Биринчи “Марказий Осиё – ЕИ” саммити
Ўзбекистон раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли кейинги йилларда Марказий Осиёда барқарорлик ва дўстлик муҳити яратилди. Буларнинг барчаси яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган фаол ва прагматик ташқи сиёсатнинг яққол намунасидир. Давлат раҳбарларининг умумий сиёсий иродаси туфайли минтақада барқарор ва ортга қайтмас тус олаётган чуқур ўзгаришлар рўй бермоқда. Ишонч ва яхши қўшничилик мустаҳкамланиб, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация кенгаймоқда.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) мисолида улар ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб олган ҳолда сезиларли даражада мустаҳкамланиб, ҳар икки томон учун ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани яққол сезилмоқда. Буни Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги барқарор ўсиш суръатлари, яъни 2016 йилдаги 2 миллиард доллардан 2024 йилда қарийб 6,5 миллиард долларга етган товар айирбошлаш мисолида ҳам кўриш мумкин. Мамлакатимизда Европа капитали иштирокидаги мингдан ортиқ корхона умумий қиймати 30 миллиард евродан ортиқ сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда.
2024 йил апрель ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ўта муҳим хом ашё материаллари соҳасида стратегик шериклик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган эди. Ушбу келишув ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларини интеграция қилиш, инвестицияларни жалб қилиш ва экологик жиҳатдан барқарор хом ашё манбаларини илгари суришга қаратилган.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларга оид ушбу мисоллар минтақавий ҳамкорлик нечоғлик муҳимлигини кўрсатади. Шунингдек, Европа Иттифоқининг асосий сиёсий ва иқтисодий институтлари раҳбарлари Марказий Осиёда интеграция ва барқарор ривожланиш жараёнларини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Шу нуқтаи назардан, 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Унда Европа Кенгаши Президенти Aнтонио Кошта, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Марказий Осиё давлатлари президентлари, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарлари иштирок этгани тадбирнинг юксак даражадаги нуфузидан дарак беради.
Кун тартибига мувофиқ Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Етакчилар умумий хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда энергетика ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Биз, айниқса, Европа Кенгаши Президенти Aнтонио Коштанинг Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истаги баён этилган сўзларини алоҳида таъкидлашни истардим.
Сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни ошириш, инновациялар, яшил энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданият, туризм, фан, таълим ва бошқа устувор йўналишларда фаол алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда минтақада ҳамкорликда йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиб, уларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция жамғармалари ва компаниялари амал қилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ҳудудлараро товар айирбошлаш ҳажми ортиб, чегараолди савдо зоналари яратилмоқда. Буларнинг барчаси минтақанинг барқарор иқтисодий ривожланишига хизмат қилмоқда. Минтақа ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро алоқалар сезиларли даражада ошгани кузатилмоқда. Охирги етти йилда мамлакатларнинг товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ортиб, 54 миллиард еврони ташкил этди. Самарали ҳамкорлик платформалари ишга туширилди. Барча муҳим йўналишлар бўйича вазирлар йиғилишлари, форум ва саммитлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди. Аввало, сиёсий мулоқотни, кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида қабул қилинаётган ҳужжат қоидаларини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Стратегик шерикликни аниқ қарорлар, лойиҳа ва дастурлар билан бойитиш мақсадида икки минтақамиз ўртасида шериклик ва ҳамкорлик бўйича тўлақонли Битимни имзолаш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Навбатдаги Тошкент инвестиция форуми доирасида икки минтақанинг инвестициявий имкониятларига бағишланган алоҳида сессия ўтказиш ва Европа компаниялари учун Ўзбекистонда Минтақавий саноат парки концепциясини тақдимот қилиш таклиф этилди. Давлатимиз раҳбари шунингдек "яшил" энергетика, инновациялар, транспорт, инфратузилма ва аграр соҳадаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди. Биринчи саммит якунида икки минтақа ўртасида стратегик шериклик ўрнатишни назарда тутувчи Қўшма декларация ва ўта муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация қабул қилинди.
Бу ва бошқа таклиф этилган чора-тадбирлар ҳудудларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур саммит бугун Марказий Осиёда минтақадан ташқаридаги ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш учун зарур шарт-шароит яратилганини яққол кўрсатди. Ишончимиз комилки, мавжуд сиёсий ирода Марказий Осиё ва Европа манфаатлари йўлидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари