Маҳалла хотин-қизларига томорқачиликнинг сир-асрорлари ўргатилди

06.03.2024, 12:42

Маҳалла хотин-қизларига томорқачиликнинг  сир-асрорлари ўргатилди

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Ёшлар ва бизнес тузилмалар билан ишлаш бўлими ҳамда Қарши туман кенгаши ҳамкорлигида Ертепа маҳалласида “Энг намунали деҳқон хўжалиги” лойиҳаси доирасида  томорқа ва деҳқон хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини оширишга қаратилган семинар ўтказилди.

Тадбирда туман кенгаши депутати Руҳиддин Бердиев, туман кенгаши раиснинг биринчи ўринбосари Феруза Мустаева, МФЙ раиси Бибисора Бегнаева ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси Раҳматилла Чўлиевлар юртимизда томорқа маданиятини шакллантириш, уни қўшимча даромад манбаига айлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилаётганлиги, бугун аксарият юртдошларимиз томорқа оила учун ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи эканлигини англаган ҳолда ерлардан самарали фойдаланилаётганликлари, баҳорги экиш ишларини тезкорлик билан амалга ошириш, томорқанинг ҳар қарич ерини бўш қўймаслик, хонадонларда паррандачилик, деҳқончилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида  батафсил сўзладилар.

Тадбир иштирокчилари ертепалик оилавий тадбиркор Ўғилой  Эргашева хонадонида бўлишиб, томорқа ерларидан қай даражада самарали фойдаланаётганлигини кўздан кечирдилар. Хонадон соҳибаси маҳалладаги энг ташаббускор аёллардан саналади. Ҳар йили икки юздан ортиқ, 20 турдаги мевали дарахт кўчатлари етиштириб, маҳалладошларига сотади. Кам таъминланган, боқувчисиз оилалар ҳамда ногирони бор оилаларга бепул туҳфа этади.  Шунингдек, хонадонида папая меваси, лимон, мандарин каби цитрус мевалар ҳам парвариш қилинмоқда. Бу оилада 15 нафар киши иш билан таъминланган.

- Ер билан тиллашиб, ноз-неъматлар етиштириш бизга отамерос, -дейди у. –Ёшлигимизда ҳовлимизда турли савзавот гуллар етиштирардик. Бугун ҳам томорқамизда бир қарич ҳам бўш жойни кўрмайсиз. Даромадимиз ёмон эмас. Олинган фойда эвазига уйлар кўтараяпмиз, тўйлар қилаяпмиз.  Халқимиз дастурхонига цитрус мевалар, бодринг, помидор, турли кўкатлар етказиб бермоқдамиз. Бизнинг маҳалламиздаги қай бир хонадонга кирманг, барчасининг ҳовлисида турли деҳқончилик маҳсулотлари етиштирилмоқда.  Иссиқхоналарда етиштирилган помидор, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари  билан йил давомида бозорларни таъминлаймиз. Бозордан мевалар сотиб олмаймиз. Шохидан узиб ейишнинг ўзгача гашти бор. Болалардан ортса, бозорга чиқарамиз. Меҳнатингнинг самарасини кўрганингда барча чарчоқларинг унутилади, эл-юртга нафи тегаётганлигидан фахрланасан киши.           

Тадбир сўнгида бир гуруҳ  хотин-қизларга партия тарғибот материаллари ва эсдалик совғалари топширилди. 

 

  • Кўрилди
    190
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+