Янги Ўзбекистон келажагини ёшлар белгилайди
Финляндияда ёшлар учун махсус касбий таълим ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Сингапурда ҳукумат ёшларга инновация ва технологиялар соҳасида маълумот ва кўникмалар олиш учун шахсий тренинг ва стипендиялар тақдим этади.
Германия ўз ёшларига ҳам ўқиб, ҳам ишлари учун дуал таълим тизимини жорий этган. Жанубий Корея ўз ёшларининг бизнес ғояларини “K-Startup Grand Challenge” каби дастурлар орқали қўллаб-қувватлайди. Демоқчи бўлганим, дунёнинг турли давлатларида ёшларни қўллаб-қувватлашга доир қатор ишлар олиб борилмоқда. Лекин таъкидлаш керакки, бу борада Ўзбекистонда эртанги кун эгалари тақдирига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Бутун халқимиз, кенг жамоатчилик яқинда Президентимизнинг Кўксарой қароргоҳида мамлакатимиз ёшлари билан кечган самимий мулоқотини ўзгача ҳаяжон билан кузатди. Гувоҳи бўлганимиздек, учрашувда давлатимиз раҳбари навқирон авлод вакиллари билан чин юракдан суҳбатлашди. Ана очиқлик, эркин мулоқот уларни янада руҳланиб, дадил фикр-мулоҳазалар билдирмоғи учун замин яратди. Кўрдикки, йигит-қизлар мамлакатимизда ўзларига яратилган улкан имкониятлар, халқаро майдонда қатор соҳалар бўйича эришаётган қувончли ютуқларини Президентга қувониб сўзлаш баробарида ўзларини қийнаётган айрим муаммолар хусусида ҳам таклиф-мулоҳазаларини тортинмай баён этишди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг дебочасида шахду шижоати баланд, серғайрат ёшлар билан кўришиб турганлигидан мамнунлигини изҳор этиб, бугун Ўзбекистон чин маънода ёшлар мамлакатига айлангани, аҳолининг 60 фоизини айнан ёш авлод ташкил этиши ҳам бу фикрни тасдиқлашига эътибор қаратди.
Шу боис ҳам “...ёшларимизга ишонганимиз учун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўймоқдамиз, маррани баланд олмоқдамиз. Келгусида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийлар қаердан пайдо бўлади? Бу улкан вазифаларни ким бажаради?
Мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Албатта, бу эзгу ғояларни сизлар – бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари амалга оширасизлар”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари ўз маърузасида.
Дарҳақиқат, ёшларимиз орасида турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётганлари талайгина. Хусусан, бугун дунёнинг “топ” олий ўқув юртларида 1,5 мингдан ортиқ фарзандларимиз таҳсил олмоқда. Шу билан бирга, яқинда БААда ўтган катта форумда Тошкентдаги Президент мактаби халқаро даражада энг нуфузли номинацияга муносиб кўрилгани тарихимизда кузатилмаган воқелик бўлди.
Қарийб беш йилча аввал Сенат ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти жорий этилиб, у ерда ёшлар сиёсий етакчилик, демократия ва парламентаризм мактаби қандай бўлишига амалда гувоҳ бўлдилар. Сўнгги сайловда мана шу ёшларимиздан икки нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари маҳаллий кенгашларга депутат этиб сайланди. Шундан, Қонунчилик палатасига сайланган икки нафар ёш депутатнинг биттаси, 250 нафар вилоят, туман-шаҳар кенгашларига сайланган депутатларнинг 94 нафари O‘zLiDeP вакиллари экани кишини қувонтиради.
Эътиборга молик томони, бугун тизимда ёш депутатларнинг изланувчанлиги ва замонга мос фикрлаши сезилмоқда. Хусусан, депутатлик фаолиятини ташкил этишда мазкур халқ вакиллари ижтимоий тармоқ воситаларидан самарали фойдаланиб, муаммога тез ва осон ечим топмоқда. Қолаверса, бу сайловчилар учун ҳам қулай воситага айланиб бормоқда. Айниқса, “Ёшлар дафтари” орқали ўтган йили 180 минг нафар ёшларга 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилгани, ортда қолган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони қарийб 3 баробарга кўпайиб, бугун жамиятимизда ёш бизнесменларнинг салмоғи салкам 40 фоизни ташкил этаётгани, ишсиз ёшлар сони икки карра камайиб, ишсизликдан холи маҳаллалар сони 1 889 тага етишида ҳам мана шу депутат ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилгани натижаси дейиш мумкин.
Юртбошимиз билан мулоқотда ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келаётгани, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 1 миллион нафарга етиши, ўз навбатида бу давлат ва жамият зиммасига катта масъулият юклашига эътибор қаратилиб, амалдаги тизимни янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди. Қайд этилдики, авваллари олий таълимда 1 та ўрин учун камида 10 нафар йигит-қиз кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олий даргоҳлар сони 3 баробар оширилди. Тизимда қамров 42 фоизга етказилиб, талаба қизлар сони 11 карра кўпайди.
Ўтган 25 йилда давлат ҳисобидан 800 нафар ёшлар хорижга ўқишга юборилган бўлса, бу кўрсаткич биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 3 баробарга кўпайди. Юртимизда ёш олимлар сони 4 357 нафарга етиб, “Ёш китобхон” танловидаги иштирокчилар сони 3 миллион нафарга, “Мутолаа” лойиҳаси орқали 1 миллиондан ортиқ ёшлар китобхонлар қаторига қўшилди.
Шу куни Президент ёшлар тадбиркорлигида янги даврни бошлаб берадиган 3 та ҳужжатга имзо чекканини эълон қилиб, жумладан, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилишини ҳамда ёшларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилиб, уларнинг стартап лойиҳаларига 2 миллиард сўмгача инвестиция киритилишини маълум қилди.
Шунингдек, университет ва институтларни тугатиб иш топишга қийналаётган 90 минг ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида Миллий банкка 100 миллион доллар ресурс берилиши, Алоқабанк ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи ёшлар банкига айлантирилиб, бунга 200 миллион доллар ажратилиши, қолаверса, ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратилиши қайд этилди. Шу билан бирга, 20 нафар ёшни иш билан таъминлаган ЯТТларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилиб, кредитларининг 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилиши қайд этилди.
Бундан ташқари ушбу учрашувда амалга оширилган салмоқли ишлар сарҳисоб қилинди. Таъкидаш ўринлики, ғоят кўтаринки кайфиятда ўтган йиғилишдан сўнг партиямиз фаоллари ва депутатлар билан мазкур тадбир тафсилотларини атрофлича муҳокама қилдик. Сиёсий куч доирасида ёшлар сиёсатини янада бойитиш ва кучайтириш мақсадида йўл харитасини янада бойитдик.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимиз Президенти томонидан ушбу мулоқотда белгилаб берилган устувор вазифалар O‘zLiDePнинг сайловолди дастурида қайд этилган мақсад ва вазифаларга ҳам уйғун, ҳамоҳанг эканлигини алоҳида қайд этишни истардим. Хусусан, ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришга кўмаклашиш йўналишларида тизимли иш олиб бориш, ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш каби долзарб вазифалар ана шу дастурдан ўрин олган.
Бу борада партиямиз Ёшлар қаноти томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатлари мазмунини уларга содда ва қулай услубда тарғиб қилиш мақсадида 31 маротаба “Парламентда ёшлар ўрни” лойиҳаси, 85 маротаба “Ёш сиёсатчилар лигаси” учрашувлари ташкил этилди. Қолаверса, юқори натижаларга эришган тажрибали тадбиркор ва фермерларни ёшларга ўрнак сифатида кўрсатиш ва устоз-шогирд анъанасини тизимли йўлга қўйиш мақсадида 174 маротаба “Ёш тадбиркорлар лигаси”, 26 марта “O‘zLiDePда меҳмонда” ва 164 маротаба “Парламентда менинг ўрним” лойиҳалари ўтказилди. Шу билан бирга, ёшлар интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида 56 марта “Сиёсий мунозара” ёшлар дебат клуби беллашувлари ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида партия аъзолари бўлган тадбиркорлар билан ҳамкорликда 23 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинди.
Қайд этиш жоизки, муҳокамалар давомида Президентимиз ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича белгилаб берган вазифалар, жумладан, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маб лағ ажратилганлигини парламентдаги фракциямиз аъзолари алоҳида қўллаб-қувватладилар.
Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, энди барча тизимдаги раҳбарлар Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ташкил қилувчи ёшлар овозини эшитиши, керак бўлса фаолиятини уларнинг эзгу ғоя ва мақсадларидан келиб чиқиб ташкил қилиши лозим. Чунки ҳар бир раҳбар бугун замонавий дунёда маҳсулот етиштиришдан кўра, кадр етиштирган афзалроқ эканини теран англаши керак. Зеро, яхши мутахассис, фақат яхши маҳсулот етиштирмайди балки, буюк ва қудратли келажак қуради. Айни шу муштарак мақсаддан келиб чиққан ҳолда Янги Ўзбекистон эгаларини тарбиялашимиз, кўтаришимиз ва уларнинг йўлларини очишимиз зарур.
Актам ХАИТОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,
парламентдаги партия фракцияси раҳбари