган содда тизимга айланди. Шу билан бирга, лицензия ва рухсатнома турлари икки баробардан кўпроқ қисқартирилди. Бундай ўзгаришлар тадбиркорлик муҳитини анча енгиллаштирди ва кичик ҳамда ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги улуши сезиларли даражада ортишига олиб келди.
Ўтган даврда саноат ва инфратузилма соҳаларида ҳам янги корхоналар ишга туширилиб, энергетика соҳасида замонавий электр станциялари қурилди. Бугунги кунда Ўзбекистон, нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, балки кимё, машинасозлик ва қурилиш материаллари соҳаларида ҳам экспортчи мамлакатга айланиб бормоқда. Бу эса иқтисодиётнинг тармоқлар бўйича мувозанатли ривожланишидан далолат беради.
Фермерларга экин турини эркин танлаш ҳуқуқи берилди. Агрокластерлар тизими йўлга қўйилиб, мева-сабзавот экспорти икки баробарга ортди. Ердан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишда электрон аукционлар тизими йўлга қўйилди, очиқлик ва самарадорлик таъминланди. Бугун қишлоқ хўжалиги нафақат ички бозор эҳтиёжини қондирмоқда, балки мамлакат иқтисодиётига валюта киритувчи етакчи тармоққа айланди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. 2020 йилдан пахта ва ғаллани етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини жорий этиш орқали давлат монополиясига барҳам берилди.
Инвестиция ва ташқи ҳамкорлик соҳасида ҳам Ўзбекистон халқаро иқтисодий ҳамжамиятда янги мавқеига эга бўлди. Шу даврда турли соҳаларга 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди. Шундан 120 миллиарддан ортиғи – хорижий сармоя эканлиги алоҳида эътиборга моликдир.
Ушбу ўзгаришлар натижаси ва самарасини бугун халқаро ҳамжамият эътироф этмоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистоннинг ўрни 48 поғонага, Гарвард иқтисодий мураккаблик индексида 28 поғонага кўтарилди. 2025 йилда Барқарор тараққиёт индексида Ўзбекистон ўз мавқеини бирданига 19 поғонага яхшилаб, 62 ўринга кўтарилганлиги қайд этилади. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 8-ўрин, кредит олиш имкониятлари бўйича эса 22-ўринни қайд этди.
Булар, албатта, ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Ютуқлар ўтган йиллар давомида амалга оширилган машаққатли меҳнат, қатъий ҳаракатнинг натижаси бўлди. Халқни рози қилишни ўзининг асосий мақсадига, элга-юртга сидқидилдан ҳизмат қилишни энг муҳим вазифасига айлантирган давлатимиз сиёсатини юртдошларимиз ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Халқимизга хос бўлган мана шу якдиллик, бағрикенглик Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришларнинг юқори суръатларда илгарилаб боришига туртки бераётган қудратли кучдир.
Очиқ мулоқотда жуда кўплаб ташаббуслар, имтиёзлар, енгилликлар, янги шароит-имкониятлар тилга олинди. Ўз навбатида, кўтарилган долзарб масалалар, билдирилган ташаббуслар биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бу борада биз қонун ижодкорлиги жараёнига янада жиддий ёндашиб, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган масалалар ечимини қонунларда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари.