Асосий мезон - сайловчилар розилиги

15.02.2024, 17:33

Асосий мезон - сайловчилар розилиги

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Шуҳрат Асланов ташаббуси билан нефт-газ корхоналари жойлашган Ғузор туманида табиат мусаффолигини сақлаш мақсадида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги ўндан ортиқ мактаб ва  7 та қабристон ҳудудини кўкаламзорлаштириш мақсадида 1 000 тупдан ортиқ дарахт кўчатлари етказиб берилди. “Шўртан газ кимё мажмуаси”га олиб борадиган автомобил йўллари чеккалари, корхона жойлашган ҳудуддаги адирликларда томчилатиб суғориш ускуналари ёрдамида боғлар барпо этилаётир. 

Партиямиз вакилининг ташаббуси ва кўмаги билан Қоракўл, Меҳнатобод, Авғонбоғ, Тенгдош, Қирпачкамар қишлоқлари ҳамда “Аланга” мавзесидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бўлган  8 та оилага ҳам ҳомийлик асосида янги уй-жойлар қуриб берилди.

Тумандаги Дўлтали маҳалла фуқаролар йиғини эски бинода фаолият олиб борганлиги учун шароити ҳам ўзига яраша эди. Мутасаддиларга сўровнома билан чиқилгач, МФЙнинг янги биноси барпо этилди. Маҳаллада 880 та хонадон бўлиб, 4 150 нафар аҳоли истиқомат қилади. Хотин-қизлар болалар боғчаси яроқсиз ҳолга келиб, ўз фаолиятини тўхтатганлиги хусусида депутатга мурожаат қилишган эди. Қисқа фурсатда эски бино бутунлай бузиб ташланиб, жажжи ўғил-қизлар учун замонавий мактабгача таълим муассасаси бунёд бўлиб, 30 та янги иш ўринлари ҳам яратилди.

– Бир замонлар неча марта депутат сайлаган бўлсак, фақат сайлов арафасида бир-икки марта ҳудудларга келганида кўрардик. Қоп-қоп ваъдалар берган мақтанчоқ шу билан қорасини кўрсатмасди. Бугун эса давр ўзгарди. Энди аввалгидек, одамлар ҳам содда эмас. Қуруқ ваъдаларга ишонмайди. Амалий ишига қараб баҳо беради, – дейди  “Гулистон” МФЙ раиси Муҳаммад Бобур Намозхонзода.

 – Шуҳрат Асланов ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди. Чунки у киши тез-тез келиб, одамлар билан мулоқот чоғида билдирилган муаммоларни синчиклаб ўрганади. Кўчаларимиз қишда лой, ёзда тупроқ бўлганлиги учун  ўқувчилар мактабга боришга қийналар эди. Мурожаатимиздан сўнг қисқа фурсатда йўлларга шағал ётқизилиб, равонлаштирилди. Йиғинимиз ҳудудида  1 079 та хонадон бўлиб, 5 826 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кўпчиликнинг тирикчилиги чорвачилик, деҳқончиликдан. Аммо оқова сув йўқлиги боис томорқалар бўш қолиб келаётганди. Депутатимиз саъй-ҳаракати билан замонавий сув насоси ва электр кабеллари олиб берилгач, артезиан қудуғини ишга туширдик. Натижада ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, томорқалар даромад манбаига айланди.

Депутат ташаббуси билан ЎзЛиДеП туман кенгаши, МФЙ фаолларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилган эди. Улар ўтган йил мобайнида 9-Гулистон сайлов округи ҳудудидаги Чугуртма, Файзиобод, Мевазор, Шерали, Даштобод, Янги ҳаёт, Гулистон, Истиқбол, Дўлтали, Тошгузар, Янгикент, Қоракўл, Эшонқудуқ, Тенгдош, Шакарбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги ўн мингдан ортиқ  оилага кириб,  аҳолининг турмуш шароити, бандлиги, ижтимоий аҳволи билан танишдилар. Хонадонма-хонадон юриш орқали аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар аниқланиб, уларнинг бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди. Ногиронлиги бор фуқаролар, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз ва бемор қариялар учун бепул шифокорлар кўриги ташкил этилди. Байрамлар арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, саломатлиги жиддий ёмонлашган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғаси сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари туҳфа этилди.

Айниқса, жисмоний фаолияти чекланган, сурункали хасталикларга чалинган фуқаролар ҳар доим халқ ноибининг эътиборида туради. Ишчи гуруҳи аъзолари ҳашар йўли билан ночор ҳолатдаги фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш, томорқа ерларига ишлов бериш, ҳосилни йиғиштириб олишда кўмаклашиб, уруғлик ва кўчатлар етказиб беришади. Туманда 23 нафар ногиронлиги бор, мустақил ҳаракатлана олмайдиган фуқаролар аниқланиб, уларга ногиронлик аравачалари топширилди. Чугуртма, Файзиобод, Янги ҳаёт, Истиқбол МФЙларда яшаётган аҳолининг мурожаатига асосан ички қишлоқ йўлларига қумшағал аралашмали қопламалар ётқизилди.

– Гуруҳимизнинг ўтган йил якунларига бағишланган йиғилишида Шуҳрат Аслановнинг фаолиятини маҳаллий кенгаш депутатларига намуна сифатида кўрсатдик, – дейди Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Иброҳим Халилов. – Сайловчилар билан мунтазам учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга астойдил ҳаракат қилади.

Сайлов округи ҳудудидаги қишлоқларда яшаётган аҳоли билан доимий мулоқотда бўлади. Эътиборли жиҳати, у киши ўз зиммасида мамлакатимизнинг йирик саноат мажмуасини бошқаришдек улкан масъулият бўлишига қарамасдан, Ғузор туманининг чекка бир қишлоғида умргузаронлик қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар билан учрашишга, ўксик кўнглига ширин сўз билан малҳам бўлиб, ногиронлик аравачаси, озиқовқат маҳсулотлари, байрам совғалари топширишга вақт топа олади.

Депутатлик гуруҳининг “Ўзбекистон-2030”  стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган йиғилишида партиянинг энг фаол вакили Ш.Асланов воҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш асносида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш, табиат муҳофазаси, сувдан тежаб фойдаланиш борасида жўяли фикрларни ўртага ташлади. Айниқса, ёғингарчилик камайиб, оқова сув таъминоти ёмонлашиб бораётган бугунги кунларда Ғузор туманида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда томчилатиб суғориш ускуналаридан самарали фойдаланиш, экологияни яхшилаш мақсадида туманнинг беадад кенгликларига сувсизликка чидамли дарахт кўчатларини ўтқазиш борасидаги амалий таклифлари барча депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йилида вакилимиз яна бир дунё режаларни белгилаб олганига гувоҳмиз. Ўзи сайланган округдаги ҳаётий масалалардан ташқари  ҳар йили таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интегратсияни такомиллаштириш ҳамда талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Карера куни” ва “Бўш иш ўринлари” ярмаркасида иштирок этиш, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан таъсис этилган стипендия соҳибларини тақдирлаш, асосийси, гигант корхона истиқболига хизмат қиладиган билимдон ва иқтидорли кадрлар – битирувчи ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилиш ва яна ўнлаб хайрли ишларга бош-қош бўлишга улгуради.

Сайфулла ИКРОМОВ, “ХХI аср” мухбири

  • Кўрилди
    225
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+