Жарқўрғонда мурожаатларни ҳал этиш кўрсаткичлари нега пасайган?

04.11.2022, 16:32

Жарқўрғонда мурожаатларни ҳал этиш кўрсаткичлари нега пасайган?

Бугунги ахборотлашган замонда аҳолининг мурожаатлари учун ягона онлайн платформа яратилган бўлиб, унда келиб тушган мурожаатларни ягона тизим доирасида рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш ҳамда марказлашган ҳолда «маҳаллабай» мониторинг ва таҳлил қилиш имконияти мавжуд. Бу орқали истаган киши давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг қуйи ташкилотларига турли воситалар орқали тўғридан-тўғри мурожаат қила олади. Демак, манба бор, аммо натижа қандай? Мурожаатлар билан ишлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топиш билан боғлиқ жараён қандай кечаяпти?

O'zLiDeP Жарқўрғон тумани Кенгаши ҳамда депутатлар томонидан ҳудуддаги Халқ қабулхонасида ўтказилган давра суҳбатида айни шу мавзуга тўхталиб ўтилди. Унда Халқ қабулхонаси мудири Ў.Тошбаев ва маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бош мутахасиси Н.Каримовлар мурожаатларни маҳаллабай тизимда ҳал этилаётгани ва шу кунгача қилинган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Айтиш керакки, Жарқўрғон туманидан виртуал қабулхоналар, яъни «Ишонч телефонии», Веб-сайт, Президент почтаси ҳамда Жарқўрғон туман Халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 9286 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 8895 таси кўриб чиқилиб, уларнинг натижалари платформага киритилган. Мурожаатларнинг 3498 таси, яъни 39,3 фоизи ижобий ечимини топган холос. 5397 та, 60,7 фоиз мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат бериш, тушунтириш орқали жавоб берилган.

2021 йилнинг 9 ойлигига таққослайдиган бўлсак, Виртуал қабулхоналар ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар 323 тага камайган бўлса-да, ижобий ҳал қилиш даражаси 22,7 фоизга тушиб кетган.

Албатта, халқни рози қилиш учун ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашув керак. Давра суҳбатида бугун ана шу масъулиятни тўла ҳис қилишимиз лозимлиги, мурожаатларни ҳал этишда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг кўмагига таяниб, бошқа ташкилотлар билан ҳам ҳамкорликда иш олиб борилиши кераклиги таъкидланди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    435
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+