Сабр-бардош ва фидойилик тимсоли

09.05.2024, 13:21

Сабр-бардош ва фидойилик тимсоли

Хотира- мангудир

Зокирова Холида момо! Бу номни андижонлик  таълим тизими фахрийлари яхши танийдилар. Салкам бир асрлик умр кўрган  момо, мана, икки йилдирки, орамизда йўқ.

Қаҳатчилик, қатағонлик йиллари, уруш, ундан кейинги тикланиш, турғунлик, мустабид давр ва мустақиллик йилларини кўрган момо, тинчлик-осойишталикни қадрига етиб яшаш, бугунги кун учун шукрона    билан яшашни  фарзандлари, набираларига доимо  эслатар эди.

Холида момо асли 1925 йилла Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. Отаси илми-зиё аҳлидан бўлгани учун уни беш фарзанди билан  Қизил Ўрдага қатағон қилишган. Улар давр тақозоси билан  10 йил мусофирчиликда умргузаронлик қилганлар. Очлик, етишмовчилик, қийинчилик  туфайли оиланинг тўрт нафар аъзоси қизамиқ касаллигидан вафот этишган. Ёшгина Холида  бу воқеаларни ўз кўзи билан кўриб, тақдир ёзуғига кўникди.

 Улар ота-онаси билан 1939 йилда Тошкентга қайтишади. У ҳаётда ўз ўрнини топиш мақсадида 9 ойлик  ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқиб,  Тошкент шаҳридаги бир неча мактабларда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб иш бошлади. Она юртга қайтган кезлари, не  кўргуликки, уруш бошланиб кетди. Ўша даврда муаллим опа халқнинг виждонига айланган кишиларидан бири сифатида тан олинди. Мактабда ҳар куни болаларга 2 буханка нон берилар эди.  Уни мактабда  “Нон тарқатувчи” этиб тайинлашганди. У отасиз-онасиз, ночор  болаларни бирдек кўриб, ҳалоллик билан нон тарқатар, ҳатто ҳар кунги буханканинг ушоғини ҳам болаларга навбат билан  берар эди. У озодалик ва саломатлик тарафдори сифатида устара, соқич олиб бориб, эътибордан четда қолган, ота-она қаровисиз қолган болаларни сочларини ўзи олиб,  ўзи ювиб, ўриб ораста қилиб қўяр эди. Бу ҳолатни кўрган мактаб директорига :”Бу болаларнинг оталари урушда, оналари уззу кун далада, меҳнатда, қўли тегмаётгандир, бу болаларга ғамхўрлик қилишимиз керак”,  - деб тушунтирар эди.

 Муаллима опанинг турмуш ўртоғи Убайдулла ака узоқ йиллар суд тизимида ишлаганлиги учун,  Қашқадарё, кейинчалик Андижон вилоятига келиб яшадилар. Ҳолида момо турмуш ўртоғи қаерда бўлса, ўша ерда бўлиб, мусофирчиликка ва ҳар қандай шароитга кўникиб, сабр-бардош тимсоли бўлиб ҳамюртларимиз хотираларида қолди.  Ўзининг одамийлиги, самимийлиги ва жонкуярлиги ва талабчанлиги билан кўпчиликнинг ҳурматини қозонди.

 1941 йилдан 1998 йилгача  ёшларга таълим-тарбия бериб, пенсия чиқди. Умри давомида не-не синовларни, кўргуликларни,  йўқчилиг-у  тўқчилик кунларни кўрди. Барчани  хуш ният, умид ва ишонч билан енгиб ўтди. Касбини яхши кўрганлигидан декрет таътили давридан ҳам уйда ўтирмай, мактабда болалар даврасида таълим-тарбия бериш билан ўтказди. 8 нафар фарзандни тарбиялаб, элга қўшди.  Меҳнат фаолияти давомида жамоат ишларида фаол бўлди. Шанбалик,  хайрия  хашарлари,  ободончилик  тадбирларида доимо ёшларнинг раҳнамоси сифатида  ҳудуддаги “Мирпўстин ота” қабристонига  чиқиб, тозалаш, супириб-сидириш, гул ва кўчатлар экиш  ишларида барчага ибрат кўрсатди.Ўзининг одамийлиги, кичиккўнгиллиги ва меҳнатсеварлиги билан маҳалланинг,   катта-кичикнинг дуосини олди. Касбига бўлган садоқати, меҳр-муҳаббати туфайли меҳнатлари давлатимиз томонидан  муносиб тақдирланди. Меҳнат фахрийси, касбининг фидойиси сифатида кўплаб орден-медаллар, шунингдек, 1994 йилда “Шуҳрат” медалига  сазовор бўлди. У  ҳалоллиги ва фидойилиги туфайли ҳамиша эл-юрт ардоғига сазовор бўлди.

Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг, у фарзандларига суяниб қолди. Бир нафар қизининг касаллик туфайли оламдан ўтиши унинг қаддини букиб қўйди. Онахон дардларини ичига ютиб,   аламини яна меҳнатдан олди.

  • Одам тафтини одам олади” – дея доимо одамлар, қўни қўшни, жамоат орасида бўлишга интиларди. Касбини жуда севар эди”- дейди биз билан суҳбатда ўғли, собиқ Ички ишлар капитани Зиёдулло Зуфаров.

 Ёшлик, навқиронлик йиллари қийинчиликларда кечган бўлса-да,  Ҳолида момонинг кексалик, умр поёнидаги дамлари чиройли, файзли кечди. Ҳалол, сермашаққат кечган умрнинг мукофоти шу бўлса керак. 2022 йили Холида момо оламдан ўтди. Сабр-бардош ва  фидойилик тимсолига айланган Холида момо бугун  ҳаёт бўлганларида 100 баҳорни қаршилаган бўларди. Ҳаёт бор экан, туғилмоқ бор, ўлмоқ бор. Аммо инсон шундай яшаши керакки, у ўлганида ҳам унинг ёдини эзгу амаллар ва яхши хотиралар билан эслашга лойиқ ва  арзулик бўлсин. Холида момодек аёлларнинг ҳаёти ибрат, сўзлари ҳикматдир.

                                    ЎзЛиДеП Андижон вилоят Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    277
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+