Қишлоқ ҳўжалиги суғуртасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди

16.03.2024, 14:40

Қишлоқ ҳўжалиги суғуртасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни кўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги суғуртасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболли омиллари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қишлоқ хўжалиги, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, “Ўзагросуғурта” АЖ ва бошқа суғурта ташкилотлари экспертлари, шунингдек тадбиркор ва фермерлик субъектлари, соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимиз ҳаётида қатор ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу ўз навбатида суғурта хизматларига бўлган эҳтиёж ошишини таъминлаб, суғурта бозорида соғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда.

Мамлакатимизда қишлоқ ҳўжалигини қўллаб-қувватлашда суғурта фаолиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича хизматлар сифати ва кўламини ошириш, уларнинг янги турларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 1 мартдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Йиғилишда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг ижросини самарали ташкил этиш ҳамда соҳа мутахассисларининг масъулиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек йиғилишда жорий йилги давлат дастурида “Қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурталаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича вазифа белгилаб берилганлиги ва лойиҳа бўйича ишлар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди.

Бугун мамлакатимизда 90 минг нафарга яқин фермер хўжаликлари,
500 минг нафардан ортиқ деҳқон ва 5 миллионга яқин ёрдамчи хўжаликлар фаолият кўрсатмоқда. Барча мева-сабзавот маҳсулотларининг қарийб 70 фоизи уларнинг ўз ҳудудларида етиштирилади.

Бундан ташқари, республика бўйлаб интенсив боғлар барпо этиш
ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Шу сабабли, яратилган боғлар, узумзорлар ва экинларни суғурталаш масаласи жуда долзарб ҳисобланади.

Шунинг учун айнан қишлоқ хўжалиги суғуртаси табиий офатлар ва улар туфайли юзага келиши мумкин бўлган зарарни қоплаш кафолатларини бериши муҳимдир. Ушбу муаммоларни олдини олиш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурталаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбатида мазкур қонун лойиҳаси бўйича иштирокчилар ўз фикр ва таклифларини бериб ўтдилар. Қонун лойиҳаси тегишли тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганиб чиқилиши белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    177
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+