Чоршанба 04-Декабр 2024-yil
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Туркий давлатлар ташкилотида кўп қиррали ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

07.11.2024
224

Етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кучайган шароитда, глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олаётганини барчамиз кўриб турипмиз. Бунинг оқибатида зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда. Дунёдаги оғир халқаро вазиятда  минтақавий  ташкилотлар доирасидаги иштирокни  фаоллаштириш масаласи  долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунинг сабаби, улар  миллий  манфаатларни ҳисобга олган ҳолда,  мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг  энг  самарали платформаларини  яратишга  қаратилган. Шу нуқтаи назардан,  Туркий давлатлар ташкилоти  фаолияти эътиборга лойиқдир.

Ташкилотнинг  ҳозирги номи  Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан  2021 йил ноябрь ойида берилган. Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти 160 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган ҳудудларни бирлаштиради. Ташкилотнинг ўзига хослиги ушбу ташкилот  ҳамкорликнинг кўп қиррали йўналишларининг мавжудлигида ифодаланади. Хусусан, Нахичеван Битимининг 2-моддасига кўра, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва сақлаш, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни ҳимоя қилиш,  табиатни муҳофаза қилиш,  маданий, илмий-техникавий, ҳарбий-техник, маърифий,  энергетик, транспрт ва кредит соҳаларида минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни самарали ривожлантириш масалалари  ташкилотнинг  муҳим  мақсад ва вазифалари қаторига киради.

Туркий давлатлар ташкилотининг жозибадорлиги шундаки, Ташкилот  савдо ва инвестициялар учун  қулай шароитлар  яратиш,  божхона ва транзит  тартиб-таомилларини либерлалаштириш ҳамда  фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, туркий халқларнинг маданий ва тарихий меросини оммалаштиришга ёрдам беради.  Ушбу ташкилот  мунтазам  равишда олий даражадаги  учрашувлар ўтказади.

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Унда ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Сиёсат ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позицияни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бу Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар, Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиа, Афғонистондаги ўткир муаммолар мавжудлигига тааллуқлидир.

Шавкат Мирзиёев саммитда  бир қатор устувор масалаларга тўхталиб ўтди.

Аввало, давлатимиз раҳбари ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Шу маънода, Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани қабул қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувларни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, Ўрта йўлак бўйича транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегараларни кесиб ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш яна бир устувор масала сифатида белгиланди.

Саммит якунида Бишкек декларацияси, мамлакатимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор келишувлар қабул қилинди.

Умуман олганда, шуни қайд этиш керакки, Туркий давлатлар ташкилотининг бўлиб ўтган саммити ТДТ  салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аъзо мамлакатларнинг ташаббусларини илгари суриш ва муҳокама қилиш платформаси бўлди, унинг натижалари эса,  туркий халқлар  тараққиёти ва фаровонлиги йўлида  кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг яна бир бошланғич нуқтаси бўлиши шубҳасиз.

Актам ХАИТОВ,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

Сайтни янги дизайни ёқдими?