O’zLiDeP ишчи гуруҳи аъзолари ҳунармандчилик марказлари фаолиятини ўрганяпти

24.02.2024, 11:57

O’zLiDeP ишчи гуруҳи аъзолари ҳунармандчилик марказлари фаолиятини ўрганяпти

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хусусан ҳунармандларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш, уларни зарур хомашё ва молиявий ресурслар билан узлуксиз таъминлаш, ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилиш учун инфратузилма яратиш ва бозорларни кенгайтириш ҳамда аҳолини ҳунармандчиликка кенг жалб этиш мақсадида 2023 йил 12 июнда қабул қилинган “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бухоролик соҳа ходимлари фаолиятини ҳам янги босқичга кўтариш, уларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

O’zLiDePдан маҳалий Кенгаш депутатлигига сайланган халқ вакиллари, партия фаоллари ва масъулларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари белгиланган режага биноан вилоятдаги бир қатор турдош, жумладан, оилавий ва хусусий корхоналар фаолияти билан танишишга киришдилар. Дастлабки ўрганишлар Бухоро шаҳридаги “Совға устозодаи зардўзон” оилавий корхонаси фаолияти билан танишишдан бошланди.

Пешқадам ҳунармандлардан бири Бахшулло Жумаев раҳбарлигидаги ушбу оилавий ҳунармандчилик корхонаси 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда зардўзи чопонлар, бир қатор рўзғор буюмлари, жумладан, зардўзи дастурхон, жойнамоз, елпиғичлар ва ҳоказолар ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар маҳаллий ва хорижий сайёҳларга катта қизиқиш уйғотмоқда.

Яқинда Хитой пойтахти Пекинда ўтказилган ҳунармандчилик кўргазмасида ҳам “Совға устозодаи зардўзон” оилавий корхонасида тайёрланган зардўзлик маҳсулотларининг юқори баҳоланганлиги аҳил жамоанинг самарали меҳнати эътирофидир.

Ишчи гуруҳи аъзолари корхона раҳбари Б.Жумаев билан ўтказилган суҳбат давомида ушбу масканда устоз-шогирд анъанаси ҳам бардавом эканлигига, моҳир зардўзнинг кўплаб иқтидорли шогирдлари бугунги кунда мустақил равишда фаолият олиб бораётганлигига амин бўлдилар.

Ўрганишлар чоғида ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Ҳунармандларга бериладиган хоналар учун тўланадиган ижара нархларининг қимматлиги, бу ўз навбатида уларнинг талаб даражасида фаолият олиб боришларига қийинчилик туғдирмоқда.

Ана шундай муаммолардан яна бири бешиксозлар фаолиятига таалуқли бўлиб, улар тол дарахтларидан тегишли ташкилотларининг рухсатисиз ўз эҳтиёжларига кўра фойдалана олишмаяпти.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро туманидаги “Нақшбанд” ҳунармандчилик маркази иш фаолияти билан ҳам танишиб, унинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирдилар. 2021 йилда ташкил этилган ушбу ҳунармандчилик маркази асосан 3 та бинодан иборат бўлиб, биринчи бинода тасвирий санъат музейи, ресторан ҳамда сайёҳлар учун меҳмонхона ўрин эгаллаган бўлса, иккинчи бинодан Бухоро қадимий ипак қоғози, каштачилик-сўзаначилик намуналари, сомондан тасвирий санъат асарлари тайёрланадиган цехлар, учинчи бинодан эса ёғоч ўймакорлиги устахонаси ўрин эгаллаган. Ушбу масканда корхона раҳбари Акмал Мухитдинов бошчилигида 30 дан ортиқ ёшлар ҳунармандчилик касби сир асрорларини ўрганмоқдалар. Марказда шунингдек, тош ўймакорлиги, хаттотлик, миниатюра ҳунармандчилиги бўйича ҳам ўқув курслари ташкил этилган.

Ишчи гуруҳининг ўрганишлари вилоят миқёсида давом этмоқда.

  • Кўрилди
    1247
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+