Яккабоғликлар ўз депутатидан миннатдор

26.02.2024, 22:02

Яккабоғликлар ўз депутатидан миннатдор

Халқ депутатлари Яккабоғ туман кенгаши депутати Наргиза Саломова  сайлов округидаги фуқароларнинг мурожаатлари асосида ҳудуддаги қатор муаммоларни синчиклаб ўрганиб, мақбул ечимларини топиб келмоқда.  

Жамбул маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчанинг 2 километр масофадаги йўллари шағал тўкиб, равонлаштирилди. 1 км қисми эса сифатли асфальт қилинди. 77-мактаб педагогик жамоасининг мурожаатидан сўнг, мактаб биносининг иситиш тизими газлаштирилди. Маҳаллада кўчаларидаги  бутунлай яроқсиз ҳолатга келиб қолган симёғочлар янгиларига алмаштирилди. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан маҳаллада 25 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасаси ишга туширилди.

  Гулистон МФЙ ҳудудидаги Нимтуда қишлоғи Қизилдарё ёқасида жойлашган. Баҳорги сел тошқинлари емириши оқибатида дарё ўзани аҳоли хонадонларига жуда яқин келиб қолган эди. Қишлоқ оқсоқоллари  депутатдан ёрдам сўраб келишди. У эса мутасадди идораларга сўровномалар билан чиқиб, қисқа фурсатда дарё ёқасида жойлашган уйларда яшаётган аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли корхона ва ҳомийлар кўмагида ҳимоя зоналари ва иншоатлар қурилишга эришди.  Айни пайтда гулистонликлар депутатни дуо қилганча, бехавотир ўз маконларида умргузаронлик қилмоқдалар.

- Наргиза қизимиз фаоллиги билан барча хотин-қизларга ўрнак бўлиб келмоқда,- дейди фахрий ўқитувчи Шарофат опа Саидова. – Туманнинг қайси гўшасида тадбир ўтказилса, албатта, қатнашади ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, бандлигини таъминлаш, ҳаётини бахтли қилиш мавзуида маърузалар қилади. Унинг ташаббуси чекка қишлоқларда яшовчи хотин-қизларга тикувчилик, каштачилик, зардўзлик, тўқувчилик, пазандачилик, уй ҳамшираси, компьютер саводхонлиги, замонавий элита пардалар тикиш, гиламчилик, сартарошлик каби қатор касб-ҳунарларни ўргатиш мақсадида “SITORA IMKON PLYUS” нодавлат таълим муассасасини ташкил этилган эди. Ҳозирга қадар бу ерда 100 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган,  200 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар ва ёшларнинг замон талабига мос йўналишларда касб-хунарга ўргатилиб, улар қалбида келгуси нурли ҳаётга  бўлган умид чироғи ёқилди. Биз яккабоғиклар Наргиза қизимиаздан жуда-жуда миннатдормиз. Қанийди ана шундай фаол ва жонкуяр депутатларимиз кўпайса. 

            Саховат бобида ҳам депутат аёлга тенг келадигани йўқ. Хотин-қизлар ўртасида спортнинг бир нечта турлари бўйича мусобақалар ташкил этиб, ғолибларни ўз ҳисобидан рағбатлантиради. 46 нафар умумтаълим ва касб-ҳунар мактабларининг фаол ўқувчилари учун стипендия ташкил этган.  Яқинда кўзи ожиз инсонларнинг савод чиқариши учун бўртиқ нуқталарга асосланган махсус Брайль алифбосини ўрганаётган ногиронларнинг ҳолидан хабар олиб, совғалар топширди. Кам таъминланган 8 та оила фарзандларини олий ўқув юртларига ўқиши учун контракт тўловини ўтказиб берган. Саховат уйида яшовчи Шамсиев Хусайн бувани кўз операциясини  ўтказиш учун зарур харажатлар тўлаб берилган. Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Мухтасар қилиб айтганда, Наргиза Саломова фидоийлиги, меҳнатсеварлиги, жонкуярлиги билан вилоят фаоллари орасида ҳурмат – эътибор қозониш баробарида, туман аҳлининг дуосини олиб кам бўлмаяпти.  

  • Кўрилди
    168
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+