Бухоро ҳунармандчилигининг ривожланиш босқичлари, истиқболли режалар, муаммолар ва таклифлар

24.02.2024, 12:33

Бухоро ҳунармандчилигининг ривожланиш босқичлари, истиқболли режалар, муаммолар ва таклифлар

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгашида партия ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки якуний натижаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда ишчи гуруҳ аъзолари, бухоролик пешқадам ҳунармандлар, соҳанинг ёш вакиллари, бошловчи ҳунарманд аёллар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва масъуллари, вилоят ҳунарманд уюшмаси мутасаддилари  иштирок этдилар.

Давра суҳбатида маҳаллий ҳунармандларнинг шу кунга қадар эришган ютуқлари билан бирга, улар фаолиятига тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар хусусида ҳам сўз борди.

Амалдаги қонунчиликда, Президент Фармон ва қарорларида соҳа ривожига самарали таъсир кўрсатувчи имтиёз ва имкониятлар хусусида атрофлича фикр алмашилди. Партия фаолларининг маҳаллий ҳунармандларга бу борада яқин кўмакчи эканликлари таъкидланди.

- Вилоятимизда бугунги кунда 3 минг нафарга яқин ҳунарманд уюшмасининг аъзоси фаолият кўрсатмоқда, - дейди Бухоро шаҳридаги “Совға устозодаи зардўзон” оилавий корхонаси раҳбари Бахшулло Жумаев. Уларнинг 6,5 минг нафардан иборат тиришқоқ шогирдлари ҳам эндиликда мустақил равишда иш олиб бормоқдалар. Маҳаллий ҳунармандчиликнинг зардўзлик, заргарлик, мис кандакорлиги, кулолчилик, темирчилик, миниатюра санъати сингари 43 тадан иборат йўналишлари маҳаллий аҳоли айниқса, хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳозирги пайтда вилоят бўйича жами 12 та ҳунармандчилик марказлари ташкил этилган бўлиб, уларга ғиждувонлик моҳир кулол Алишер Нарзуллаев, Бухоро туманида фаолият кўрсатаётган Акмал Мухитдинов, вилоят марказида эса Даврон Тошев сингари моҳир ҳунармандлар раҳбарлик қилиб келмоқдалар.

Давра суҳбатида сўз олган Олий Мажлис Сенат ҳузуридаги "Тадбиркор аёллар клуби" раҳбари Мамлакат Содиқова, вилоят ҳунарманд уюшмаси етакчи мутахассиси Зарина Гурбанова, вилоятда ҳунармандчиликнинг каштачилик йўналиши бўйича ўз мактабини яратган Зулайхо Каримова, моҳир дизайнер тўқувчи Мақсад Ҳамроева, бошловчи ҳунармандлардан Бобурмирзо Одамбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Ўз навбатида соҳада бугунги кунда мавжуд бўлган бир қатор муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсияларини бердилар.

Мулоқотда ўрганишлар давомида ҳунармандлар учун ажратиб берилаётган жойлар учун ижара тўловлари нархининг баландлиги, солиқ қонунчилигига оид тартиб-қоидаларга ҳар доим ҳам риоя қилинмаётганлиги, бешиксоз ҳунармандларнинг фаолият кўрсатишларида муҳим ўрин тутадиган хомашё-тол дарахтларидан фойдаланишдаги айрим чекловлар борлиги аниқланганлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда соҳани ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди. Тайёр маҳсулотларда миллий қадрият ва анъаналарни сақлаб қолган ҳолда креатив ёндашиш, онлайн савдоларни йўлга қўйиш, ҳунармандларнинг соҳага оид амалдаги қонунчиликдан хабардорлигини ошириш мақсадида O’zLiDeP ҳамда ҳунарманд уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, семинар–тренинглар ташкил этиш бўйича билдирилган таклифлар тадбир иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Партия ишчи гуруҳларининг вилоятдаги бир қатор долзарб масалаларни жамоатчилик назорати тартиби асосида ўрганиб бораётганликлари соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш имконини бериши билан аҳамиятдир.

  • Кўрилди
    184
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+