Муаммолар аниқ, ечимлар-чи?

07.03.2024, 10:21

Муаммолар аниқ, ечимлар-чи?

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида ижтимоий соҳани, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юрак-қон томир, эндокринологик, онкологик касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болалар ўлимини сезиларли равишда камайтириш борасида давлат муассасалари ҳамда  хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш, кичик бизнес субъектларига имтиёзлар бериш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан хусусий тиббиёт тизимида мавжуд муаммоларни аниқлаш, энг муҳими, уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида партиянинг ҳудудий ва туман (шаҳар) кенгашлари қошида ишчи гуруҳлар тузилган. Хусусан, Наманганда фаолият кўрсатаётган ана шундай ишчи гуруҳ томонидан 18-25 февраль кунлари ўрганиш олиб борилди.

Аввалдан тасдиқланган саволнома асосида ўтказилган ўрганиш давомида тўпланган таҳлилий маълумотлар атрофлича таҳлил қилинди. Уларни  тизимли равишда бартараф этиш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ана шу муҳим масалалар ечимининг муҳокамасига бағишланди.

Партия вилоят кенгаши раиси, депутатлик гуруҳи раҳбари Солижон Мўминов олиб борган йиғилишда таъкидланганидек, ҳудудда соғлиқни сақлаш соҳасида 500 дан ортиқ хусусий клиника, шифохона ва дорихоналар  аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Ишчи гуруҳлар бу субъектлардан 342 тасининг фаолиятини кўриб чиқди. Ишчи гуруҳларнинг ўрганиш натижалари умумлаштирилган ҳолда йигирмага яқин таклиф ишлаб чиқилди.

Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган, жумладан, юридик шахслар томонидан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган тиббий асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун субсидиялар ажратиш, хусусий тиббиёт муассасаларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, хусусий клиника фаолиятини йўлга қўяётган тадбиркорлар учун имтиёзли кредит ажратиш, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисидаги низомга, харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида сотиш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов ахборот берди. У ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш якунларида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, хусусий секторни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилди.

Йиғилишда депутатлик гуруҳи аъзоларидан Наргиза Муҳаммадиева, Дилбар Ҳошимова ва бошқалар ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан депутатлик гурҳининг қарори қабул қилинди.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,

O‘zLiDeP Наманган вилоят кенгаши фаоли

  • Кўрилди
    201
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+