O’zLiDeP вакиллари Андижон туманидаги “ALSAEDA” мономаркази фаолиятини ўрганди

08.08.2022, 17:11

O’zLiDeP вакиллари Андижон туманидаги “ALSAEDA” мономаркази фаолиятини ўрганди

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Хуршидахон Халилова Андижон туманидаги “ALSAEDA” мономарказида бугунги кунда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Андижон туманида “ALSAEDA” мономаркази очилган. Ҳозирги кунда марказга Дилафруз Ғуломова раҳбарлик қилиб келмоқда.

Мазкур марказда ишсиз, банд бўлмаган аҳолини 6 та йўналиш бўйича 10 та касб-ҳунарга ва 1 та хорижий тилларда ўқитиш ташкил қилинган.

Фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган мономарказда шу кунга қадар пазандачилик, уй ҳамширалиги, рус ва инглиз тиллари, компьютер дизайни дастурлари, сартарошлик ва сунъий гуллар ясаш йўналишлари бўйича 1112 нафар тингловчи жалб қилинган бўлса, шундан 700 нафари битириб сертификатни қўлга киритдилар. Буларнинг 114 нафари имтиёзли кредит олиб ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Шунингдек, 86 нафари хотин-қизлар тадбиркорлик қилиш мақсадида кредит олиб фаолият бошлаш истагида, 412 нафар тингловчилар ўқишни давом эттирмоқда. Бундан ташқари марказда нафақат касб-ҳунарга ўқитиш, балки оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга марказ менеджери Гавхарой Хасанова томонидан психологик дарслар мунтазам ўткизиб келинмоқда. 

Халқ вакили марказда тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишар экан, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари учун мономарказга экскурсия ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан биргаликда ишлашни йўлга қўйиш бўйича ҳам таклифлар билдириб ўтилди.

Учрашув давомида O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “ALSAEDA” мономаркази билан ҳамкорликда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳиятини тингловчиларга кенгроқ тушунтириш мақсадида Меморандум тузишга келишиб олинди.

  • Кўрилди
    370
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+