Ўзбекистон ва Озарбойжон: азалий ва абадий дўстлик ришталари

25.08.2023, 17:18

Ўзбекистон ва Озарбойжон: азалий ва абадий дўстлик ришталари

Ўзбекистон ва Озарбойжон – тили, анъана ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин мамлакатлар саналади. Бу дўстликнинг илдизлари эса узоқ тарихдан қувват олади. Бугунги кунда қардош ва қондош давлатлар ўртасидаги сиёсий-ижтимоий, маданий, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларнинг жадал ўсиши кузатилмоқда. Озарбойжонда Ўзбекистон автомобилларини йиғиш, ипакчилик ва тўқимачилик кластерлари ташкил этилгани самарали ҳамкорликка мисол бўла олади.

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг прагматик ва истиқболли сиёсати асосан ҳар икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродасига таянади. Давлатларимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ каби қатор нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилади. Бироқ бугунги кунда тобора кучайиб бораётган қарама-қаршиликлар ва олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ҳолатлар ҳисобга олинса, икки томонлама ҳамкорлик энг самарали шерикчилик формати бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Озарбойжон Республикасига амалга оширган расмий ташрифининг тарихий аҳамияти каттадир. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон билан Озарбойжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди. Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар, ташқи сиёсий ва бош қа идоралар, таҳлилий доиралар ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатда ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир драйвери сифатида икки мамлакат ҳудудларининг имкониятлари максимал даражада ишга солинади. Ҳокимлар, маъмуриятлар раҳбарлари янги кооперация лойиҳалари ва гуманитар алмашинувни илгари суриш учун жойларда мунтазам учрашадилар.

Бизнингча, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон – Озарбойжон инвестиция компаниясининг самарали фаолиятини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар. Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Ўрта коридор орқали юк ташишни кўпайтириш, логистика ва портлар инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш биз учун катта қизиқиш уйғотади. Айниқса, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чоралари муҳокама қилиниши айни муддао  бўлди.

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом  Алиев Ўзбекистон Республикаси ва Озарбойжон Республикаси ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолашгани алоҳида таҳсинга сазовордир. Яқин йилларда учинчи мамлакатлардан қиммат импортнинг ўрнини миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлари билан босиш орқали товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлигини мамнуният билан қайд этиш жоиз.

O‘zLiDeP ва “Ени Азербайжан” (“Янги Озарбойжон”) (ПЕА) партиялари орасидаги ҳамкорлик ҳам давлатлараро муносабатларнинг йўналишларидан бири сифатида фаоллашишига ишончимиз комил. Ҳар икки партиянинг ҳам ўз мамлакатларидаги барча ислоҳотларда фаол иштирок этиши бўйича ғоявий қарашлари ғоят ўхшаш. Шундай экан, Ўзбекистон ва Озарбойжон давлатлари раҳбарлари ўртасида имзоланган келишувларни амалга татбиқ этишга ҳар икки партия электорати муносиб ҳисса қўша олади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O‘zLiDeP Сиёсий Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    304
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+