Хитой элчиси билан учрашув

08.05.2024, 19:36

Хитой элчиси билан учрашув

2024 йил 7 май куни ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида хорижий мамлакатлар билан партиялараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича уставда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги  Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Чжицзюн, Элчихонанинг сиёсат бўлими бошлиғи Ван Эмэнь ва Элчихона атташеси Цю Синкай билан  учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Хитой билан кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб келганлиги ва шундай бўлиб қолиши таъкидланди.  Ҳар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барқарор юқори динамикани кўрсатган ҳолда, ўз тарихида энг яхши даврни бошдан кечирмоқда. Буларнинг барчаси давлатлар раҳбарларининг юқори даражадаги ишончли мулоқоти ва мунтазам учрашувлари  самарасидир. Бу борада ЎзЛиДеП ва Хитой Коммунистик партияси ўртасидаги алоқалар  Ўзбекистон-Хитой  муносабатларини  муайян партиялараро  мазмун билан  бойитиш механизми вазифасини ўтайди.

Хусусан, бўлиб ўтган учрашувда жорий йилнинг май ойида А. Хаитов бошчилигидаги ЎзЛиДеП вакиллик делегациясининг Хитойга амалга оширадиган ташрифининг ташкилий масалалари муҳокама қилинди. ЎзЛиДеП ташрифи якунлари  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг январь ойида  Хитой Халқ Республикасига  давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Учрашувда Элчи жаноблари шу кунларда  бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумига юқори баҳо берди.  Тадбир доирасида  умумий қиймати 26,6 млрд долларлик  келишувларга эришилди. Хусусан, Хитойнинг “Shanghai Knud International” компанияси билан Наманган вилоятида  қиймати 205 млн. долларга тенг тўқимачилик ва  тикувчилик маҳсулотларини  ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан  келишувга эришилди.

Учрашув якунида Хитой Халқ Республикасининг камбағалликка қарши курашиш ва аграр секторни ривожлантириш тажрибаси муҳокама қилинди. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси Раиси Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги  салоҳияти, озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари ҳамда бу борада Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мулоқотнинг истиқболли йўналишларига эътибор қаратди.

Учрашув  конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.

  • Кўрилди
    204
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+