Хотин-қизларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишлари оширилди

16.02.2024, 16:25

Хотин-қизларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишлари оширилди

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда партия Бухоро шаҳар Кенгаши томонидан тажрибали тадбиркор, партия фаоли раҳбарлик қилаётган “Замин мадад тайёрлов савдо” МЧЖда маҳорат дарси ҳамда “Тадбиркор ва ёшлар учрашуви” ташкил қилинди.

O‘zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, тажрибали тадбиркор Мамлакат Содиқова ёшлар билан мулоқотда тадбиркорликнинг сир-асрорларини тушунтириб берди.

Маҳорат дарсида ёшлар ва аёллар тадбиркорнинг қишлоқ-хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қуритиш ва ишлаб чиқаришдаги иш тажрибаси, эришган ютуқлари ва босиб ўтган ҳаёт йўли билан яқиндан танишдилар. Соҳа юзасидан уларга амалдаги қонунчилик ва уларга киритилган бир қатор ўзгартиришлар, тадбиркорликни бошлаш учун маълумот ва тавсиялар берилди. Шунингдек, тадбиркорликка қизиққан, ҳавасманд талаба қизлар учун “илк қадам” лойиҳалари таништириб ўтилди.

- Бугунги маҳорат дарси давомида аёлларнинг жамиятдаги, ижтимоий-сиёсий ҳамда тадбиркорлик фаолиятидаги ўрни хусусида тушунтиришлар бериб ўтдик, – дейди Мамлакат Содиқова. - Мен ўзим ҳам тадбиркор бўлишимга қарамасдан яна бир қанча масъулиятли лавозимларда фаолият олиб бораман. Бугунги кунда ҳар бир ўзбек аёлининг асосий ишидан ташқари оилавий даромадини ошириши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун юртимизда жуда ҳам кўплаб имкониятлар яратиб берилган. Тадбиримиз давомида талаба қизларни келажакда тадбиркорликнинг ўзларини қизиқтирган йўналиши бўйича фаолиятларини бошлашлари учун етарли мотивация бера олдик, деб ўйлайман.

Тадбиркор бўлиш инсондан кези келганда ғайрату-шижоатни, сабр ва матонатни талаб этади. Бугун давлатимиз томонидан аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга берилаётган эътибор, уларнинг бу борадаги сайъ-ҳаракатларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, O’zLiDePнинг асосий вазифаси ҳам тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Учрашув якунида ёшларга партиянинг аъзолик гувоҳномаси топширилди.

  • Кўрилди
    159
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+