Халқ дарди билан яшаётганлар

14.07.2023, 16:31

Халқ дарди билан яшаётганлар

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз фаолиятлари давомида бор билими ва тажрибасини ишга солиб шу юрт, халқ фаровонлиги учун сафарбар этади. Албатта, инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади.

Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашига O'zLiDePдан сайланган депутат Юсуф Муродовни карманаликлар яхши билади У нафақат камтарин, очиқ кўнгил инсон, балки саховатпеша тадбиркор ҳам. Бугунги кунда Ю.Муродов бошчилик қилаётган ишлаб чиқариш ва савдо корхоналарида 80 нафардан зиёд кишининг бандлиги таъминланган. Юсуф ака “Янги ариқ” маҳалласи ҳудудидан Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайланган. Депутат қисқа муддатда ўз ташаббускорлиги ва ҳаракатчанлиги билан маҳалла аҳлининг ҳурматини қозонди. Унинг саъй-ҳаракати ва тинимсиз равишда туман ҳокимлигини “безовта” қилиши, Халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида ташаббус кўрсатиши боис маҳалланинг 2700 метр масофадаги ички кўчаларига асфальт ётқизиш муаммоси ҳал этилди. Натижада туман ҳокимлиги томонидан 2 миллиард 200 миллион сўмдан зиёдроқ маблағ ажратилди.  

– Маҳалламизда 3700 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Жасур Маҳмудов. – Гарчи маҳалламиз туман марказига яқин ҳудудда жойлашган бўлсада, ички кўчаларимизнинг бирортаси асфальт қилинмаган. Аҳолимиз катта кўчага чиқиши учун ёзда чанг, ёғин-сочинли кунларда эса лой кўчаларда ҳаракатланишига тўғри келарди. Депутатимиз ташаббуси, туман ҳокимининг қўллаб-қувватлаши натижасида кўчаларимиз асфальт қилинмоқда. 700 метр узунликдаги бир кўчамизга бетон қопламаси ётқизилди. Яна бир марказий кўчамиз кенгайтириш мақсадида молиялаштирилмоқда. Айни пайтда айрим кўчаларга чироқлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, 3 кўприк қайта таъмирланиб, маҳалла аҳлининг узоғи яқин бўлди. Депутат ташаббуси билан маҳалладаги ижтимоий соҳа объектларидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Ташаббусли бюджет” га 7-умумтаълим мактабига қўшимча бино қуриш лойиҳаси жойлаштирилган эди. Натижада ўтган йили 1 миллиард 190 миллион сўм маблағ эвазига 100 ўринга мўлжалланган 2-қаватли бино қад ростлади. Жорий йилда мактаб учун ошхона ва фаоллар зали қуриш мақсадида 1,2 миллиард сўм маблағ ютиб олинди. Албатта, бугун юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, барчаси инсон манфаатлари учун хизмат қилмоқда. Маҳалла ҳудудидаги 175 симёғочнинг маънан эскирганлиги учун ҳозирги кунга қадар уларнинг 80 таси бетон таянчларга алмаштирилди.  

Маҳалла аҳолисининг асосий даромади томорқадан келади. Аксарият аҳоли ўз томорқасида иссиқ хона қурган. Бозорга помидор ва бодринг етказиб беришади.  

– Маҳалламизда истиқомат қилувчи Рухсат ая Нуруллаева 4-5 сотих томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, бозорга сотади. Шунингдек, ҳовлисида қорамол боқади. Шунинг орқасидан ўз пешона тери эвазига маблағ йиғиб, Ҳаж амалларини бажариб келди, – дейди маҳалла раиси. 

– Маҳалламизда 799 хонадонда 975 оила истиқомат қилади, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Анвар Нурбеков. – Уйма-уй олиб борилган ўрганишлар натижасида 50 нафарга яқин ишсиз ёшларимизга имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди. Натижада бугунги кунда уларнинг аксарияти иссиқхона фаолиятини йўлга қўйган. Шунингдек, паррандачилик ва тикувчилик билан шуғулланувчи ёшларимизнинг сони ҳам кўпайди. 

Албатта, аҳолининг муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Натижада хонадон соҳибларининг яшаш шароити реал ўрганилиб, янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Аниқланган муаммо ва камчиликларга ечим изланмоқда.  

– Депутатликка сайланганимдан кейин маҳалла аҳолиси билан яқиндан танишиш, уларнинг яшаш шароитини ўрганиш мақсадида бир хонадонга бордим, – дейди Юсуф ака Муродов. – Оиласида 4 нафар ногирони бор. Аммо бирор-бир ташкилотга ёки ҳокимликка ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Учрашувда хонадон соҳибига “Нима ёрдам керак?”, деб сўраганимда, “Нима деб жавоб берди, биласизми?” Менга ёрдам керак эмас. Барчасини ўз меҳнатим билан амаллаяпман. Даромадим ёмон эмас. Етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорга олиб боришда йўлда кўп вақт йўқотяпман. Бу эса маҳсулотлар сифатига таъсир қилмоқда. Шунинг учун кредитга (текинга эмас!) мотоцикль олиб беришга кўмаклашсангиз, деди.  

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси билан ҳужжатларни расмийлаштириб, икки кунда айтган мотоциклини олиб бердик. Дарвоқе, исм-шарифи очиқланмаган қаҳрамонимиз 300 донага яқин 5 литрлик елим идишда қулупнай, халталарга тупроқ солиб, картошка етиштиради. Ҳосилни эса мотоциклига юклаб, бозорга олиб бориб сотади. Ўз меҳнати орқасидан рўзғор тебратиб, мўмайгина даромадга ҳам эга бўлмоқда. 

Яхшилик қилиш ва ўзгаларга кўмак бериш халқимизнинг ўзига хос қадриятларидан. Қадриятларимиз бор бўлсин. Одамлар орасидаги меҳр-оқибат йўқолмасин.  

  • Кўрилди
    466
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+