Нишонда картошкачилик ривожланмоқда

27.04.2024, 16:03

Нишонда картошкачилик ривожланмоқда

Илгари нишонликлар картошкани бозордан сотиб олишарди. Туман ерларида картошка етиштириб бўлмайди, деган гап бор эди одамлар орасида. Шу боис картошка экишга ҳеч ким журъат эта олмасди.  Мана етти йилдирки, нишонликлар томорқаларида картошка экишни  бошлаб юбордилар. Орзу бўстони маҳалласида яшовчи фуқароларнинг ташаббуслари ўз самарасини берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Нишон туманидаги Орзу бўстони маҳалла аҳолисининг томорқачилик тажрибаси билан танишди. Шерзод Жумаев картошкачиликда эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.

- Аввалига ярим сотих майдонда картошка экиб, синаб кўрдим, - дейди Шерзод Жумаев. – Дастлабки йил уруғ танлашда адашган эканман. Ҳосил яхши бўлмади. Лекин аҳдимдан қайтмадим. Кейинги йили 1 сотих майдонга сифатли уруғлик топиб, экдим. Бугунги кунда 4 сотих майдонга “Оризона” навидан экканман. Ниҳолларнинг ривожи яхши, битта ярим гуллай бошлади. Каттагина даромаддан умидим бор. Келгусида каттароқ майдонда деҳқончилик қилишни мўлжаллаб турибман. Энг муҳими, бизда ҳам картошка етиштирса буларкан. Маҳалладошларим мендан ўрнак олишиб, картошкачиликни йўлга қўйишди. Даромад яхши, ҳеч ким қилган меҳнатига куйгани йўқ. Аксинча рўзғорлари фаровон бўлиб, янги-янги уй, тўйлар қилишаяпти. Чори Нурматов, Бакир Исмоилов, Алёр Абдурасуловлар деҳқончиликни ҳадисини олган томорқачилар ҳисобланишади. Кўпчилик мендан картошка етиштириш борасида сабоқ олишиб, ер билан тиллашишни бошлаб юбордилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда тумандаги Орзу бекати, Юксалиш, Пахтаобод ва Жалажин қишлоқларида деҳқончилик қилиб, яхшигина даромад топаётган оилалар сони анчагина. Алишер Йўлдошев 3,5 сотих майдонда картошка, 1,5 сотих ерда помидор етиштириб келмоқда. Шоҳзамон Михлиев оиласи 2,5 сотих майдондаги иссиқхонасида  лимон, мандарин, апелсин кўчатлари етиштириб, йилига ўттиз миллион сўм даромад қилмоқда.  Кўчатлар қўшни туманлардаги иссиқхоначиларга ҳам етказиб берилаяпти.

 

  • Кўрилди
    147
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+