Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамкорлигида сезиларли натижаларга эришиш муҳим

23.05.2021, 11:17

Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамкорлигида сезиларли натижаларга эришиш муҳим

Албатта, Президнтимиз Шавкат Мирзиёев 21 май куни видеоанжуман шаклида ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этар экан, бу нуфузли анжуманда Ўзбекистон аниқ ва сезиларли натижаларга эришишни кўзлаётганини таъкидлади. Ҳақиқатда Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигимиз қандай самара бераётгани ҳар бир кишини қизиқтириши табиий. Шу жиҳатдан олганда ўтган даврда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва уни амалга ошириш бўйича уч йиллик Чора-тадбирлар режаси имзоланганини айтиб ўтиш ўринлидир. Бундан ташқари мамлакатимиз вакиллари ЕОИИнинг кўп томонлама тадбирларида иштирок этаётгани, хусусан, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бирлашманинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши йиғилиши ва халқаро “Иннопром” кўргазмаси ўтказилгани ҳам бунга аниқ мисол бўла олади.

Бу галги йиғилишда давлатимиз раҳбари ўз нутқ сўзлар экан, ҳал этилиши ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни талаб этувчи энг муҳим вазифаларга алоҳида тўхталди. Бу борада савдо муносабатларини, шу жумладан тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш чораларини яқинлаштириш орқали янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги, мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ва ҳудудларнинг саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, Евроосиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб ўтди.

Президентимиз транспорт-транзит соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида ўзаро имтиёзларни кенгайтириш, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви ва аҳолини эмлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ҳисобга олиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини қайта тиклаш таклифини ҳам илгари сурди.

Муҳими шундаки, бу Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз томонидан Ўзбекистон манфаатлари учун муҳим бўлган масалалар кўтарилгани ва бу масалалар келгусида мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

***

Ўзбекистон ва ЕОИИ: ҳамкорликнинг

истиқболли йўналишлари

Маълумки, мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ва олдимизда турган устувор вазифалар чуқур таҳлил этилганди.

 Хусусан, мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини ривожлантириш, хорижий мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам урғу берилганди. Жумладан, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олгани, ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилганди.

Евроосиё иқтисодий кенгаши (ЕОИИ) мамлакатлари географик жойлашуви ва тарихий алоқалар нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли савдо шериклари ҳисобланади. Шу сабабли кейинги йилларда республикамизда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада фаоллашди.

Шубҳасиз, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ошаётганлиги, мамлакатимиз ташқи савдо-инвестицион муносабатларда фаол иштирокчига айланиб, минтақада муҳим роль ўйнаб келаётганлиги ўзаро икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг фаоллашишида яққол намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда ҳам мамлакатимиз вакиллари ЕОИИнинг кўп томонлама тадбирларида иштирок этмоқда. Масалан, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бирлашманинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши йиғилиши ва халқаро “Иннопром” кўргазмаси ўтказилгани халқаро иқтисодий алоқалар тизимида мамлакатимизнинг ўрни ва роли ошиб бораётганидан далолатир.

Жорий йил 21 май куни видеоанжуман шаклида ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, унда нутқ сўзлаши чинданда тарихий воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳал этилишини талаб этувчи энг муҳим вазифаларга алоҳида тўхталди. Хусусан, савдо муносабатларини ривожлантириш, шу жумладан тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш чораларини яқинлаштириш орқали янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини билдирди.

Мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ва ҳудудларнинг саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, Евроосиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга эканини айтиб, транспорт-транзит соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида ўзаро имтиёзларни кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви ва аҳолини эмлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ҳисобга олиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини қайта тиклаш таклиф этилди.

Сир эмас, охирги йилларда мамлакатимиз барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш мақсадида иқтисодиётни модернизациялаш, инвестициялар, замонавий технологиялар ва ноу-хауларни жорий қилишга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, янги истиқболли бозорларга чиқиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда мамлакатимизнинг кузатувчи давлат сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликда аниқ ва сезиларли натижаларга эришиши ниҳоятда муҳимдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги сезиларли фаоллашиши бизнинг бошқа давлатлар билан иқтисодий муносабатларимизга таъсир қилмайди. Аксинча, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадини кўзлайдиган ташаббуслар миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, халқларни бирлаштиришга кўмаклашади, мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиради.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    445
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+