Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Хусусий сектордаги иш берувчиларни меҳнат қонунчилигидаги ходим олдидаги мажбуриятларини соддалаштириш нима учун зарур?

11.09.2024
1258

7 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг I Конгресси бўлиб ўтди. Конгресс давомида партиянинг сайловолди дастури тасдиқланди. Таъкидлаш жоизки, партия сайловолди дастурида бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилган. Жумладан, партия хусусий сектордаги иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигидаги ходим олдидаги мажбуриятларини соддалаштириш ташаббусини илгари сурмоқда.

Хусусий сектор иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бири ҳисобланади. Бу жабҳада хусусий корхоналар, тадбиркорлар ва турли ширкатлар фаолият юритади. Шу сабабли республикамизда келгуси 2030 йилга қадар давлат корхоналари сонини 6 баробарга қисқартириб, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улушини 85 фоизга етказиш режалаштирилган.

Хусусий сектор кўплаб янги иш ўринлари яратиш орқали иқтисодиётни ривожлантиради. 2023 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами ишга жойлашган ходимлар сони 5,5 млн.ни ташкил этади - давлат ташкилотларида 2,2 млн, хусусий секторда эса 3,3 млн киши банд бўлган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, хусусий сектордаги иш берувчилар учун меҳнат қонунчилигидаги талабларни соддалаштириш ва амалий ечимлар бериш муҳим аҳамиятга эга.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 25-моддасида иш берувчининг 19 та мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган. Қонунчиликдаги мураккаблик ва томонларнинг уни тўғри тушунмаслиги хусусий сектордаги иш берувчилар учун муаммолар туғдирмоқда. Бу мураккабликларни бартараф этиш учун қонунчиликда белгиланган иш берувчининг мажбуриятларини хусусий сектордаги иш берувчилар манфаатлари йўлида соддалаштириш лозим.

Хусусий сектордаги кўпгина иш берувчилар меҳнат қонунчилиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмас. Бу баъзи ҳолатларда қонун бузилишига олиб келиши мумкин.

Кўпинча, хусусий сектордаги иш берувчилар ходимларни ишга қабул қилиш ёки уларни ишдан бўшатишда қонунчиликда белгиланган қийин талабларга дуч келишади. Бу жараённи соддалаштириш хусусий сектор фаолиятини қонун талаблари асосида осонлаштиради.

Хусусий сектордаги кичик ва ўрта корхоналар учун меҳнат хавфсизлиги талаблари мураккаб бўлиб, уни бажариш кўп маблағ талаб қилади. Хавфсизлик стандартларини қайта кўриб чиқиш ва уларни соддалаштириш, айниқса, кичик корхоналар учун қонуний ва ижтимоий жиҳатдан манфаатли бўлган бўлар эди.

Меҳнат қонунчилигидаги ортиқча ва мураккаб талабларни соддалаштириш, уларни замонавий бизнес муҳитига мослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусий секторда меҳнат муносабатларини соддалаштириш учун электрон платформа ва тизимларни ишлаб чиқиш зарур. Масалан, меҳнат шартномаларини электрон шаклда юритиш, иш ҳақини тўлаш тизимларини автоматлаштириш, иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги ҳисоботларни рақамлаштириш лозим.

Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, хусусий сектордаги иш берувчиларни меҳнат қонунчилигидаги ходим олдидаги мажбуриятларини соддалаштириш ҳам иш берувчилар, ҳам ходимлар учун фойдалидир. Меҳнат қонунчилигининг аниқ ва тушунарли бўлиши хусусий секторнинг ривожланишига ҳисса қўшади.

Сайтни янги дизайни ёқдими?